Жуманиёзов Жалолбек Одилбековичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Хоразм воҳаси шароитида илдизпояли доривор ўсимликларнинг биоэкологияси», 06.03.03 - Доривор ўсимликлар интродукцияси, етиштириш технологияси ва агрофармоэкологияси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.PhD/В807.
Илмий раҳбар: Тўхтаев Бобоқул Ёрқулович, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Хоразм Маъмун академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети ҳузуридаги DSc.05/29.04.2022.Qx.13.04 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Хожиматов Олимжон Каххорович, биология фанлари доктори, профессор; Бердибаева Дилфуза Базарбаевна, биология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Хоразм воҳасининг иқлим ва тупроқ шароитида илдизпояли доривор ўсимликларнинг биоэкологик (биомелиоратив аспектлари асосида) хусусиятларини аниқлаш ва оналик плантацияларни ташкил этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Хоразм воҳасининг иқлим ва тупроқ шароитида Glycyrrhiza glabra L., Rubia tinctorum L. ва Mentha piperita L. лар илдизпояларининг кўкарувчанлиги мос равишда – 95,6%, 85,6%, 94,3% ҳамда сақланувчанлиги - 97,4%, 89,8%, 87,4% ни ташкил этиши аниқланган;
ўсимликларнинг 3 вегетация йилида кўчатлар сони Glycyrrhiza glabra L. – 1,57; Rubia tinctorum L. – 2,15; Mentha piperita L. – 2,09 мартага ошганлиги ва барг сатҳининг кенгайиши Glycyrrhiza glabra L. – 6,33; Rubia tinctorum L. – 4,01; Mentha piperita L. – 3,83 мартага катталашиши аниқланган;
Хоразм воҳасининг шўрланган тупроқ шароитида силлиқ ширинмия ва қалампир ялпиз мосланиш жараёнидаги биоэкологик хусусиятларининг чидамлилик кўрсаткичи бўйича шкалага асосан ўртача 95 ва 90 балл билан ўта истиқболли ва бўёқдор рўян 85 балл билан истиқболли ўсимлик сифатида баҳоланган;
илдизпояли доривор ўсимликларнинг асосий таъсир этувчи моддалари сифатида, силлиқ ширинмия илдиз ва илдизпояси таркибида глицирризин кислотаси – 13,1%, бўёқдор рўян илдизи ва илдизпояси таркибида рубиадин-глюкозиди – 0,43% ва қалампир ялпиз ер устки қисми хом-ашёсидаги эфир мойлари таркибида умумий ментол миқдори ўртача 49,4% бўлиши аниқланган;
уч вегетация йили давомида силлиқ ширинмия, бўёқдор рўян ва қалампир ялпиз экилган майдонда тупроқ таркиби тупроқнинг юқори (0-10 см ёки 10-20) қатламида шўрланиш миқдори ўртача 0,17-0,03% га камайиши, унумдорлик (гумус) миқдори эса ўртача 0,16-0,09% га ошиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Хоразм воҳасининг шўрланган ерларида илдизпояли доривор ўсимликларнинг биоэкологик хусусиятларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Glycyrrhiza glabra L. илдизпоя қаламчаларидан экиш ишланмаси Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани “Ота Ваис Юсуф” фермер хўжалигининг 1,7 гектар ер майдонида жорий қилинган (Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2023 йил 28 августдаги 01/03-1706-сонли маълумотномаси). Натижада, силлиқ ширинмиянинг ер устки биомассаси 2020 йилда – 18,7 ц/га, 2021 йилда 46,1 ц/га ва 2022 йилда 51,6 ц/га ни ташкил қилиб, 2020-2022 йиллар мобайнида жами пичан ҳосилидан – 116,4 ц/га, ўртача 38,8 ц/га натижага эришиш имконини берган;
Rubia tinctorum L. ва Menthae piperita L. илдизпоя қаламчаларидан экиш техналогияси Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани “Мангу ҳаёт” фермер хўжалигининг жами 2,0 га ер майдонида (0,9 гектар ер майдонида бўёқдор рўян – Rubia tinctorum L. ва 1,1 гектар ер майдонида қалампир ялпиз – Menthae piperita L.) жорий қилинган (Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2024 йил 24 июндаги 01/03-1167-сонли маълумотномаси). Натижада, тажриба майдонида ўртача уч йилда, яъни, 2021-2023 йилларда бўёқдор рўян ўсимлигининг умумий илдиз ҳосилдорлиги – 26,0 ц/га, қалампир ялпизнинг барг ҳосилдорлиги 2021 йилда ўртача 1,2 т/га ни, 2022 йилда 1,5 т/га ва 2023 йилда 1,8 т/га эканлиги қайд қилиниб, ўртача уч йилда умумий барг ҳосилдорлигини – 4,5 т/га бўлиш имконини берган.