Sayt test rejimida ishlamoqda

Рузиев Жасур Аслиддиновичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси химояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Болаларда нафас йўллари ёт жисмларида хирургик ёрдамни такомиллаштириш», 14.00.35-Болалар хирургияси (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйҳатга олинган рақам: В2019.4.PhD/Tib1107.
Илмий раҳбар: Шамсиев Жамшид Азаматович, тиббиёт фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарканд давлат тиббиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Самарқанд давлат тиббиёт институти, PhD.04/30.12.2019.Tib.102.01.
Расмий оппонентлар: Сатаев Валерий Уралович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Ахмедов Юсуф Махмудович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Озарбайжон медицина университети.
Диссертациянинг йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади даволаш – диагностика дастурини ва бронхоскопия амалиётларини оптималлаштириш орқали нафас йўлларида ёт жисмлари бўлган болаларни даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор нафас йўллари ёт жисми билан касалланишнинг учраш частотаси ва оғирлик даражаси болалар ёшига нисбатан муносабати аникланган;
нафас йўлларидаги ёт жисм таъсири натижасида трахеобронхиал дарахт деворларидаги катарал, йирингли, фибриноз ва чандиқли ўзгаришларнинг видеоэндоскопик манзараси аспирация муддати ва беморнинг ёшига кура  аниқланган;
нафас йўлларидаги ёт жисм аспирациясида келиб чиққан эндобронхитнинг кечиши ва тарқалиши бронхоалвеоляр лаваж суюқлигидаги юмалоқ ядроли майда ясси хужайралар ва макрофаглар куринишидаги цитологик ўзгаришлар натижасида асосланган;
нафас йўллари ёт жисм билан аспирация бўлган болаларни даволаш чора тадбирлари оптик видеобронхоскопия амалиётини қўллаш орқали такрорий бронхологик санациялар, ёт жисмни бронхологик қисқичга ушлаш ва олиб ташлашга бўлган уринишлар сонини камайтириш натижасида даволаш тадбирлари такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларини жорий қилиниши. 
Нафас олиш йўлларида ёт жисмлари бўлган беморларни ташхислаш ва даволашни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
нафас олиш йўлларида ёт жисмлари бўлган беморларни видеоэндоскопик усулларни кўллаш натижасида эрта ташхислаш ва даволаш бўйича илмий тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган "Педиатрияда трахеобронхиал дарахтни текширишнинг видеоэндоскопик усуллари" номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 28 сентябрдаги 8н-з/312-сонли маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома эндоскопик суратини ҳисобга олган ҳолда, нафас йўлларининг ёт жисмларини даволаш учун тактикани танлаш ва даволашни оптималлаштириш имконини берган;
нафас олиш йўлларида ёт жисмлар бор беморларни ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш бўйича олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, СамДТИ 2-клиникаси, торакал хирургия бўлимига, Самарқанд, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хирургия бўлимлари амалиётига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2022 йил 19 январдаги 08-09/1581-сонли хулосаси). Олинган натижаларни амалиётга тадбиқ этилиши такомиллаштирилган видеобронхоскопик усулни қўллаш натижаси амалиёт давомийлигининг қисқаришига, даволашда такрорий бронхосокпиялар сонининг камайишига имконини берган ва операциядан кейинги эрта даврда даволашнинг “яхши” натижалари 60,3% дан 92,3% гача кўтарилишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish