Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахимов Камолиддин Мухамаджоновичнинг
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берадиган фан тармоғи номи): «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимининг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари», 12.00.02 – «Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи» (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4PhD/Yu420.
Илмий раҳбар: Бердияров Шуҳрат Намозбаевич, юридик фанлар доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.32/30.12.2020.Yu/74.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: юридик фанлар доктори, доцент Турғунов Ойбек Каримович, юридик фанлар номзоди, доцент Худойбердиев Абдурашид Абдурасулович.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимининг назарий-ҳуқуқий жиҳатларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.  
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда ва бир неча маротаба қасддан бузган, ҳаракат вақтида автомобиль билан безорилик қилган, оғир оқибатли автоҳалокатлар содир этган шахсларга нисбатан ҳуқуқий чораларни, кучайтириш зарурати асослантирилган;
қонунчилик ҳужжатларига итоаткорлик руҳини, айниқса йўл ҳаракати қоидаларига риоя этишни боғча ва мактаб ёшидан бошлаб назарий ва махсус ҳудудларда амалий ўргатиш ҳамда ушбу чораларнинг йўллардаги хавфсизликни таъминлашдаги самарадорлиги асослантирилган;  
сутканинг қоронғу вақтида йўл четида нур қайтаргичли кийим ёки шундай белгиларга эга кийимлар кийиб ҳаракатланиш велосипедчилар ва пиёдаларнинг ўлими билан тугайдиган оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш ва уларнинг олдини олиш самарадорлигини ошириши асослантирилган; 
ҳайдовчиларга қулайлик яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда инсон омилини камайтириш ва соддалаштириш, соҳани рақамлаштириш ва компюьтер технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш бўйича хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиётини бекор қилиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг планшетлари орқали базага киритиш амалиётини жорий этиш самарадорлиги асослантирилган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимининг назарий-ҳуқуқий жиҳатлари мавзусидаги тадыиыот натижалари асосида:
йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини мунтазам равишда қасддан бузувчиларга, оғир оқибатларга олиб келган йўл-транспорт ҳодисаларини содир этганларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтириш, шу жумладан илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан узоқ муддатга маҳрум қилиш тарзидаги жиноий-ҳуқуқий таъсир чорасини жорий қилиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси»нинг  12-бандида, транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этиладиган «йўлда безорилик» ҳолатлари билан ифодаланадиган хатти-ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни жорий этиш таклифи мазкур Концепциянинг 24-бандида ўз аксини топган (Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 10 декабрдаги 1/2008-сонли маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгиланишга хизмат қилган; 
«Йўл ҳаракати интизоми болаликдан бошланади» шиори остида умумтаълим муассасаларида «Йўл ҳаракати қоидалари» бўйича ўқув тадбирларини ташкил этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 ноябрдаги ПФ-27-сон Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепцияси»нинг 70-бандида, Умумтаълим муассасаларида «Ҳаракат хавфсизлиги синфхоналари»ни, маҳаллаларда «Йўл ҳаракатини ўргатиш майдончалари»ни ташкил этиш таклифи 71-бандида, мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўқитиш тизимини жорий этиб, йўлларда, чорраҳаларда ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асосларини амалий ҳамда кўргазмали тарзда ўргатишни йўлга қўйиш таклифи 72-бандида ўз аксини топган (Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 10 декабрдаги 1/2008-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифларни жорий этилиши ёшларни автоҳалокатлардан сақлаб қолинишига, йўл ҳаракати қатнашчиларининг ҳуқуқий маданиятини ошишига хизмат қилган;
сутканинг қоронғу вақтида ва етарлича кўринмайдиган шароитда велосипед йўлкаси бўлмаган ҳолда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланаётган велосипедчилар нур қайтаргичли камзулда ёки нур қайтарувчи элементлар бўлган устки кийимда бўлиши шартлиги тўғрисидаги таклифлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 12 апрелдаги “Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 172-сон қарори 1-банди “д” кичик бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 7 майдаги 12/21-33-сон хати). Ушбу таклифларни жорий этилиши велосипедчилар билан боғлиқ оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг камайишига ва уларнинг олдини олинишига хизмат қилган;       
хорижий давлатларга чиқадиган транспорт воситаларидан ташқари барча транспорт воситаларига техник кўрикдан ўтганлиги тўғрисидаги талонларни бериш амалиётини бекор қилишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 мартдаги «Транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 125-сон қарорининг 6-бандида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2022 йил 17 мартдаги 12/21-17-сон хати). Ушбу таклифларни жорий этилиши йўл-патруль хизмати ходимлари билан ҳайдовчилар ўртасидаги муносабат учун сарфланадиган вақт қисқартирилишига ва ҳайдовчилар учун қўшимча қуйлайлик яратилишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish