Умарали Хабибулла ўғли Гулматовнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар:
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистон Республикасида транспорт сиёсати (1991 – 2023-йиллар)”. 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақами: В2024.02.PhD / Tar1083
Илмий раҳбар: Анорой Зайниддиновна Тоғаева, тарих фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фанлар академияси Тарих институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса, ИК рақами: Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти. DSc.02/30.12.2019. Tar.56.01.
Расмий оппонентлар: Раҳбар Хамидовна Муртазаева, тарих фанлари доктори, профессор;
Ойбек Бектемирович Абдимўминов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикасида 1991 – 2023-йилларда транспорт тизимини борадасиги давлат сиёсати ва унинг натижалари, транспорт инфратузилмаси билан боғлиқ ўзгаришларни темир йўл, автомобил ва ҳаво транспорти мисолида очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
совет давлатининг транспорт сиёсатида соҳа фаолиятининг режали иқтисодиёт ва маъмурий буйруқбозлик тизими асосида ички имконият ҳамда аҳоли эҳтиёжларини эътиборга олмасдан ташкил этилганлиги, ташқи транспорт алоқаларини мустақил амалга оширишда республика имкониятларининг қатъий чекланганлиги, СССР парчаланиши хўжалик алоқаларининг бутунлай узилишига олиб келганлиги каби ҳолатлар оқибатида мустақиллик арафасида транспорт тизими таназзул ҳолатига келиб қолганлиги асосланган;
1991 – 2016-йилларда республика транспорт соҳасидаги ислоҳотлар тизимни қайта шакллантириш билан бир қаторда, уларнинг амалиётида йўл қўйилган камчиликлар (монопол ҳуқуқнинг сақланиб қолгани, темир йўл ва авиация транспортида хусусийлаштириш жараёнига етарлича эътибор берилмагани, ажратилган маблағларнинг ўринли сарфланмагани, тармоқни модернизациялашнинг талаб даражасидан ортда қолиши) оқибатида ўтказилган ислоҳотлар етарлича натижа бермаганлиги аниқланган;
сўнгги йилларда миллий автомобил саноати бошқаруви билан боғлиқ монопол ҳуқуқнинг бартараф этилиши натижасида транспорт воситаларини харид қилишда бож солиқларининг камайтирилиши, “яшил транспорт” сиёсати сабабли аҳолининг арзон ва сифатли автомобилларга эга бўлиш имконияти кенгайганлиги, ёқилғининг тежалиши, транспорт воситаларининг табиий муҳитга зарарини олдини олиниши каби натижаларга эришилгани далилланган;
2017 ¬– 2023-йилларда амалга оширилган ислоҳотларда соҳада ягона бошқарув механизмини ташкил этиш, транспорт тармоқлари фаолиятини мувофиқлаштириш, тизимни тартибга солиш ва ривожлантириш мақсадида хусусийлаштириш жараёнини эркинлаштириш, монопол ҳуқуқни чеклаш ҳамда халқаро лойиҳаларни амалга оширишга эътибор қаратилаётганлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Мавзу юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
Совет даврида Ўзбекистон транспортининг фаолияти, шу жараёнда вужудга келган қатор муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг оқибатлари, мустақилликка эришилгач, республика транспорт тизимини ривожлантиришга доир давлат сиёсати, унинг сиёсий, ҳуқуқий ва иқтисодий асослари яратилганлиги, янги йўналишларнинг барпо этилиши, тармоқ инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, темир йўлларнинг электрлаштирилиши, янги локомотивлар ва вагонларнинг олиб келиниши, янги вокзаллар, аэропортлар қуриш, мавжудларини эса қайта таъмирлаш каби ислоҳотлар мазкур йўналишни ривожлантиришга хизмат қилганлигига оид маълумотлардан Ўзбекистон темир йўллари АЖ кенгаши томонидан ишлаб чиқилган қўлланма ва технологик тавсияларда, шунингдек, аҳолининг, АЖ раҳбарлари ва аъзоларининг ҳамда соҳа ходимларининг билим ва кўникмаларини ошириш учун ташкил этилган ўқув курслари дастурларида фойдаланилган (“Ўзбекистон темир йўллари аксионерлик жамиятининг 2024-йил 18-сентябрдаги 07/3713-24-сонли маълумотномаси). Мазкур маълумотлар транспорт соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсати ва натижаларининг ижобий жиҳатларини кўрсатиб беришга хизмат қилган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида республиканинг транспорт тизимида юритилган давлат сиёсати, соҳада амалга оширилган янгиланишлар, тармоқда эришилган ютуқлар ва камчиликлар ҳамда темир йўл ва авиация транспортида монопол ҳуқуқнинг сақланиб қолиши хусусийлаштириш жараёнига салбий таъсир этганлиги, қонунларни бажаришда сусткашликларга йўл қўйилиши, коррупсия каби муаммолар оқибатида ўтказилган ислоҳотлар етарлича натижа бермаганлиги борасидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Замонлар оша” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 24-майдаги 02-31-665-сонли маълумотномаси). Олинган натижалар телетомошабинларнинг Ўзбекистонда транапорт сиёсати тарихига оид билимларини бойитишга хизмат қилган.
Диссертация ишидаги Ўзбекистонда автомобил транспортининг мустақилликкача бўлган аҳволи ва мустақиллик йилларида ривожлантирилиши, янги йўлларининг қурилиши, моддий-техник базани узлюксиз янгилаб борилиши, соҳани юқори малакали кадрлар билан таъминлаш ҳамда уларни қайта тайёрлаш, Ўзбекистоннинг халқаро транспорт лойиҳаларида автомобил транспортининг аҳамиятини кўрсатиб бериш, миллий автомобил саноати бошқаруви билан боғлиқ монопол ҳуқуқнинг бартараф этилиши, транспорт воситаларини харид қилишда бож солиқларининг камайтирилиши, “яшил транспорт” сиёсати сабабли аҳолининг арзон ва сифатли автомобилларга эга бўлиш имконияти кенгайганлиги, ёқилғининг тежалиши борасидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Замонлар оша” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 24-майдаги 02-31-665-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари транспорт соҳасини ривожлантириш ҳолати ва муаммоларига оид маълумотларни кенг жамоатчиликка тақдим этишга хизмат қилган.
Янги Ўзбекистон даврида транспорт соҳасида ўтказилган ислоҳотлар, ягона бошқарув органи – Транспорт вазирлигининг ташкил топиши, етук кадрлар тайёрловчи муассаса – Транспорт университетига асос солиниши, тармоқда якка иқтисодий фаолиятнинг чекланиши, “яшил транспорт” сиёсатининг олиб борилиши ҳақидаги маълумотлардан “Ўзбекистон тарихи” телеканалида эфирга узатилган “Замонлар оша” кўрсатуви ссенарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг 2024-йил 24-майдаги 02-31-665-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари телетомошабинларнинг Ўзбекистонда транапорт тизимида ўтказилган ислоҳотларга доир билимларини бойитишга хизмат қилган.