Сотволдиев Дилшодбек Марифжоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Шахснинг кўз тасвири асосида касалликларни аниқлаш алгоритмлари», 05.01.03 – Информатиканинг назарий асослари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Т896.
Илмий раҳбар: Примова Холида Анорбоевна, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети хузуридаги DSc.13/30.12.2019.Т.07.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Исмаилов Мирхалил Агзамович, техника фанлари доктори, профессер; Юсупов Озод Раббимович техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат транспорт университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ўрамли нейрон тармоғи ва норавшан тўпламлар назариясини қўллаган ҳолда шахснинг кўз туби олд ва ён кўриниши қон томири тасвири асосида кўз касалликларини ташхислаш масаласини ечиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
норавшан тўпламлар назариясидаги фаззификация ва дефаззификация оператори ёрдамида тасвирлар устида бажариладиган морфологик дилатация ва эрозия амаллари такомиллаштирилган;
шахснинг кўз туби олд кўриниши қон томири тасвири параметрларини аниқлаш асосида турли хил қандли диабет, гипертоник, артериал гипертензия ва бошқа касалликларни ташхислаш алгоритми ишлаб чиқилган;
кўз касалликларини ташхислаш масаласини ечишнинг ўрамли нейрон тармоғи архитектураси ва алгоритми ишлаб чиқилган;
кўз туби ён кўриниши қон томири тасвири асосида кўз касалликларини аниқлаш алгоритми такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Диссертация ишининг асосий илмий натижалари қуйидаги объектларга жорий қилинган:
қон томирлари тасвирларидаги ташхисий жиҳатдан аҳамиятли маълумотларни ажратиш услубияти Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалига, Андижон шаҳар тиббиёт бирлашмасига, Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасига ҳамда Андижон вилояти офтальмология шифохонасига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 07 майдаги 8-7-10/686-сон маълумотномаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 09 февралги 33-8/931-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида кўз туби тасвирлари ёрдамида кўз касалликларини ташхислаш аниқлигини ўртача 15%га ошириш имконини берган;
ўрамли нейрон тармоғи асосида қон томирлари касалликларини ташхислашнинг компьютер тизимлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига, Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасига, ва Фарғона вилояти офтальмология шифохонасига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 07 майдаги 8-7-10/686-сон маълумотномаси ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Вазирлигининг 2021 йил 09 февралдаги 33-8/931-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижасида кўз туби патологик кўриниши асосида касалликларни ташхислаш аниқлигини ўртача 15%га ошириш имконини берган.