Sayt test rejimida ishlamoqda

Йўлдошев Акмал Бахтиёровичнинг
Фалсафа доктори (PhD) диссертация иши ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Марказий Осиё давлатларидаги ўзбеклар: тарихий таҳлил (1991-2020 йиллар)”, 07.00.01- Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: №B2019.2.PhD/Tar464.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/27.02.2020.Таr.72.07
Илмий раҳбар: Хаитов Шадмон Ахмадович, тарих фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Ғаффоров Шокиржон Сафарович, тарих фанлари доктори, профессор; Давлатова Саодат Тиловбердиевна тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг тарихи масалалари ва уларда кечган трансформацион жараёнларни ўрганиш ҳисобланади.
III. Тадқиқотнинг  илмий янгилиги:
Марказий Осиё давлатларида ўзбеклар жойлашувига совет ҳокимияти йилларида аҳолининг ихтиёрий, мажбурий-ихтиёрий кўчириш тадбирлари, қўриқ ва бўз ерларни ўзлаштириш компаниялари, сургун қилиш ва қатағон сиёсати каби омиллар сезиларли таъсир этганлиги аниқланган;
мустақилликнинг дастлабки йилларида ўзбекларнинг ижтимоий-сиёсий мавқеи, миллий ўзлигини сақлаб қолиш даражаси ва сонининг бир оз пасайишига “кўр миллатчилик”, миллий эҳтиросга берилиш каби омилларнинг таъсир этганлиги ва бу қўшни республикаларнинг ўзаро миллий муносабатларнинг чигаллашувига сабаб бўлганлиги далилланган;
ўзбек миллати вакилларининг Марказий Осиё давлатларида озчилик миллатлар орасида биринчи, тубжой аҳолига нисбатан иккинчи ўринда туриши ва демографик ўсишга эришаётганлиги, улар асосан, Ўзбекистон чегараларига яқин ҳудудлар бўйлаб зич жойлашган туб жой аҳолиси эканлиги  далилланган;
Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг миллий ўзлигини ва бирлигини сақлаб қолишида миллий-маданий марказлар, миллий уюшмалар, жамоат ташкилотлари ва ўзбек тилидаги матбуот органларининг фаолият самарадорлиги муҳим аҳамият касб этганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. «Марказий Осиё давлатларидаги ўзбеклар: тарихий таҳлил (1991-2020 йиллар)» мавзусини тадқиқ этиш бўйича диссертацияда олинган илмий натижалар ва маълумотлардан:
Марказий Осиё давлатларидаги ўзбекларнинг сони, демографик ўсиш диномикаси, минтақа бўйлаб тарқалиши ва жойлашуви, машғулоти каби жиҳатларни билан боғлиқ янгиликлардан Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси давлат статистика қўмитасининг 2021 йил 9 ноябрдаги 01/5-20-13/2-110-сон маълумотномаси). Натижада совет ҳокимияти йилларида аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари натижалари бўйича муҳим статистик маълумотлар тўпланган ва илмий муомалага олиб кирилган;
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда истиқомат қилаётган ўзбекларнинг 1926-2020 йиллардаги сони, жойлашув географияси, ижтимоий таркиби, машғулоти ҳақидаги муҳим маълумотлар, шунингдек, минтақадаги ўзбек жамиятлари ва уюшмалари, миллий-маданий марказлари, ўзбек тилидаги миллий нашрлар ва ижтимоий муассасалар ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитанинг истиқболли режасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасининг 2021 йил 3 декабрдаги 14-09-2186-сон маълумотномаси). Натижалар Марказий Осиё республикаларидаги ўзбеклар билан дўстона, маданий-маърифий ва қавм қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилган;
Марказий Осиё давлатларидаги ўзбеклар ҳаёти, турмуши, урф-одат ва анъаналари, ўзига хос маданияти, ижтимоий-иқтисодий аҳволи, улар истиқомат қилаётган мамлакатлардаги аҳволи ҳақида маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “O’zbekiston tarixi” телеканали давлат муассасаси томонидан фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 2021 йил 28 декабрдаги 40-40-7865-сон маълумотномаси). Мазкур телекўрсатувлардаги маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси» фаолияти самарадорлигининг ўсишига хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish