Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўрақулов Беҳзод Бегматовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Маҳаллий материаллар асосида калий гидроксид олишнинг назарий асослари ва чиқиндисиз технологияси», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/Т866. 
Илмий раҳбар: Кучаров Бахром Хайриевич, техника фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент кимё-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, DSc.02/30.12.2019.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Жуманиязов Максудбек Жаббиевич, техника фанлари доктори, профессор; Нурмуродов Тулкин Исамуродович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятига молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: калий карбонат, оҳак сути ва этил спирти асосида калий гидроксид олишнинг назарий асосларини ва чиқиндисиз технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
поташга оҳакли сут билан ишлов берилганда ундаги компонентлар ўзаро таъсирлашиши натижасида КОН эритмаси ва СаСО3 чўкмаси ҳосил бўлишнинг мақбул шароитлари аниқланган;
С2Н5ОН-КОН-Н2О сувли системасида -3°С дан +80°С ҳарорат оралиқларида компонентларнинг ўзаро таъсирлашиши, калий карбонатни оҳакли сут ёрдамида конверсия қилиш натижасида ҳосил бўлган суспензиядан КОН ни этил спирти билан ажратиб олиш асосланган;
олинган фильтратни паст босимда турли ҳароратларда буғлатиш жараёнида ҳосил бўлган эритмаларнинг реологик хоссалари ва калий гидроксиднинг кристалланиш шароитлари аниқланган; 
этил спирти дистилляциясидан сўнг олинган эритмадан кимёвий тоза калий гидроксид олиш ҳамда СаСО3 чўкмасини ювиш ва қуритиш шароитлари ва юқори сифатли бўр олиш имконияти асосланган;
поташни оҳакли конверсия қилиш ва суспензияни спиртли экстракциялаш усулида қаттиқ тангасимон калий гидроксид олишнинг чиқиндисиз технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Поташни оҳакли сут ёрдамида конверсиялаш ва ҳосил бўлган суспензиядан калий гидроксидни спирт иштирокида экстракция қилиш асосида техник ва кимёвий тоза калий гидроксид, бўр олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
поташни оҳакли сут билан конверсия қилишда ҳосил бўлган суспензиядан калий гидроксидни спиртда экстракциялаш йўли билан тангасимон калий гидроксид олиш технологияси «Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг «амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2020 йил 4 сентябрдаги 14-3441-сон маълумотномаси). Натижада, калий гидроксид импортини камайтириш ва кимё саноати корхоналарини калий гидроксид билан таъминлаш имконини берган;
этил спирти дистилляциясидан сўнг олинган эритмадан кимёвий тоза калий гидроксид олиш, СаСО3 чўкмасини ювиш ва қуритиш йўли билан кимёвий тоза бўр олиш технологияси «Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг «амалиётга жорий этиш бўйича истиқболли ишланмалар рўйхати»га киритилган («Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг 2020 йил 7 июлдаги 01-021/2117-сон маълумотномаси). Натижада, кимёвий лабораторияларда фойдаланишга мўлжалланган кимёвий тоза калий гидроксид ва юқори сифатли бўр олиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish