Наженов Даутбай Якуббаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): Қўшимча манёвр локомотивини жалб этиш асосида темир йўл транспортинининг асосий фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаш, 05.08.03 – Темир йўл транспортини ишлатиш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.4.PhD/Т3365
Илмий раҳбар: Машарипов Маъсуд Нуъмонжонович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги PhD.15/31.08.2022.Т.73.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Адилова Зиёда Гафурджановна, техника фанлари доктори, профессор; Исматуллаев Азизбек Фахриддин ўғли, техника фанлари боʻйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Жиззах политехника институти.
II. Тадқиқотнинг мақсади қўшимча манёвр локомотивини жалб этиш асосида темир йўл транспортинининг асосий фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
манёвр локомотивлари зарурий сонининг станция кўрсаткичларига таъсири темир йўл участка станциясининг суткалик иш режа-графигини моделлаштириш асосида вагонлар билан технологик амаллар бажарилишидаги самарасиз вақт йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда асосланган;
темир йўл станциясида қайта ишланадиган юк поездларининг келиш вақтлари номутоносиблигини ҳисобга олган ҳолда таркибларни тарқатиш ва тузишни тугаллашдан кейинги технологик амалларни бажарилишидаги кутиш вақтларини аниқлашнинг математик моделлари ишлаб чиқилган;
темир йўл участка станциясида ишлатиладиган манёвр локомотивлари сонига боғлиқ равишда транзит вагонлар билан технологик амаллар бажарилиши жараёнида тортув бирликлари бандлигини ҳисобга олган ҳолда қайта ишланадиган ва ишланмайдиган вагонларнинг туриш вақтини ҳисоблаш усули такомиллаштирилган;
техник станцияларга қўшимча тортув бирликларини жалб этишдаги харажат ва юк вагонлари ишчи парки тежалишидан олинадиган самарадорликни ҳисобга олган ҳолда манёвр локомотивлари сонининг темир йўл транспортини ишлатиш кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Қўшимча манёвр локомотивини жалб этиш асосида темир йўл транспортинининг асосий фойдаланиш кўрсаткичларини яхшилаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ҳаракатланувчи таркиблардан фойдаланиш кўрсаткичларини ҳисоблаш алгоритмлари ва дастурий мажмуалар кўринишидаги инструментал воситалар, таркибларни тарқатиш ва тузишни тугаллашдан кейинги технологик амалларни бажарилишидаги кутиш вақтларини аниқлашнинг математик моделлари ҳамда транзит вагонларнинг туриш вақтини ҳисоблаш ва манёвр локомотивлари сонининг темир йўл транспортини ишлатиш кўрсаткичларига таъсирини баҳолаш усуллари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “Қўнғирот Минтақавий темир йўл узели” филиалига жорий этилган (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2024-йил 10-декабрдаги 3744-сонли маълумотномаси). Натижада участка станциясида қўшимча манёвр локомотивларини жалб этиш орқали таркибни тарқатиш ва саралаш паркидан жўнатиш паркига олиб ўтишини кутиш вақтини 24 дақиқагача қисқартириш имконияти мавжудлиги аниқланган, минтақавий темир йўл узели вагонлари ишчи паркини 12 тагача, поезд локомотивларининг сонини 0,5 тагача тежаш ва унинг ўртача суткалик босиб ўтган йўлини 10 км/суткага ошириш мумкинлиги асосланган;
станциялар иш ҳажми ўзгаришига мувофиқ равишда локомотивларни жорий сақлаш харажатлари ва ҳаракатланувчи таркибларнинг тўхтаб туриши билан боғлиқ йўқотишларни баҳолашга доир техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар асосида қўшимча локомотивларни ишлатиш доирасини асослаш бўйича янги ишлаб чиқилган зарурий кўрсатмалар ““Ўзбекистон темир йўллари” АЖ участка станциясининг намунавий технологик иш жараёни”га киритилган (Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2024-йил 10-декабрдаги 3744-сонли маълумотномаси). Натижада Қўнғирот, Мискин ва Жаслиқ темир йўл участка станцияларини ишининг технологик жараёни ва уларнинг иловаларини ишлаб чиқишда транзит вагонларнинг туриб қолиш техник меъёрларини янада аниқ белгилаш имкони яратилган.