Sayt test rejimida ishlamoqda

Ҳайитов Шуҳрат Мойлиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Туркий бобуршуносликнинг тадрижий такомили”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик  (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.4.DSc/Fil898
Илмий маслаҳатчи: Сирожиддинов Шуҳрат Самариддинович,  филология фанлари доктори, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01(бир марталик илмий кенгаш).
    Расмий оппонентлар: Отажонов Неъматилло, филология фанлари доктори, профессор, Тўхлиев Боқижон, филология фанлари доктори, профессор, Сулаймонов Исроилжон Исомиддинович, филология фанлари доктори, профессор.  
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди юзасидан туркий халқлар адабиётшунослигидаги манбаларни тадқиқ этиш, уларнинг аҳамиятини очиб бериш, адиб асарларининг туркий тиллардаги таржималари хусусиятларини кўрсатиш, шу орқали туркий бобуршуносликнинг пайдо бўлиш даври, тадрижий такомил жараёнлари, йўналишлари, шунингдек, ютуқ ва муаммоларини илмий асослашдан  иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Бобур ижодининг туркий адабиётда ўрганилиш даври ва тадрижий такомил босқичлари текширилиб, адиб асарларининг қўлёзмалари ҳамда таржималарига оид илмий ва назарий хулосалар чиқарилган ва шу асосида шоир ҳаёти ва ижодининг ўрганилиш тарихи, унинг тадрижий босқичлари ҳамда асарлари бадиий таржимасига оид ўқув-услубий тавсиялар ишлаб чиқилган;
“Бобурнома”нинг туркий тиллардаги таржималари ва улар юзасидан олиб борилган ишлар таҳлили амалга оширилиб  қиёслаш орқали ҳар бир таржиманинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилган, тадқиқотларда юзага келган муаммолар ечимига доир  тавсиялар берилган;
 “Бобур девони” таржималарини ўзбек адабиётшунослигидаги манбалар билан солиштирилиб, матний-қиёсий таҳлил қилиш орқали шеъриятда бадиий асар жанрларини белгилаш тамойиллари, шунингдек, ҳар бир асарнинг яратилиш тарихи ва ўрганилиши, таржима матни ва тилига доир ютуқ ва камчиликлар аниқланган;
 Бобурнинг илмий-фалсафий ва тасаввуфий асарлари – “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Аруз рисоласи” ҳамда “Рисолайи волидийя” асарининг туркий миллатлар адабиётшунослигида ўрганилиш даражаси текширилиб, бобуршуносликда матн таржимаси ва унинг бадиий таҳлилига оид  масалалар ечими юзасидан илмий-назарий таклифлар далилланган;
“Мубаййин” асарининг таржимаси ва унинг матн хусусиятларини манбалар асосида қиёсий текширилиши орқали асарнинг илмий мукаммал нашрини тайёрлашда бадиий таржима санъати ва матншуносликка доир назарий асослар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Туркий бобуршуносликнинг тадрижий такомили тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
туркий миллатлар адабиётида бобуршуносликнинг пайдо бўлиши ва шоир асарларининг таржима қилинишига оид илмий материаллардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриёти томонидан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига оид чоп этилаётган туркум асарларда, жумладан, “Бобурнома” асарининг янги нашрини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси “Фан” нашриётининг 2024-йил 25-ноябрдаги 24/11-16-сон маълумотномаси). Натижада “Бобурнома”нинг аввалги нашрларида кўзга ташланадиган айрим камчиликлардан холи, жумладан, ўрин-жой, киши исмлари, қабила ва уруғ номлари, миллий хусусиятга хос атамалар билан боғлиқ сўзларни тўғри ўқиш имконини берадиган нашрни тайёрлашга эришилган.
Бобур ҳаёти ва ижодининг ўрганилиш даври ва тадрижий босқичлари, бунда ўзбек ва бошқа қардош халқлар олимларининг ўрни юзасидан ишлаб чиқилган илмий хулосалардан  Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 2019-2021-йилларда бажарилган И-ОТ-2019-42-рақамли “Ўзбек ва инглиз тилларининг электрон (Инсон қиёфаси, феъл-атвори, табиат ва миллий тимсоллар тасвири) поетик луғатини яратиш” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2024-йил 7-ноябрдаги 04/1-3183-сон маълумотномаси). Натижада Бобур ҳаёти ва ижодини ёритиш, шоир асарларининг жаҳон адабиётида ўрганилиш масалаларини кенг ёритиш имкони яратилган.
Бобур ижодининг ўрганилиш хронологияси, бобуршуносликнинг бугунги ҳолати, хорижда ривожланаётган янги йўналишларга оид  илмий хулосалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” телеканали томонидан тайёрланиб эфирга узатилган Бобур ҳаёти ва ижодига доир “Шоҳ ва шоир”, “Заҳириддин Муҳаммад Бобур”, “Буюк саркарда”, “Жавоҳир” номли туркум кўрсатувларнинг ссенарийларини тайёрлашда кенг фойдаланилган (“Ўзбекистон” телерадиоканали давлат муассасасининг 2024-йил 7-ноябрдаги 01-29-1174-сон маълумотномаси). Натижада мазкур кўрсатувлар орқали Бобур ҳаёти ва ижодига доир шу пайтга қадар маълум бўлмаган янгиликларни тақдим этишга эришилган.
Бобур асарлари қўлёзма нусхалари, шунингдек, ушбу қўлёзма манбалар асосида туркий миллат олимлари томонидан амалга оширилган таржима нашрлар борасида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тизимли равишда тайёрланиб, эълон қилиб борилаётган “Алломалар ҳақида 10та ҳақиқат” лойиҳасининг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган бўлимини бажаришда кенг фойдаланилган (Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг 2024-йил 11-ноябрдаги 02/502-сон маълумотномаси). Натижада Бобур ҳаёти ва ижодига оид муҳим маълумотларнинг таълим муассасаларида ўқувчиларга етиб боришига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish