Юлдашев Шерали Нуралиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I.Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): “Бола савдоси учун жавобгарликни такомиллаштириш”, 12.00.08–“Жиноят ҳуқуқи. Жиноят-ижроия ҳуқуқи” ихтисослиги (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2022.3.PhD/Yu811
Илмий раҳбар: Рустамбаев Мирзаюсуп Хакимович, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети, DSc.32/30.12.2020.Yu.74.01 қошидаги Илмий кенгаш
Расмий оппонентлар: Тахиров Фарход, юридик фанлар доктори, профессор; Тошпўлатов Акром Икрамович, юридик фанлар доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Судялар Олий Кенгаши ҳузуридаги Судялар Олий мактаби. Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади бола савдоси учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III.Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
муқаддам, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ҳар қандай жинсий жиноятлар содир этган шахсларни жазо чорасидан, судланганлик ҳолатидан қатъий назар боланинг эркинлиги ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш, болага нисбатан жинсий ёки жисмоний тажоввузларни олдини олиш мақсадида болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш лозимлиги асослантирилган;
бола савдоси ва уни эксплуатасия қилинишини олдини олишнинг чораси сифатида зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартибини йўлга қўйиш ва ордер бериш орқали болани ҳуқуқий ҳимоялаш зарурияти асослантирилган;
болани чет давлат ҳудудида назорациз қолдириш жинояти аниқланган пайтдан бошлаб, ўттиз сутка ичида, қаровсиз қолдирилган боланинг Ўзбекистон ҳудудига қайтарилиши ушбу жиноят учун белгиланган жавобгарликдан озод қилишнинг асоси бўлиши хусусида жиноят-ҳуқуқий норманинг белгиланиши болаларнинг одам савдоси жинояти қурбонига айланиб қолиш ҳолатларини камайтиришнинг энг самарали усули эканлиги асослантирилган;
халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этган қоидалари асосида болани зўравонликдан ҳимоя қилиш ва болалар савдосини хорижий давлат ҳудудида чеклаш зарурати сабабли болаларни хорижий давлатларда ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи ёҳуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан назорациз қолдирганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш зарурияти асослантирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Тадқиқот иши бўйича олинган натижаларидан қуйидагиларда фойдаланилган:
муқаддам ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан ҳар қандай жинсий жиноятлар содир этган шахсларни жазо чорасидан, судланганлик ҳолатидан қатъий назар болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланишини тақиқлаш лозимлиги тўғрисидаги таклифидан 2023-йил 11-апрелдаги Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Қонуннинг 7-моддаси 2-банди 1-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўринбосарининг 2024-йил 18-мартдаги
№ 02-07/148-сонли далолатномаси). Мазкур таклифни қабул қилиниши бола савдосини олдини олиш ва уларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чораларини такомиллаштиришга ҳуқуқий жиҳатдан хизмат қилади;
бола савдоси ва уни эксплуатация қилинишини олдини олишнинг чораси сифатида зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш ва болани ҳуқуқий ҳимоялаш механизмини йўлга қўйиш тўғрисидаги таклифлардан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонун лойиҳаси”ни ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 22-февралдаги № 01/қ-08-28-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши болани эксплуатация қилиш, уларни зўравонликдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш, боланинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф солувчи омилларни аниқлашга хизмат қилади;
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига эга бўлган ва чет давлат ҳудудида қаровсиз қолдирилган ва бола савдоси қурбони бўлиши мумкин бўлган болани суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтарилишини таъминламаслик учун жиноий жавобгарлик белгилаш борасидаги таклифлардан, 2023-йил 15-мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-823-сонли Қонуннинг 1-моддасини шакллантиришда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 22-февралдаги № 01/қ-08-28-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши бола савдосини олдини олишга ва назорациз болани чет элда шундай турдаги жиноятлар қурбонига айланишини олдини олишга хизмат қилади;
болаларни хорижий давлатларда назорациз қолдирганлик учун жиноий-ҳуқуқий жиҳатдан чеклаш (криминализация) лозимлиги борасидаги таклифлардан, 2023-йил 15-мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-823-сонли Қонуннинг 1-моддасини шакллантиришда фойдаланилган. (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Парламент тадқиқотлари институтининг 2024-йил 22-февралдаги № 01/қ-08-28-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши болани ота, она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс томонидан чет давлат ҳудудида назорациз қолдиришини ва ўз ўрнида бола савдоси ҳамда уни эксплуатация қилинишини олдини олиш учун хизмат қилади;
боланинг ҳаётига, соғлиғига ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятлар ҳақида хабар келиб тушганда, иш натижасидан қатъий назар бу ҳақда Болалар омбудсманини хабардор қилиш ҳақидаги таклифидан Ўзбекистон Республикасининг 2024-йил 29-февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги 917-сон Қонунининг 36-моддаси 1-хатбошисини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2024-йил 15-мартдаги № 20 сонли далолатномаси). Ушбу таклифнинг жорий этилиши болани ҳар қандай эксплуатация қилиш ва бола савдоси билан боғлиқ хабарлар асосида мавжуд ҳолатни назорат қилиш ҳамда қонунийликни таъминланишига ҳуқуқий жиҳатдан хизмат қилади.