Sayt test rejimida ishlamoqda

Солиев Махаммаджон Исматуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Айрим терпеноидларни кимёвий модификациялаш, синтез қилинган моддаларнинг хоссалари ва қўлланилиши», 02.00.14 – Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/К222.
Илмий раҳбар: Нурмонов Сувонқул Эрхонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.К.01.03 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Махсумов Абдулхамид Гофурович, кимё фанлари доктори, профессор; Бекназаров Ҳасан Сойибназарович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ментол, тимол, хамазуленлар асосида винил эфирлар олиш, уларнинг физик-кимёвий хоссаларини тадқиқ қилиш ва қўлланиш соҳаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ментол, тимол ва 3-гидроксиметил-хамазуленни гомоген шароитда ацетилен билан виниллаш реакцияси КОН-ДМСО юқори асосли системаси иштирокида амалга оширилган;
ментол, тимол ва 3-гидроксиметил-хамазуленни КОН-ДМСО юқори асосли системаси билан сольватланиши ҳамда ацетилен иштирокида виниллаш реакцияси механизми квант-кимёвий усуллар ёрдамида назарий исботланган;
виниллаш реакциясининг йўналиши термодинамик жиҳатдан баҳоланган ва реакция оралиқ босқичларидаги энергия ўзгаришлари қўлланилган моддаларнинг тузилишига ва молекуляр массасига боғлиқ бўлиши аниқланган;
синтез қилинган винил эфирларнинг қишлоқ хўжалигида ғалла зараркунандаси – зарарли хасва (Eurygaster integriceps Put.) ҳашоратига қарши инсектицидлик хоссалари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Айрим терпеноидларнинг винил эфирларини синтез қилиш бўйича олинган натижалар асосида:
дон ва дуккакли экинлар илмий тадқиқот институти Наманган илмий-тажриба станцияси ер майдонларида кузги буғдой ўсимлиги зараркунандаси – зарарли хасва (Eurygaster integriceps Put.) ҳашоратига қарши инсектицид сифатида қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги Наманган вилояти бошқармасининг 2021 йил 20 октябрдаги 01/14-789-сон маълумотномаси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Наманган вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармасининг 2021 йил     28 сентябрдаги 02/1083-сон маълумотномаси). Натижада, ғалла экини майдонида зарарли хасва ҳашоротининг 100 фоиз нобуд бўлишига имкон берган;
супер-асосли муҳитда ацетилен иштирокида терпеноидларнинг винил эфирларини синтез қилиш усули Сургут давлат университетининг (Россия) “Инновационные технологии извлечения, идентификации полифенолов дикоросов ХМАО-Югры и исследование их геропротекторных свойств при возраст-ассоциированных заболеваниях на Севере” мавзусидаги амалий лойиҳасида янги турдаги полифенолларни модификациялашда фойдаланилган (Сургут давлат университетининг 2020 йил 10 ноябрдаги 04-22-183-сон маълумотномаси). Натижада, полифенолларнинг бир қанча янги ҳосилаларини синтез қилиш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish