Рахматова Дилбар Исматиллоевнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Сурункали буйрак касаллигида неврологик асоратларни эрта ташхислаш, башоратлаш, дифференциал даволашнинг клиник-неврологик ва биокимёвий хусусиятлари”, 14.00.13– Неврология.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.DSc/Tib990.
Илмий маслаҳатчи: Саноева Матлюба Жахонкуловна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, DSc.04/30.04.2022.Tib.93.02.
Расмий оппонентлар: Хайдарова Дилдора Кадировна, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Омонова Умида Тўлқиновна, тиббиёт фанлари доктори, доцент; Туруспекова Сауле Телеубергановна, тиббиёт фанлари доктори, доцент (Қозоғистон Республикаси).
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқоднинг мақсади: сурункали буйрак касаллигининг (СБК) эрта босқичларида неврологик асоратларнинг клиник кечишини, баъзи биокимёвий кўрсаткичларни таҳлил қилиш, шунингдек, эрта ташхисот мезонларини, башоратлашни ва дифференцирлашган терапияни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
СБКнинг эрта босқичида бемор ёшидан қатъий назар неврологик, нейропсихологик, психоэмоционал бузилишлар энцефалопатиянинг аралаш шаклига трансформациясидан далолат бериб, чуқур когнитив дисфункция ривожланиш эҳтимоли асосланган;
СБКда неврологик бузилишлари мавжуд беморларни динамикада етарлича давомли кузатиш асосида нейротрофик омил (BDNF) ва буйрак фаолиятини кўрсатувчи биокимёвий маркерлар (БКФТ ва альбуминурия) орасидаги корреляцион боғлиқлик аниқланган;
СБКда неврологик ўзгаришларнинг шаклланиши ҳамда кейинчалик аралаш шаклдаги энцефалопатиянинг ривожланиш эҳтимоллигини асослашда ренал ва церебрал (Пурселло, Гослинг индекслари, қон оқими турбулентлиги, Овершут коэффициенти) гемодинамик бузилишларнинг диагностик аҳамияти исботланган;
ташхисотнинг лаборатор (BDNF, БКФТ ва альбуминурия) ва инструментал (ультратовушли допплерография, дуплекс сканирлаш) текширув натижаларига асосан, СБКда неврологик асоратларни эрта ташхислаш ва башоратлаш мезонлари ишлаб чиқилган;
СБКни базисли давоси негизида неврологик асоратларни даволашда нейрометаболик, антигипоксант, антиоксидант дифференциал терапиянинг самарадорлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
«Сурункали буйрак касаллигида неврологик асоратларни эрта ташхислаш, башоратлаш, дифференциал даволашнинг клиник-неврологик ва биокимёвий хусусиятлари» мавзусидаги илмий янгиликни бошқа соғлиқни сақлаш муассасаларига жорий этиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 26 ноябрдаги 09/61-сон хулосаси олинган.
биринчи илмий янгилик. СБКнинг эрта босқичида бемор ёшидан қатъий назар неврологик, нейропсихологик, психоэмоционал бузилишлар энцефалопатиянинг аралаш шаклига трансформациясидан далолат бериб, чуқур когнитив дисфункция ривожланиш эҳтимоли асосланган. Ижтимоий самарадорлиги: СБКнинг дастлабки босқичларида эрта неврологик бузилишларни аниқлаш орқали бемор ёшидан қатъий назар энцефалопатия юзага келиши муқаррар бўлган чуқур когнитив дисфункция ривожланишининг олдини олишга эришилган. Иқтисодий самарадорлиги: СБКнинг дастлабки босқичларида эрта неврологик бузилишларни аниқлаш орқали стационар даво муддати қисқаришига имкон яратилади. Аниқланган неврологик, нейропсихологик бузилишлар ва энцефалопатия аралаш шакли ривожланишини эрта аниқлаш орқали ҳар бир беморда бюджет маблағлари ҳисобидан 238700 сўм иқтисод қилишга эришилган. Хулоса: Олинган натижаларга асосланиб анъанавий ёндашувдан ташқари СБК босқичига кўра ривожланадиган неврологик, нейропсихологик бузилишларни аниқлаш натижасида 10 кунлик неврологик стационар харажатлари, яъни 1365234 сўм дори-воситалари ҳисобидан ва 2734200 сум койка ҳисобидан ҳар бир бемор учун иқтисодий самараси олинади, касаллик оқибати ҳамда асорати ривожланишининг олди олинади, натижада ҳаёт сифати яхшиланади, ишга яроқлилик кўрсаткичи тикланади, шу орқали ижтимоий самарага эришилган.
