Sayt test rejimida ishlamoqda

Саидова Райҳоной Абдуғаниевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Бадиий матнда белги муносабатлари»,10.00.02 – Ўзбек адабиёти.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B 2019.3.PhD/Fil960.
Илмий раҳбар: Муродов Ғайрат Некович, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети. PhD.03/27.02.2020.Fil.72.09.
Расмий оппонентлар: Сариев Санъатжон Матчонбоевич, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD); Ҳасанов Шавкат Аҳадович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Навоий давлат педагогика институти.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бадиий матн таркибидаги белгиларнинг парадигматик, синтагматик ва зид муносабатларини, уларнинг бадиий матн яхлитлигини юзага келтиришдаги ўрни ва аҳамиятини аниқлаш, матнлараро алоқа-боғланишларни ойдинлаштириш ва шу асосда матннинг яхлит тизим эканлигини кўрсатишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
белги структураси таркибидаги билдирувчи-билинувчи муносабатлари ҳамда билвосита ва бевосита алоқалар  аниқланган;
матнлараро парадигматик ва синтагматик боғланишлар интерматн, матн адресанти сингари семиотика компонентлари муайян илмий-назарий хулосалар билан исботланган;
Рауф Парфи шеърларидаги белги муносабатларининг ўзига хос хусусиятлари, матннинг кўламдорлиги, унинг коннотатив  табиати асосланган;
бадиий матн тизимида бинар оппозициянинг муайян белгилар орасида содир бўлиши аниқланган, матн таркибидаги зид муносабатлар семиотик квадрат (СК) сатҳининг диагонал, вертикал ва горизонтал чизиқларида акс этиши далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бадиий матнда белги муносабатларини аниқлаш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
модернистик шеъриятга хос хусусиятлар тавсифи, бадиий матндаги белгилар тизими ҳақидаги хулосалардан Ф-1-06-рақамли «Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези» номли фундаментал лойиҳада (2012-2016 йй.) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 20 октябрдаги 89-03-4076-сонли маълумотномаси). Натижада ўзбек адабиётида модерн услубда яратилган шеърий асарларнинг бадиий шакли, ифода услуби, поэтик тараққиёт тамойилларини чуқурроқ ёритиш, матнларда белгиларнинг парадигматик ва синтагматик белгиларини тавсифлашга эришилган;
Аристотелнинг мантиқий квадратига асосланган семиотик квадратни замонавий ўзбек адабиёти намуналарига қўллаш бадиий матн моҳиятини ойдинлаштиришда муҳим аҳамият касб этиши очиб берилган хулосалардан А-1-197-рақамли «Ёшлар маданиятини шакллантиришда Алишер Навоий педагогик қарашларининг ўрни ва аҳамиятини тадқиқ этиш» мавзусидаги амалий лойиҳасида (2015-2017 йй.) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 20 октябрдаги 89-03-4076-сонли маълумотномаси). Натижада лирик ижод намуналарини бадиий матн сифатида ўрганиш ва уларни ягона адабий-поэтик тизим тарзида тадқиқ этишнинг самарадорлиги эътироф этилган;
диссертация муаллифининг илмий нашрларда чоп этилган «Бадиий матнда семиотик тизим», «Лирик матн таркибидаги бадиий муносабатлар таҳлили», «Шеърий матнда парадигматик муносабатлар» каби мақолаларидаги умумлашма-хулосалардан А-1-118-рақамли «Навоий образининг талқин ва тасвирларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш» мавзусидаги амалий лойиҳасида (2015-2017 йй.) фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 20 октябрдаги 89-03-4076-сонли маълумотномаси). Натижада ўзбек адабиётида бадиий матнни таҳлил ва талқин этишда семиотиканинг аҳамиятини кўрсатишга, типологик моҳиятини аниқлашга эришилган;
тадқиқотдаги парадигматик ва синтагматик алоқа-боғланишлар, миллий ҳамда жаҳон адабиёти намуналари ягона бадиий тизим эканлигини тасдиқловчи хулосалардан Туркиянинг Истамбул Тижорат университети Erasmus + (K-102) «Туркий халқлар фольклорининг электрон фондини яратиш ва инглиз тилига таржима қилиш» лойиҳасида фойдаланилган (Истамбул Тижорат университетининг 2020 йил 10 июндаги берган маълумотномаси). Натижада туркиялик ва чет эллик талабаларнинг ўзбек адабиёти асосларини англаш, хусусан, бадиий ижод намуналарини ўрганиш ва тадқиқ қилишида семиотик усулларнинг аҳамияти ойдинлашган;
бадиий матндаги зид муносабатларни ёритишга оид хулосаларидан Лал Бахадур Шастри номидаги ҳинд маданият марказида фойдаланилган (Ҳинд маданият марказининг 2020 йил 2 мартдаги маълумотномаси). Натижада тадқиқотларни ташкил этиш, китобхонлик маданиятини ошириш ва ўзбек адабиётини ўрганишни тарғиб қилиш бўйича ҳамкорликка эришилган;
бадиий матннинг структур-семиотик таҳлили бўйича назарий-амалий характердаги илмий қарашлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Маҳалла» телеканали томонидан тайёрланган «Маърифат ёғдуси» дастури сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 10 февралдаги 01-18-131-сонли маълумотномаси). Натижада томошабинларнинг структурализм ва семиотиканинг бадиий адабиётни ўрганишдаги аҳамияти, хусусан, структур-семиотик таҳлил жараёнида белги муносабатларини тадқиқ этишнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги билимлари такомиллашиши учун замин яратган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish