Ҳамроқулова Наргиза Комил қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бухоро воҳаси шўрланган тупроқлар шароитида соя навлари сув алмашинув физиологияси ва маҳсулдорлик даражасини баҳолаш», 03.00.07 - Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2022.2.PhD/В746.
Илмий раҳбар: Норбоева Умида Тоштемировна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.B.72.02.
Расмий оппонентлар: Халилов Насриддин, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Жумаев Фарход Ҳожиқурбонович, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Бухоро воҳасининг шўрланмаган, ўртача ва ўртача-кучли даражада шўрланган тупроқ-иқлим шароитида (Глиcине ҳиспида Махим) маҳаллий ва хорижий соя навлари сув алмашинувнинг физиологик, биокимёвий ва маҳсулдорлик даражасини илмий асослашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Бухоро вилоятининг шўрланмаган, ўртача ва ўртача-кучли шўрланган тупроқлар шароитида соя навлари сув алмашинувининг физиологик хусусиятлари ҳамда сув алмашинув жадаллигига боғлиқ ҳолда маҳсулдорлик даражаси навлар кесимида баҳоланган;
шўрланмаган, ўртача ва ўртача-кучли шўрланган тупроқлар шароитида турли соя навларининг сув алмашинуви жараёни билан бевосита боғлиқ кўрсаткичлар - транспирация жадаллиги, барглардаги умумий сув миқдори, баргларнинг кундузги ва қолдиқ сув танқислиги, ҳужайраларнинг тургоцентлик даражаси, барг тўқималарининг осмотик босими, ҳужайра ширасининг қуюқлик ва протоплазманинг қовушқоқлик даражаси, боғланган сув миқдори асосланган;
турли соя навларининг айрим физиологик ва биокимёвий кўрсаткичлари- албуминлар ва хлорофилл пигментлари миқдори, фотосинтез ва нафас олиш жадаллигини шўрланмаган, ўртача ва ўртача-кучли шўрланган тупроқлар шароитида аниқланган;
шўрланмаган, ўртача ва ўртача-кучли шўрланган тупроқлар шароитида -турли соя навларининг маҳсулдорлик ва шўрга чидамлилик даражасини баҳолаш мақсадида навларнинг ўсиш жадаллиги, барг сатҳининг кенгайиши, фотосинтез соф маҳсулдорлиги ва ҳосил салмоғи навлар кесимида қиёсий очиб берилган;
шўр стрессига чидамлилик даражаси паст бўлган Нафис ва Весточка навларини шўрланмаган ёки кучсиз шўрланган, чидамлилик даражаси юқори бўлган Ойжамол ва Словия навларини эса шўрланмаган, кучсиз ўртача-кучли даражада шўрланган ҳудудларга экиш орқали юқори ҳосил олиш мумкинлиги исботланган;
шўрланмаган ҳамда ўртача ва ўртача- кучли даражада шўрланган тупроқлар шароитида соянинг маҳаллий ва хорижий навларини етиштириш ҳамда агротехнологик имкониятларини ошириш мақсадида физиологик ва биокимёвий чидамлилик асосида навларга шўр стрессининг таъсир даражалари асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бухоро воҳаси шўрланган тупроқлар шароитида соя навлари сув алмашинув физиологияси ва маҳсулдорлик даражасини баҳолаш бўйича олинган натижалар асосида:
шўрланмаган, ўртача ва кучли даражада шўрланган тупроқ-иқлим шароитида (Глиcине ҳиспида Махим) маҳаллий ва хорижий соя навлари сув алмашинувининг физиологик, биокимёвий ва маҳсулдорлик даражасини асослаш бўйича тавсиялар Жондор тумани “Машҳура-Муножот” фермер хўжалигида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 12 ноябрдаги 05/06-02-976- сон маълумотномаси). Натижада, шўр стрессига чидамлилик ва мослашиш даражаси юқори бўлган Ойжамол ва Словия навлари ҳосил салмоғини бошқа навларга нисбатан 15-20 фоизга ошириш имконини берган;
шўр стрессига чидамлилик даражаси паст бўлган “Нафис” ва “Весточка” навларини шўрланмаган ёки ўртача шўрланган тупроқларда, чидамлилик даражаси юқори бўлган “Ойжамол” ва “Словия” навларини эса ўртача ва кучли даражада шўрланган ҳудудларга экиш Жондор ўрмон Агросервис фермер хўжалиги амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2024 йил 12 ноябрдаги 05/06-02-976-сон маълумотномаси). Натижада, стрессга чидамлилик даражаси паст бўлган Нафис, Виктория ва Весточка навларини шўрланмаган ёки ўртача шўрланган ҳудудларга экиш ҳисобига ҳосил салмоғини 5-10 фоизга оширишга эришилган.