Sayt test rejimida ishlamoqda

Азизов Мирзохид Мирзолим ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бошланғич синф ўқувчиларини дарсдан ташқари вақтларида соғломлаштириш скандинавия усулида юришни қўллаш”, 13.00.04 – Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари назарияси ва методикаси (педагогика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2021.1.PhD/Ped2304.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети, DSc.03/30.12. 2019.Ped 28.01.
Илмий раҳбар: Керимов Фикрат Азизович, педагогика фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Усмонходжаев Талъат Саидович, педагогика фанлари доктори, профессор; Кипчаков Баходир Бахритдинович, педагогика фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади бошланғич синф ўқувчиларига скандинавия усулида юришни инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда дарсдан ташқари машғулотлар жараёнида қўллаш орқали ўқувчилар саломатлигини мустаҳкамлаш, функционал ривожлантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бошланғич синф ўқувчиларининг жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб скандинавия усулида юришда дарсдан ташқари машғулотлар учун ёрдамчи ва махсус жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда функционал базани яратишга йўналтирилган  уч босқичли (tripple control) методикани ишлаб чиқиш ҳисобига ўқувчиларга берилаётган юкламани мақсадли бошқариш имконияти такомиллаштирилган; 
скандинавия усулида юриш билан шуғулланувчи бошланғич синф ўқувчиларининг антропометрик, морфофункционал ва жисмоний тайёргарлик кўрсаткичларини инобатга олиб ҳаракатли ўйинлар, гимнастика ва скандинавия таёқчалари ёрдамида бажариладиган махсус машқлар мажмуасини бешта методик  блокка жисмоний сифатларга таъсири бўйича машғулотга киритиш ҳисобига скандинавча юриш техникасига ўргатиш методикаси такомиллаштирилган;
дарсдан ташқари вақтларда скандинавия усулида юриш билан шуғулланувчи бошланғич синф ўқувчиларини саломатлигини мустаҳкамлаш, функционал ривожлантириш ҳамда жисмоний тайёргарлик даражасини оширишга йўналтирилган инновацион машғулот дастурига юриш тезлиги, машғулот даражаси, машқни давомийлиги, такрорланиш сони, мусобақа режими ва тикланиш жараёнини аниқловчи (Skan.Xod-2) методикани  ишлаб чиқиш ҳисобига ўқувчиларнинг мустақил назарий ва амалий ўзлаштириш имконияти кенгайтирилган;
бошланғич синф ўқувчиларининг функционал ривожланиши, жисмоний тайёргарлиги ҳамда саломатлик ҳолатини баҳолаш кўрсаткичлари бўйича вақт бирлиги ичида босиб ўтган масофасини ҳафталик машғулотлар сонига нисбатан йиғилган балларини мажмуавий назорат қилиш учун ҳозирловчи машқлар тизимини (ҳаракатли ўйинлар, гимнастика ва скандинавия таёқчалари ёрдамида бажариладиган махсус машқлар) ишлаб чиқиш ҳисобига скандинавия усулида юриш машғулотларининг организмга таъсир этиш имкониятлари кенгайтирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бошланғич синф ўқувчиларининг дарсдан ташқари вақтларида соғломлаштирувчи Скандинавия усулида юришни кўллаш орқали олинган илмий натижалар асосида:
бошланғич синф ўқувчиларининг скандинавия усулида юришда дарсдан ташқари машғулотлар учун ёрдамчи ва махсус жисмоний тайёргарлигини мустаҳкамлаш ҳамда функционал базани яратишга йўналтирилган уч босқичли (tripple control) методикаси Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 2 – умумтаълим мактабида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг 2021 йил 8 июлдаги буйруғига асосан 11872-рақамли гувоҳнома). Натижада бошланғич синф ўқувчиларининг жисмоний ривожланиш кўрсаткичи 12,1 % га, саломатлик, жисмоний тайёргарлик даражаси 11,9 % га ошганлиги аниқланган;
ўқувчиларининг умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда, ҳаракатли ўйинлар, гимнастика ва скандинавия таёқчалари ёрдамида бажариладиган, жисмоний сифатларга таъсири бўйича бешта методик блокка тақсимланган  махсус машқлар мажмуаси 2 – умумтаълим мактабида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги 2021 йил 29 ноябрдаги 03-17-02/11072-сон маълумотномаси). Натижада бошланғич синф ўқувчиларининг дарсдан бўш вақтларидан унумли фойдаланишга, саломатлик даражаси, морфофункционал ҳолати оширишга, умумий жисмоний тайёргарлик  кўрсаткичлари 11,5 % га, махсус жисмоний тайёргарлик кўрсаткичлари  12,3 % га яхшиланишига эришилган;
дарсдан ташқари вақтларида скандинавча юриш билан шуғулланувчи бошланғич синф ўқувчиларини саломатлигини мустаҳкамлаш, функционал ривожлантириш ва жисмоний тайёргарлик даражасини ошириш мақсадида (Skan.Xod-2) инновацион машғулот дастури Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 2-умумтаълим мактабида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлигининг 2021 йил 20 октябрдаги буйруғига асосан 12768-рақамли гувоҳнома). Натижада чидамлилик сифати 13,7 % га, Тезлик-куч сифати 11,6 % га, чаққонлик сифати 10,7 % га, эгилувчанлик сифати  9,8 % га ривожлантиришга эришилган;
бошланғич синф ўқувчиларининг  жисмоний тайёргарлиги ҳамда соғлик ҳолати бўйича йиғилган балларни мажмуавий назорат қилиш учун ҳозирловчи машқлар тизими Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани 2 – умумтаълим мактабида амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги 2021 йил 29 ноябрьдаги 03-17-02/11072-сон маълумотномаси). Натижада турли хил жисмоний тайёргарликка эга бўлган бошланғич синф ўқувчиларнинг саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашга ёрдам бериб, жисмоний тайёргарлик кўрсаткичи 12,5 % га яхшиланган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish