Хакимова Дилафруз Йўлдошбой қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ферроқотишмалар ишлаб чиқаришда қўллаш учун марганецли рудаларга физик-кимёвий усуллар билан ишлов бериш орқали марганецли композицион концентратларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 05.02.01 - Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.PhD/T5021.
Илмий раҳбарлар: Негматов Сайибжон Садикович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Пирматов Рашид Хусанович, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК, DSc.03/30.12.2019.К/Т.03.01.
Расмий оппонентлар: Толибов Бегзод Иброхимович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Бердиёров Бахриддин Тиловқабулович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ферроқотишмалар ишлаб чиқаришда қўллаш учун марганецли рудаларга физик-кимёвий усуллар билан ишлов бериш орқали марганецли композицион концентратларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Дауташ кони марганецли рудалари минералогик таркибига кўра табиатда асосан псиломелан – вернадитли ва пиролюзит – псиломеланли шаклда бўлиши аниқланган;
марганецли рудалардан марганецли концентратларини ажратиб олишда содир бўладиган кимёвий жараёнларнинг механизмлари асосланган;
таркибида 60-68% гача марганец бўлган марганецнинг сифатли концентратларини ажратиб олиш учун рудани майдалаш, ажратиш, қайтариш, куйдириш ва куюндини кислота эритмасида танлаб эритиш каби босқичларидан ташкил топган комбинирланган усулни қўллаш асосланган;
Дауташ кони марганецли концентратлари асосида ферроқотишмалар ишлаб чиқаришнинг оптимал технологик режимлари аниқланган ва ресурстежамкор технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ферроқотишмалар ишлаб чиқаришда қўллаш учун марганецли рудаларга физик-кимёвий усуллар билан ишлов бериш орқали марганецли композицион концентратларни ажратиб олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Дауташ кони рудаларидан марганец концентратини ажратиб олишнинг комбинирланган усули “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехида амалиётга жорий этилган (“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2024 йил 17 декабрдаги 01-02-5-XX-24-12-0167-сонли маълумотномаси). Натижада, марганец концентратларининг сифатини 60-68% гача ошириш имконини берган;
ишлаб чиқилган марганецли композицион концентратлар “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехида ферроқотишмалар олиш жараёнида амалиётга жорий этилган (“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ нинг 2024 йил 17 декабрдаги 01-02-5-XX-24-12-0167-сонли маълумотномаси). Натижада, олинадиган ферроқотишмаларни сифатини яхшилаш ва марганецли композицион концентратларни сарфини 1,0-1,2 мартага камайтириш имконини берган.