Sayt test rejimida ishlamoqda

Холбоев Баҳромжон Эрнаназаровичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Зомин конус ёйилмаси суғориладиган тупроқларининг мелиоратив ҳолати», 03.00.13 – Тупроқшунослик (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.3.PhD/B224.
Илмий раҳбар: Ахмедов Алмон Усмонович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Гулистон давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, РhD.03/30.12.2019.В.05.03.
Расмий оппонентлар: Турдалиев Авазбек Турдалиевич, биология фанлари доктори, доцент; Собитов Ўлмасбой Тожахмедович, биология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Зомин конус ёйилмаси ҳудуди суғориладиган тупроқларининг хосса-хусусиятларидаги ўзгаришларни аниқлаш ва қиёсий таққослаш  асосида ҳудуд тупроқ-мелиоратив ҳолатини баҳолаш ҳамда  унумдорлигини сақлаш ва уларни яхшилашга қаратилган илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Зомин конус ёйилмаси суғориладиган бўз-ўтлоқи ва ўтлоқи тупроқларининг асосий хоссалари, ҳозирги мелиоратив ҳолати суғориш таъсирида гидроморфизм жараёни кучайиб, тузлар захирасининг (344,8 т/га дан 532,9 т/га гача ва 469,7 т/га дан 617,9т/га гача) ортиб бориш ҳолатлари исботланган;
Зомин конус ёйилмаси суғориладиган ўтлоқи ва ўтлоқи-шўрхоклашган тупроқлари ҳайдов қатламида гипс, заҳарли тузлар йиғиндиси суғориш даврига боғлиқ ҳолда камайиши, карбонатлар миқдори эса ортиши аниқланган;
тупроқларнинг шўрланиш жараёнида турли заҳарли ва заҳарсиз тузлар тўпланиши, шўрланиш даражаси ортиб борган сари натрий ва унга параллел равишда хлор ионининг ҳам ортиб бориши борасидаги корреляцион боғланишлар исботланган;
тупроқларнинг шўрланиш даражаси ва типларининг суғориш таъсирида ўзгариши, тупроқ профилидаги умумий ва заҳарли тузлар миқдори ва захираларининг тўпланиш сабаблари қиёсий таҳлиллар асосида очиб берилган;
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Зомин конус ёйилмасида  суғориладиган тупроқларининг ҳозирги мелиоратив ҳолати бўйича олинган илмий натижалар асосида:
шўрланиш ва шўртобланиш жараёнларининг олдини олиш, тупроқлар унумдорлиги ва маҳсулдорлиги ҳамда экинлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича тадқиқот натижалари, ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар Зомин туманидаги «Михлибой ота даласи», «Танҳо тут» ва «Икром шижоати» фермер хўжаликларининг 124 гектар ер майдонларида жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 16 декабрдаги 02/022-2-4406-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу маълумотлар асосида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, қайта тиклаш ва муҳофазалаш ҳамда шўрланиш ва шўртобланиш жараёнининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқиш имконини берган;
Зомин конус ёйилмаси тупроқларининг 1:25000 миқёсда тузилган «Тупроқлар механик таркиби», «Тупроқ шўрланиши» ва «Сизот сувларини жойлашиш чуқурлиги» хариталари юқорида кўрсатилган фермер хўжаликларида амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 16 декабрдаги 02/022-2-4406-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу картографик материаллар асосида фермер хўжаликлари ер майдонларини табақалаштириб суғориш, шўр ювиш, ўғитлаш, агротехник ва агромелиоратив тадбирларини мақбуллаштириш имконини берган;
Зомин тумани «Танҳо тут» фермер хўжалигининг шўртобли-шўрхок ўтлоқи-бўз тупроқларида 1:25000 масштабли «Тупроқ шўрланиши» ва «Механик таркиби» хариталари  амалиётга жорий қилинган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 16 декабрдаги 02/022-2-4406-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур хариталар Зомин конус ёйилмаси фермер хўжаликлари тупроқлари мелиоратив ҳолатида содир бўладиган ўзгаришларни кузатиб бориш (мониторинг қилиб бориш) ҳамда тупроқлар муҳофазасига доир масалаларга аниқликлар киритиб боришга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish