Холиддинов Илхомбек Хосилжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Паст кучланишли электр тармоқларидаги носимметрик ҳолатларда электр энергия сифатини таъминлаш усулларини ишлаб чиқиш», 05.05.02 – Электротехника. Электр энергия станциялари, тизимлари. Электротехник мажмуалар ва қурилмалар (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/T92.
Илмий раҳбар: Аллаев Қахрамон Рахимович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети ва «Илмий-техника маркази» МЧЖ, DSc.27.06.2017.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Бобожонов Мақсуд Қаландарович, техника фанлари доктори, профессор; Соколов Валерий Константинович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: паст кучланишли электр тармоқларида ўрнатилган носимметрик ҳолатларда электр энергия сифат кўрсаткичларини таъминлаш усуллари ва воситаларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
паст кучланишли электр тармоқларида бўйлама ва кўндаланг носимметрияда қўшимча йўқотишларни баҳолаш усули ишлаб чиқилган;
уч фазали носимметрик токни кучланишга электр магнитли ўзгартиргичнинг схематик конструкцияси ишлаб чиқилган;
уч фазали носимметрик токни кучланишга электр магнитли ўзгартиргичидан фойдаланиб, электр энергия сифатини таъминлаш усули ишлаб чиқилган;
паст кучланишли электр тармоқларида электр энергия сифат кўрсаткичларини ўлчаш учун мўлжалланган «Malika-01» қурилмаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Паст кучланишли электр тармоқларидаги носимметрик ҳолатларда электр энергия сифатини таъминлаш усулларини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
уч фазали носимметрик токни кучланишга электр магнитли ўзгартиргич схемасига Ўзбекистон Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган («Уч фазали ток носимметриялигини кучланишга электр магнитли ўзгартиргич»; IAP 05383-сон, 2017 й.). Натижада маълумотларни ўзгартириш аниқлигини икки марта ошириш имконини берган;
паст кучланишли электр тармоқларида носимметрик ҳолатларда қўшимча йўқотишларни ҳисоблаш усули ҳамда «Malika-01» ўлчаш воситаси «Ўзбекэнерго» АЖ тизимига кирувчи корхоналарга, жумладан Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонасига жорий қилинган («Ўзбекэнерго» АЖнинг 2016 йил 6 ноябрдаги ДИ-01-21/4103-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларининг қўлланилиши носимметрик ҳолатларда 1,45% қўшимча йўқотишларни аниқлаш ҳамда ушбу йўқотишларни 1,21 % га камайтириш имконини берган;
ўрнатилган носимметрик ҳолатларда симметрик ташкил этувчилар усулидан фойдаланиб, носимметрия даражасини ҳисоблаш имконини берувчи алгоритм асосида ишловчи «Malika-01» ўлчаш воситаси Давлат реестрига 05.13919-2016-сон билан рўйхатга олинган («Ўзстандарт» агентлигининг 2016 йил 26 октябрдаги 1608-сон маълумотномаси).