иккинчи илмий янгилик: СБКда неврологик бузилишлари мавжуд беморларни динамикада етарлича давомли кузатиш асосида нейротрофик омил (BDNF) ва буйрак фаолиятини кўрсатувчи биокимёвий маркерлар (БКФТ ва альбуминурия) орасидаги корреляцион боғлиқлик аниқланган. Ижтимоий самарадорлиги: нейротрофик омил (BDNF) ва буйрак фаолиятини кўрсатувчи биокимёвий маркерлар – БКФТ ва альбуминурия орасидаги корреляцион боғлиқликнинг мавжудлиги нейропсихологик зарарланиш ва аралаш буйрак энцефалопатияси келиб чиқиши ҳамда сурункали мия ишемияси патогенетик шаклланишини асослаган ҳолда терапевт, нефролог ва неврологлар учун профилактик мезон бўлиб хизмат қилади, шунингдек, ушбу касаллик устидан назорат қилиш имконини беради ва даволашнинг шахсийлаштирилган усулини танлашга шароит яратади. Иқтисодий самарадорлиги: амбулатор ва стационар шароитида нейротрофик омил (BDNF) ва буйрак фаолиятини кўрсатувчи БКФТ ва альбуминурияни таҳлил этиш орқали СБКнинг босқичига кўра персоналаштирилган усулни танлаш дори воситасига кетадиган маблағни учдан бир қисмга қисқартирган, ушбу миқдор ҳар бир бемор учун бюджет харажатларини 1333324 сўмга иқтисод қилишга эришилган. Хулоса: нейротрофик омил (BDNF), БКФТ ва альбуминурия орасидаги корреляцион боғлиқликнинг мавжудлиги нейропсихологик зарарланиш ва аралаш буйрак энцефалопатияси келиб чиқиши ҳамда сурункали мия ишемияси шаклланишини башоратлашдаги аҳамиятини тасдиқлади.
учинчи илмий янгилик: СБКда неврологик ўзгаришларнинг шаклланиши ҳамда кейинчалик аралаш шаклдаги энцефалопатиянинг ривожланиш эҳтимоллигини асослашда ренал ва церебрал (Пурселло, Гослинг индекси, қон оқими турбулентлиги, Овершут коэффициенти) гемодинамик бузилишларнинг диагностик аҳамияти исботланган. Ижтимоий самарадорлиги: СБКни эрта босқичларидаёқ ривожланадиган неврологик бузилишларни эрта ташхислашда ренал ва церебрал гемодинамик бузилишлар юқори информативликка эга бўлиб, бир вақтнинг ўзида ҳам СБКни, ҳам неврологик бузилишларни чуқурлашиб, оғир асоратлар ривожланишини олдини олишга имкон яратади. Иқтисодий самарадорлиги: СБК ва неврологик бузилишларни эрта ташхислаш натижасида бир нафар бемор ҳисобига 1261700 сўмга иқтисод қилишга эришилган. Хулоса: Олинган илмий натижаларининг амалиётга жорий қилиниши СБКни ҳамда ушбу касаллик натижасида ривожланадиган неврологик бузилишларни эрта ташхислаш кейинчалик ривожланадиган асоратларни камайтириш, тиббиёт ходимларининг СБКда неврологик асоратларни ривожланишда кузатиладиган хавф омилларини аниқлаш ҳамда даволаш самарадорлигини ошириш имконини беради.
