Sayt test rejimida ishlamoqda

Нурмухамедова Наргиза Сайдиллаевнанинг

 фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикаси учун асимптотик натижалар ва уларнинг баҳолаш назариясида қўлланилиши», 01.01.05–Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика (физика-математика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/ FM46.

Илмий раҳбар: Абдушукуров Абдурахим Ахмедович, физика-математика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, Математика институти, DSc.27.06.2017.FM.01.01.

Расмий оппонентлар: Шарипов Олимжон Шукурович, физика-математика фанлари доктори; Имомов Аъзам Абдурахимович, физика-математика фанлари номзоди.

Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: турли цензурланган рақобатдош таваккаллар моделларида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикаларининг асимптотик хоссаларини тадқиқ этишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

рақобатдош таваккаллар моделида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикасининг икки параметрли Винер жараёнларининг стохастик интеграллари билан аппроксимацияси исботланган;

ўнг томондан гибрид цензурланишнинг рақобатдош таваккаллар моделларида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикасининг локал асимптотик нормаллик хоссаси исботланган;

икки томонлама тасодифий ва информатив цензурланишнинг рақобатдош таваккаллар моделида эмпирик жараёнлар учун кучли аппроксимация усулларидан фойдаланиб, ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикаси учун асимптотик ифодаси топилган;

кузатилмайдиган интерваллар орқали тасодифий цензурланишнинг рақобатдош таваккаллар моделларида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикасининг локал ва текис локал асимптотик нормаллик хоссалари исботланган;

ҳақиқатга максимал ўхшашлик усули ва Байес типидаги баҳоларнинг асимптотик минимакс эффективлиги исботланган;

икки томонлама тасодифий цензурлаш моделида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати ва умумлашган хи-квадрат типидаги статистикаларнинг лимит тақсимотлари топилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

турли цензурланган рақобатдош таваккаллар моделларида ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикаларининг асимптотик хоссаларини тадқиқ қилиш асосида:

тўла бўлмаган кузатилмалар учун умумлашган хи-квадрат типидаги статистикаси ва унинг асимптотик хоссалари Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази томонидан тасодифий миқдорларнинг тақсимотларини топишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг 2017 йил 25 августдаги 01/1-01-19/2-1039- сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши тўлиқ бўлмаган танланмалар учун статистик гипотезаларни текшириш имконини берган.

кузатилмалар тўлиқ бўлмаган ҳолда статистик гипотезаларни текшириш учун таклиф этилган умумлашган хи-квадрат критерийси ҳамда ҳақиқатга ўхшашлик нисбати статистикасининг асимптотик тақсимоти А-7-0-05 рақамли «Чўл минтақаси тупроқларининг нефть ва нефть маҳсулотлари билан ифлосланиш ҳолати ва биологик тозалаш усулига асосланган рекультивация технологиясини ишлаб чиқиш» амалий лойиҳада ифлосланган тупроқларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини ўзгариши билан боғлиқ маълумотларни статистик таҳлил қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялари агентлигининг 2017 йил 27 октябрдаги ФТА-02-11/952-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши ифлосланган тупроқларнинг кимёвий ва физикавий хоссаларини яхшиланиши ҳамда унумдорлигининг тикланишида тўғри хулоса чиқариш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish