Сафаров Отабек Мухаммадиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Шукур Холмирзаевнинг адабий-танқидий қарашлари”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (ХХ аср ўзбек адабиёти ва ҳозирги адабий жараён)(филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.2.PhD/Fil4571
Илмий раҳбар: Йўлдошев Қозоқбой Бойбекович, педагогика фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Якубов Исламжон Аҳмеджанович, филология фанлари доктори, профессор; Тошбоев Олим Шойимович, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ёзувчи Шукур Холмирзаевнинг адабий-танқидий қарашларини тизимли текшириш, уларнинг шаклланиш омилларини аниқлаш, тадрижини кўрсатиш, шунингдек, бу қарашларнинг ўзбек адабий-назарий тафаккури тараққиётига кўрсатган таъсирини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Шукур Холмирзаевнинг адабий-танқидий, бадиий-эстетик қарашлари илк бор яхлит тизим ҳолида ўрганилган, шунингдек, адибнинг адабий-фалсафий қарашлари шаклланишида ўзбек фолклори, ўзбек ва дунё адабиёти, адабиётшунослиги, маданияти намояндаларининг асарлари пойдевор вазифасини ўтагани аниқланган;
ёзувчининг адабий-танқидий қарашларидаги етакчи тенденсиялар, бошқа ёзувчи ва адабиётшуносларнинг ёндашувларидан фарқли жиҳатлари, бу адабий қарашларнинг миллий адабиёт ва адабиётшунослик ривожида тутган ўрни очиб берилган;
Шукур Холмирзаевнинг адабиёт тараққиётини таъминлаган омиллар борасидаги фикрлари текширилиб, ҳикоя, роман каби насрий жанрлар ва уларнинг тараққиёт тамойилларига ёндашуви, бадиий тил, тасвир маҳорати, шаклий-услубий изланишларга муносабати, ўзининг бу борада тутган йўл-услублари илмий далилланган;
ёзувчининг ижодкор шахси ва унинг ижтимоий рутбаси ҳақидаги адабий-эстетик қарашлари, бадиий асар моҳиятини англашда адабий танқиднинг тутган ўрни борасидаги тўхтамлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Шукур Холмирзаевнинг адабий-танқидий қарашлари тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
ёзувчи Шукур Холмирзаев адабий-танқидий қарашларининг замонавий ўзбек адабий-эстетик тафаккури ривожидаги ўрни, адибнинг адабиёт тараққиётини таъминлайдиган омиллар ҳақидаги илмий тўхтамларининг бошқа ижодкорлар кузатишларидан фарқли жиҳатларига оид хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2017–2020-йилларда амалга оширилган ОТ-Ф1-030 рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографиясини (7 жилд) чоп этиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 4-декабрдаги 04/1-2577 рақамли маълумотномаси). Натижада миллий адабиётшунослик Шукур Холмирзаевнинг нафақат бадиий ижодда, айни пайтда адабий-илмий соҳада салмоқли мерос қолдиргани тўғрисидаги маълумотлар билан бойитилишига эришилган;
ўзбек тилининг мавқейини юксалтиришга ҳисса қўшиш, адабий тилнинг ифода имкониятларини янада кенгайтириш Шукур Холмирзаевнинг асосий мақсадлари қаторида тургани, адиб тил бузилишига олиб бориши мумкин бўлган барча “ўзига хосликлар”ни қатъий инкор этгани, адабий-танқидий асарларнинг тили ҳам содда, тушунарли шаклда бўлишини қўллаб-қувватлагани, Шукур Холмирзаев публицистикасида миллий тил масаласи алоҳида ўрин тутгани, мустамлакачилар халқни ўзлигидан айириш учун тилни йўқотиш воситасидан фойдаланганига урғу қаратгани ҳақидаги хулосалардан Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2021–2023-йилларда бажарилган П3-2020042022 рақамли “Туркий тилларнинг лингводидактик электрон платформасини яратиш” мавзусидаги амалий грантини тайёрлашда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 4-декабрдаги 04/1-2576 рақамли маълумотномаси). Натижада Шукур Холмирзаевнинг адабий-танқидий фаолияти мисолида миллий тилнинг жамият тақдиридаги аҳамиятини қайтадан баҳолаш муаммосига доир илмий материаллар тайёрлашга асос боʻлган;
Шукур Холмирзаевнинг сўз қўллаш маҳоратига оид мисоллар, битикларининг лингводидактик хусусиятларига доир таҳлиллар ва мактаб дарсликларига киритилган асарларининг тил хусусиятлари бўйича чиқарилган хулосалардан Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2020–2022-йилларда амалга оширилган АМ-Ф3-201908172 рақамли “Ўзбек тилининг таълимий корпусини яратиш” мавзусидаги давлат амалий грантини тайёрлашда фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2023-йил 4-декабрдаги 04/1-2575 рақамли маълумотномаси). Натижада Шукур Холмирзаев тилни бадиий асарнинг энг асосий унсури, услубий ўзига хосликни ифодаловчи восита деб билгани, шоир-ёзувчининг бадиий асар тилига бўлган муносабатига унинг ижодий салоҳиятини кўрсатувчи индикатор сифатида қарагани ҳақидаги илмий кузатишлардан ўзбек адабиёти тадқиқотчилари учун назарий асос сифатида фойдаланиш имконини берган.