Sayt test rejimida ishlamoqda

Маткаримова Назокат Максудовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Хоразм воҳаси ўзбекларининг никоҳ тўйи маросимлари (ХХ аср ва мустақиллик даври)”,  07.00.07 – Этнография, этнология ва антропология (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.1.РhD/Tar290.
Илмий раҳбар: Баллиева Руза,  тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи:  Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қорақалпоқ Давлат университети, PhD.03/30.12. 2019.Tar.20.05.  
Расмий оппонентлар:  Абдуллаев Улуғбек Сайданович,  тарих фанлари доктори, профессор;  Файзуллаева Мавлюда Хамзаевна,  тарих фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади Хоразм воҳаси ўзбеклари никоҳ тўйи маросимларининг воҳага хос этнолокал хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат: 
тарихий-этнографик манбалар ва дала тадқиқотлари асосида Хоразм воҳаси ўзбекларининг никоҳ тўйи маросимлари  комплекс тадқиқ этилган ва воҳага хос маҳаллий удум ва анъаналар (хўн очиш, новвот синдириш, қуллуқ айтиш, олма отиш, кўшаяна бичар, таха ташар, белбоғ ечар, куёв сузилди, рапида гўйди, капкир гўйди) нинг этнолокал хусусиятлари очиб берилган;
никоҳ тўйи маросимларининг (совчилик, потия тўй, кўрпа бичар, нон ёпар, қуш қўнди, гашир дўғрашма, йигит енгнар, хина ёқар, генгаш, никоҳ қийиш, галин гўрар, гуёв гўрар, қуда-донишма) тарихий-генетик асослари аниқланган, ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти асослаб берилган;
никоҳ тўйи маросимларидаги архаик инонч-эътиқодлар билан боғлиқ этник анъаналарга (келинни олов устидан ўтказиш, келин отасининг чироқ ёқиб бериши,  келин-куёвларни ойнага қаратиш, кўзмунчоқ тақиш, исириқ тутатиш, кўшаяна тутиш) амал қилишда мевали дарахтлар, турли предмет ва локал  тушунчаларнинг магик хусусиятига бўлган ишончнинг уйғунлашган ҳолда ҳозиргача сақланиб қолганлиги кўрсатиб берилган; 
тарихий ва ёзма манбалар асосида никоҳ тўйидан олдин йигит-қизлар ўртасида қизил гул сайли, олма отиш, қовун-қовун, ширин новвот ўйинлари ўтказилгани аниқланган ҳамда воҳанинг айрим ҳудудларида келин-куёвларга тайинланадиган бурундуқ ота-онанинг ижтимоий институт сифатидаги маънавий-тарбиявий аҳамияти тарихий-этнологик аспектда кўрсатиб берилган;
дала этнографик маълумотлар асосида никоҳ тўйи маросимларининг турли даврларда трансформацияга учраганлиги (фотиҳа тўйи билан тўйлиқ, никоҳ тўйи билан галин гўрар қўшилган), айримлари ўзининг асл мазмун-моҳиятини ўзгартиргани (хина ёқар, йигит енгнар), баъзилари йўқолиб бораётгани (уй кўрар, чопон палов, пояндўз палов, супра қоқди), баъзилари эса ўзининг ижтимоий аҳамиятини тўла йўқотгани (ходим чиқар, танга сози, қўноқ олиш) аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Хоразм воҳаси ўзбекларининг никоҳ тўйи маросимлари бўйича ишлаб чиқилган илмий хулоса ва таклифлар асосида:
тадқиқот ишининг никоҳ тўйларида кийиладиган маросим либослари ва буюмлари ҳақидаги маълумотлари асосида “Хоразм вилояти ва Хива шаҳрининг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни янада ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш” мавзусидаги 2018-2020 йилларга мўлжалланган РZ-201709202 – сонли давлат амалий гранти лойиҳасининг “Никоҳ тўйи маросимларида ишлатиладиган нарса-буюмлар ва кийиладиган кийим-кечаклар: анъанавийлик ва замонавийлик” бўлимини ёзишда фойдаланилган (Инновация фаолияти ва технологияларни трансфер қилиш маркази”нинг 2019 йил 15-ноябрдаги №2/30-сон маълумотномаси) ҳамда лойиҳа доирасида фото-альбом тайёрланган (Никоҳ тўйи маросимларида ишлатиладиган нарса-буюмлар ва кийиладиган кийим-кечаклар: анъанавийлик ва замонавийлик. Альбом. – Москва: Школа Науки, 2020). Тадқиқот материаллари Ўзбекистонда хусусан, Хоразмда туризмни ривожлантиришда, сайёҳларни воҳа маданияти ҳамда никоҳ тўйи билан боғлиқ бўлган анъана ва одатлар билан таништиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилади;
никоҳ тўйи маросимлари ва уни ўтказиш билан боғлиқ трансформацион жараёнларга оид тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУК “Маданий-маърифий ва бадиий эшиттиришлар” муҳарририятининг “Муқаддас қўрғон”, “Миллат ва маънавият” номли эшиттиришлар (2020 йил январ-феврал ойларида) сценарийсини тайёрлашда фойдаланилди (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали ДУКнинг 2020 йил 6-июлдаги 04-25-715-сон маълумотномаси). Диссертация маълумотлари Ўзбекистон Миллий телеканалларида намойиш этиладиган маънавий-маърифий кўрсатувларни тайёрлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларни шакллантириш ва ривожлантириш учун асос бўлади;     
диссертациянинг никоҳ тўйи билан боғлиқ миллий қадриятлар ва анъаналар ёритилган боблари ва параграфларидаги илмий маълумотлар ва йиғилган материаллардан халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди томонидан фойдаланилмоқда (халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди Хоразм вилоят бўлимининг 2019 йил 29 ноябрдаги №16-сон маълумотномаси ҳамда халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фондининг 2020 йил 9-августдаги 01-46-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижалари Халқаро “Олтин мерос” ҳайрия жамоат фондининг “Авесто” музейи экспозицияларини ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади;
тадқиқот  ишининг  никоҳ тўйи маросимлари билан боғлиқ миллий қадриятлар ва анъаналарнинг ижобий жиҳатларини оилаларда кенг тарғиб этиш ҳақидаги маълумотларидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан фойдаланилган (“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Хоразм вилояти бошқармасининг 01.11.2019 йил 1-ноябрдаги №436-сон маълумотномаси). Тақдим этилган диссертация материаллари оилаларда миллий ва маънавий қадриятларга бўлган муносабатни шакллантириш ва ривожлантиришда катта аҳамият касб этади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish