Мелиев Фарход Фаттоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи): “Гистологик тасвирларга дастлабки ишлов бериш ва таниб олиш алгоритмлари”, 05.01.11- Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/Т4876
Илмий раҳбар: Мирзаев Номаз Мирзаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти.
Илмий кенгаш фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, Илмий кенгаш рақами: Рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти, DSc.13/30.12.2021.Т.142.01.
Расмий оппонентлар: Ташев Азат Арипович – Қозоғистон Республикаси фан ва олий таълим вазирлиги, Фан қўмитаси, Ахборот ва ҳисоблаш технологиялари институти,бош илмий ходим, техника фанлари доктори, профессор;
Тўхтасинов Мумтозали – Наманган муҳандислик-қурилиш институти, “Ахборот тизимлари ва технологиялари” кафедраси доценти, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади гистологик тасвирларни таҳлил қилиш имкониятини берувчи модел ва алгоритмларни ишлаб чиқиш, такомиллаштириш ва улар асосида ташхис қўйишни қўллаб қуватловчи дастурий мажмуани ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
тасвирни таҳлил қилиш орқали адаптив ҳисобланадиган радиус асосида Роллинг Балл алгоритми такомиллаштирилган ва БМ3Д филтрининг шовқин даражасини белгиловчи параметри қийматини автоматик ҳисоблаш алгоритми ишлаб чиқилган;
гистологик тасвирларни сегментлаш асосида морфометрик кўрсаткичларни аниқлаш алгоритми ишлаб чиқилган;
ҲОГ усулидан фойдаланиб ажратилган белгиларни, сегментациялаш натижасида ажратилган соҳаларнинг морфометрик кўрсатгичлари билан бирлаштириб, белгилар векторини ҳосил қилиш ёндашуви таклиф этилган;
нейрон тармоқ архитектураси асосида гистологик тасвирларни таснифлаш моделлари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Гистологик тасвирларларга дастлабки ишлов бериш, уларни таҳлил қилиш ва таснифлашнинг мавжуд ва таклиф этилган модел ва алгоритмларини қўллаб яратилган дастурий мажмуа асосида:
такомиллаштирилган Роллинг балл алгоритми ва БМ3Д филтрини автоматик ҳисобланган параметр қиймати билан қўллаш асосида гистологик тасвирлар сифатини яхшилаш ва уларда мавжуд соҳаларни ажратиш, сонини ва морфометрик кўрсаткичларини аниқлаш имкониятини берувчи дастурий мажмуа Самарқанд вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг Паталогик анатомия бўлимида жорий қилинган (Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2024 йил 26 декабрдаги 07-07/1052-сонли маʼлумотномаси). Илмий-тадқиқот натижасида беморлардан олинган гистологик тасвирларнинг морфометрик кўрсаткичларни тезда аниқлаш, турли ўсмаларнинг агрессивлигини башорат қилиш ва даволаш стратегиясини танлаш енгиллашди ва иш унумдорлиги 1.15 баробарга, ҳамда ташхис қўйиш аниқлигини 10% га ошириш имконини яратилди;
гистологик тасвирлардан белгиларни ажратиш усуллари ва уларни таснифлаш моделлари асосида яратилган дастурий мажмуа Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалининг Гистология бўлимига жорий этилди (Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2024 йил 26 декабрдаги 07-07/1052-сонли маʼлумотномаси). Илмий-тадқиқот натижаси беморларда ўпка саратонига ташхис қўйишда иш унумдорлигини 1.2 баробарга ҳамда ташхис қўйиш аниқлигини 11%га ошириш имконини берди;
гистологик тасвирлар сифатини ошириш, улардаги соҳаларнинг морфометрик кўрсатгичларини аниқлаш ва ўпка онкологик касаллигини ташхислаш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа Самарқанд шаҳридаги "СаоМед" хусусий тиббиёт шифохонаси лабораториясида жорий қилинган (Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2024 йил 26 декабрдаги 07-07/1052-сонли маʼлумотномаси). Илмий-тадқиқот натижасида беморлардан олинган гистологик микропрепаратларнинг морфометрик кўрсаткичларини тезда аниқлаш, турли ўсмаларнинг агрессивлигини башорат қилиш ва даволаш стратегиясини танлаш енгиллашди ва иш унумдорлиги 1.15 баробарга, ҳамда ташхис қўйиш аниқлиги 10% га оширилди.