тўртинчи илмий янгилик:ташхисотнинг лаборатор (BDNF, БКФТ ва альбуминурия) ва инструментал (ультратовушли допплерография, дуплекс сканирлаш) текширув натижаларига асосан, СБКда неврологик асоратларни эрта ташхислаш ва башоратлаш мезонлари ишлаб чиқилган. Ижтимоий самарадорлиги: биокимёвий кўрсаткичлар (БКФТ, альбуминурия, BDNF), томир-ауторегулятор хусусиятлари ва бош миянинг захира қобилияти неврологик асоратларни эрта ташхислаш мезонлари бўлиб, аралаш буйрак энцефалопатияси шаклланишини башоратловчи индикатор сифатида қаралади ҳамда ўз вақтида ва мақсадга йуналтирилган давони олиб бориш имконини яратади. Иқтисодий самарадорлиги: беморларнинг стационар мурожаати 2 мартага камаяди, мутахассис кўриги ва стандарт бўйича бажариладиган бошқа лаборатор таҳлиллар, инструментал текшириш усуллари сони 2 мартага қисқариши ҳисобидан ҳар бир нафар беморга бюджет ҳисобидан 557300 сўм, бюджетдан ташқари 215400 сўм миқдордаги харажат иқтисод қилишга эришилган. Хулоса: ишлаб чиқилган лаборатор ва инструментал мезонлардан фойдаланиб эрта ташхислаш ҳисобидан ҳар бир нафар бемордан 772700 сўмга иқтисод қилиш имконини берган.
бешинчи илмий янгилик: СБКни базисли давоси негизида неврологик асоратларни даволашда нейрометаболик, антигипоксант, антиоксидант дифференциал терапиянинг самарадорлиги исботланган. Ижтимоий самарадорлиги: СБКни базисли давоси негизида неврологик асоратларни даволашда нейрометаболик, антиоксидант дори воситаларининг миқдорини касалликнинг босқичига қараб танланадиган дифференцирлашган терапияси бош миянинг гемодинамик, нейропластиклик фаолиятига яққол ижобий таъсир кўрсатиб, йўқотилган клиник-неврологик, нейропсихологик фаолиятни тиклаш учун имкон яратади, шунингдек, СБК негизида шаклланадиган оғир ва қайтмас неврологик асоратлар, шу жумладан, бош мия қон айланишининг ўткир ва сурункали бузилишини, деменцияни олдини олишга хизмат қилиб, беморларни қисқа муддатда меҳнат қобилиятини тиклашга ва ҳаёт сифатини яхшилашга эришилган. Илмий янгиликнинг иқтисодий самарадорлиги СБКни базисли давоси негизида неврологик асоратларни даволашда нейрометаболик, антигипоксант, антиоксидант терапияни касалликнинг босқичига кўра дифференциал ёндашув асосида қўллаш туфайли ушбу дори воситаларни сони камайиши ҳисобидан ҳар бир бемор ҳисобига бюджет маблағлардан 417300 сўм, бюджетдан ташқари маблағлардан 657800 сўм иқтисод қилишга эришилди. Хулоса: таклиф этилган дифференциал ёндашувли терапия СБК негизида юзага келган неврологик бузилишларни даволаш самарадорлигини ошириш, уни оғир асоратларга ўтишини бартараф этиш ва шу қаторда СБКни ўзини ҳам эрта аниқлаб, базис терапиясини олиб бориш орқали унинг кечки ва терминал босқичларга ўтишини олдини олиш орқали шахсийлаштирилган даволашга асос солиниши беморларнинг умумий саломатлигини ва ҳаёт сифатини яхшилаш билан изоҳланади.