Sayt test rejimida ishlamoqda

Маткулиева Севара Рахимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати зарарланишини комплекс даволаш», 14.00.21 – Стоматология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Tib1241.
Илмий раҳбар: Даминова Шахноза Бадриддиновна, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат стоматология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти, DSc04/30.12.2019.Тib.59.01.
Расмий оппонентлар: Кабирова Миляуша Фаузиевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Гулямов Сурат Саидвалиевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Воронеж давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Сурункали вирусли гепатит С билан оғриган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватининг турли ҳил шикастланишлари учун даволаш чора тадбирлари мажмуасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали вирусли гепатит С билан оғриган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қават касалликлари, сўлак ажралиш тезлиги ва қуюшқоқлиги ўзгаришлари кўрсаткичлари асосида стоматологик холат аниқланган;
сурункали вирусли гепатит С инфекциясида микробиологик кўрсаткичларнинг миқдор ва сифат ўзгаришлари сўлак ёпишқоқлиги ортишига олиб келиши натижасида оғиз гигиенаси ёмонлашувининг ривожланиш хавфи ортиши ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясининг кучайиши аниқланган;
сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болалар оғиз бўшлиғида иккиламчи иммунитет танқислигига олиб келувчи иммунноглобулин А антитаначаларининг танқислиги оқибатида патоген микрофлора ўсиш интенсивлиги ортиши исботланган;
сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларнинг ҳаёт фаолияти сифати, стоматологик ва гепатологик параметрларни яхшилашга имкон берадиган оғиз шиллиқ қавати касалликларини даволашнинг янги схемаси асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватиниг патологиясини эрта ташхислаш мезонлари асосида :
сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини эрта ташхислаш бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида  ишлаб чиқилган «Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини эрта ташхислаш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 сентябрдаги 8н-р/838-сон маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати касаллигини эрта ташҳислаш имконини берган;
сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини даволаш  бўйича тадқиқотнинг илмий натижалари асосида  ишлаб чиқилган «Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини комплекс даволаш» номли услубий тавсиянома тасдиқланган. (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 29 сентябрдаги 8н-р/839-сон маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома сурункали вирусли гепатит С билан касалланган беморларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати касаллигида комплекс даво режасини ишлаб чиқиш имконини берган.
Сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини эрта ташхислаш ва сурункали вирусли гепатит С билан касалланган болаларда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати патологиясини комплекс даволаш бўйича ишлаб чиқилган услубий тавсияномалар асосида олинган илмий натижалар соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Тошкент шаҳри 3-болалар стоматологик клиникаси, Тошкент шаҳар 7-клиник шифохона ҳамда Тошкент давлат стоматология институти клиникаси амалий фаолиятига тадбиқ этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 09 декабрдаги 8н-з/528-сон маълумотномаси). Олинган натижаларнинг амалиётга жорий қилиниши натижасида сурункали вирусли гепатит С нинг эрта ташхиси ва комплекс даволаш чора тадбирларини оптимизациялаштириш борасида чора тадбирлар яратиш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish