Реймов Камал Мамбеткаримовичнинг
фан доктори (DSc) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Йирик шамол энергетикаси қурилмаларига эга бўлган электр энергетика тизимлари ҳолатларини оптимал бошқариш услубиятини ривожлантириш”, 05.05.02 – “Электротехника. Электр энергия станциялари, тизимлари. Электротехник мажмуалари ва қурилмалар” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2024.3.DSc/Т476.
Илмий маслаҳатчи: Гайибов Тулқин Шерназарович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.03/10.12.2019.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Ушаков Василий Яковлевич, техника фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Худаяров Музаффар Бурханович, техника фанлари доктори, профессор; Ахатов Жасуржон Саидович, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: режим ва технологик чекловларни ҳисобга олган ҳолда қувват ишлаб чиқаришни таҳлилий баҳолаш, моделлаштирилиш, режалаштириш ва прогнозлаш асосида таркибида йирик шамол электр станциялари мавжуд электр энергетика тизимларининг ҳолатларини оптимал бошқариш услубиятини ривожлантиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
орографик шароитда шамол электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг узоқ муддатли салоҳиятини баҳолаш усули ҳудудудларнинг метеорологик маълумотларининг ҳақиқий ва модел қийматларини таққослаш асосида ноаниқлик омилини ҳисобга олиб ишлаб чиқилган;
шамолнинг тезлиги, йўналиши ва ҳавонинг намлигини ҳисобга олган ҳолда электр станциялари қувватини оптимал тақсимлаш асосида шамол электр станцияларининг қувват ишлаб чиқаришини сунъий нейрон тармоқларидан фойдаланиб прогнозлаш усули ва модели ишлаб чиқилган;
таркибида аккумулятор батареясига эга шамол электр станциялари мавжуд электр энергетика тизимининг қисқа муддатли ҳолатини оптимал режалаштириш масаласининг математик модели ва алгоритми электр станцияларида ёқилғи сарфини минималлигини таъминлаш асосида ишлаб чиқилган;
таркибида шамол электр станциялари мавжуд энергия сақлаш қурилмаларига эга бўлган энергетика тизими ҳолатларини оптимал бошқариш масаласининг математик модели ва алгоритми тармоқдаги актив қувват исрофларини минимумга келтириш мезони асосида ишлаб чиқилган;
шамол электр станцияларига эга энергетика тизимларининг ҳолатларини тармоқ факторини ҳисобга олиб оптималлаш модели ва алгоритми энергия сақлаш қурилмаларининг иш режимларини бошқариш асосида ишлаб чиқилган;
қайта тикланувчи энергия манбали станцияларнинг қуввати ва ўрнатиш жойини оптимал танлаш асосида истеъмолчилар юкламаларини оптималлаштириш масаласининг математик модели ва ечими Динго алгоритми асосида яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Йирик шамол энергетикаси қурилмаларига эга бўлган электр энергетика тизимлари ҳолатларини оптимал бошқариш услубиятини ривожлантириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
шамол электр станциясининг қувват ишлаб чиқаришини сунъий нейрон тармоқларидан фойдаланиб прогнозлаш усули ва модели “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари филиалига жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2024-йил 1-ноябрдаги 01-02-18/5784-сонли маълумотномаси). Натижада кўп омилли таҳлил асосида аниқланган прогнозлаш кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда электр станциялари қувватини оптимал тақсимлаш асосида ҳисоблаш аниқлигини 2,05% гача ошириш имконияти яратилган;
таркибида аккумулятор батареясига эга шамол электр станциялари мавжуд бўлган электр энергетика тизимининг қисқа муддатли ҳолатини оптимал режалаштириш масаласининг математик модели ва алгоритми “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари филиалига жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2024-йил 1-ноябрдаги 01-02-18/5784-сонли маълумотномаси). Натижада шамол электр станциясида 100 МВт·соат сиғимдаги аккумулятор батареяси мавжуд бўлган ҳолатда энергетика тизимининг Шимолий-Ғарбий қисмида бир суткада 111,204 т.ш.ё.ни иқтисод қилиш имкониятини берган;
таркибида аккумулятор батареясига эга шамол электр станцияси мавжуд бўлган электр энергетика тизими ҳолатларини оптимал бошқариш масаласининг математик модели ва алгоритми “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари филиалига жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2024-йил 1-ноябрдаги 01-02-18/5784-сонли маълумотномаси). Натижада қаралаётган бошқариш циклида тизимнинг оптимал иш режимларини таъминланиши ҳисобига электр тармоқларида электр энергияси исрофларини 13,458 МВт·соатга камайтириш имконияти яратилган;
шамол электр станцияларига эга электр энергетика тизимларининг ҳолатларини тармоқ факторини ҳисобга олиб оптималлаш модели ва алгоритми “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ Қорақалпоғистон магистрал электр тармоқлари филиалига жорий этилган (“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖнинг 2024-йил 1-ноябрдаги 01-02-18/5784-сонли маълумотномаси). Натижада тармоқ факторини ҳисобга олиш қаралаётган бошқариш цикли давомида электр энергияси йўқотишларини қўшимча 6,647 МВт·соатга, шартли ёқилғи сарфини 2,138 т.ш.ё.га ёки 0,12% га иқтисод қилиш ва бу мос равишда 261 306 360 сўм иқтисодий самарадорликка эришиш имкониятини берган.