Sayt test rejimida ishlamoqda

КЕНЖАЕВ Фарход Икрам ўғлининг  
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
“Истиқлол даври ўзбек романларида Жалолиддин Мангуберди образининг бадиий талқинлари”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2022.2.PhD/Fil2444.
Диссертация бажарилган муассаса номи: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти.
Илмий раҳбар: Ҳамдамов Улуғбек Абдувохобович, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фолклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Жабборов Нурбой Абдулҳакимович, филология фанлари доктори, профессор;
Ҳамрақулов Аъзамжон Шермухаммадович, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Истиқлол даври ўзбек романларида тарихий шахслар образини яратишнинг бадиий такомили, хусусан, Жалолиддин Мангуберди образининг талқинлари ва ўзига хосликлари, ёзувчиларнинг тарихий асарларида характер яратиш маҳорати, ижодкорлар услуби ва эпик тасвирдаги янгича ёндашувлар, тарихий ҳақиқат ҳамда бадиий талқин масалаларининг ўзбек адабиёти ривожидаги ўрни ва аҳамиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Жалолиддин Мангуберди сиймосининг бадиий талқинлари ўзбек адабиётида илк марта тизимли равишда ўрганилиб, тарихий роман жанридаги эстетик ёндашувлар, образ яратиш тамойиллари илмий-назарий жиҳатдан очиб берилган;
замонавий ўзбек насрида тарихий образ яратиш тажрибалари асосида унинг бадиий генезиси аниқланган, ўзбек тарихий романчилиги тараққиёти тамойиллари белгиланган, Жалолиддин Мангуберди образининг миллий ва универсал қаҳрамон сифатида намоён бўлиши далилланган;
тарихий романларда сюжет қурилиши, конфликтнинг намоён бўлиш хусусиятлари, бадиий деталининг аҳамияти ҳамда алоҳида маъно англатиши, асар композициясини яратишда мавжуд тарихий романлар тажрибасидан кенг фойдаланганлиги, тарихий факт бузилмаган ҳолда бадиийлик устунлик қилиши асосланган;
Жалолиддин образининг турли хил қиёфалари яратилганлиги, образнинг эпик, драматик ва лирик турда ифодаланишида эмоционал-экспрессивлик касб этиши, образ яратишда жанр имкониятлари ҳамда бадиий ифода воситаларининг ўрни, турли халқлар адабиётида Жалолиддин образининг акс эттирилиши кўрсатиб берилган.
Василий Яннинг Жалолиддин Мангуберди қаҳрамонликларига бағишланган (На крыльях мужества) “Мардлик қанотларида” номли қиссаси ва Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Мажма ул-фусаҳо” тазкирасида Султон Жалолиддин Мангуберди қаламига мансуб форс тилидаги рубоий мавжудлиги аниқланиб, илмий далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
 “Истиқлол даври ўзбек романларида Жалолиддин Мангуберди образининг бадиий талқинлари” тадқиқот иши бўйича олинган илмий натижалардан:
истиқлол даври ўзбек тарихий романларида образнинг тарихий ҳақиқат ва бадиий тўқима уйғунлигидаги ифодаси; тарихий шахс сиймосини яратишда жанр ва поетик маҳорат тамойиллари; ёзувчиларнинг образ орқали миллий ғурур, маънавият ва ахлоқий қадриятларни ёритишдаги ҳиссасига оид хулосалардан ЎзР Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган ФА-Ф1-005 “Қорақалпоқ фолклоршунослиги ва адабиётшунослиги тарихини тадқиқ этиш” (2017-2020) фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг 2024-йил 18-ноябрдаги 536/1-сон маълумотномаси). Натижада истиқлол даври ўзбек романчилигига доир илмий мулоҳазалар, тарихий шахс сиймосини яратишда жанр ва поетик маҳорат тамойиллари ҳақидаги назарий қарашлар янада бойитилган;
мустақиллик даври ўзбек романларида  Жалолиддин Мангуберди образининг бадиий талқинлари, миллий ўзлик ва тарихий қадриятларни ифодалаш тамойиллари ҳамда тарихий романчиликдаги янги услубий ёндашувлар ҳақидаги назарий масалалар ҳақидаги хулосалардан ЎзР Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими вазирлиги, Нукус давлат педагогика институти томонидан бажарилган ДГУ14919 ва ДГУ14918 “Адабий ўқиш (10-синф Ўзбек тили дарслиги асосида)”, “Адабий ўқиш (11-синф Ўзбек тили дарслиги асосида)” (2021-2022-йй) инновацион лойиҳасида фойдаланилган (Нукус давлат педагогика институтининг 01-20-09/2243-сон маълумотномаси). Натижада истиқлол даври ўзбек романларида образ яратиш тамойилларининг бадиий адабиётга таъсири, янги манбаларнинг юзага келиши ва уларнинг романларда тарихий шахс образини тасвирлашда самарали қўлланилиши масалалари ёритилганлиги, тарихий шахс образларини ифодалашда ёзувчиларнинг ижодий ёндашувларини аниқлаш ҳамда тарихий манбалар ва бадиий тўқиманинг ўзаро боғлиқлиги асосидаги мулоҳазалар муҳим хулосалар чиқариш имконини берган; 
истиқлол даврида Жалолиддин Мангуберди образининг миллий ғурур ва ўзликни тараннум этувчи бадиий қиёфа сифатида тасвирланиши, тарихий шахснинг ватанпарварлик фазилатлари ўқувчига яқин бадиий услубларда ёритилгани, ўтмиш воқеаларининг бугунги кун билан боғланиши асарлар мазмунини янада бойитгани ҳақидаги илмий хулосаларидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Хоразм” телеканалида эфирга узатилган “Ассалом Хоразм” кўрсатувининг ссенарийсини ёзишда фойдаланилган (Хоразм миллий телерадиоканалининг 2024-йил 5-декабрдаги 1051-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабинларнинг истиқлол даври ўзбек тарихий романчилигида тарихий образларнинг янгича талқини ва мазмуний ўзгаришлари юзасидан билимлари бойишига, тасаввурлари кенгайишига эришилган; 
Жалолиддин Мангуберди образининг мустақиллик даври ўзбек романларида бадиий ифодаланиши, миллий ўзлик ва тарихий қадриятларни ёритиш тамойиллари, истиқлол даври тарихий романчиликдаги янги услубий ёндашувлар бўйича олиб борилган таҳлиллардан “Бедорлик” ва “Адабий жараён” эшиттиришларда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2024-йил 25-ноябрдаги 04-36-1216-сон маълумотномаси). Натижада эшиттиришларнинг  илмий-маърифий жиҳатдан салоҳияти ортишига, бадиий адабиётнинг тарбия воситаси сифатидаги аҳамиятини очиб беришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish