Холмуродова Дилафруз Қуватовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Бир йиллик ўсимликларнинг поялари ва полимер боғловчилар асосида композицион ёғоч-пластикли плитали материалларнинг самарали таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.07 – Композицион, лок-бўёқ ва резина материаллари кимёси ва технологияси, 02.00.05 – Целлюлоза ва целлюлоза-қоғоз ишлаб чиқариш кимёси ва технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Т389.
Илмий маслаҳатчилар: Негматов Сайибжон Садикович, техника фанлари доктори, профессор, академик; Абед Нодира Сайибжановна, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети «Фан ва тараққиёт» ДУК ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.K/T.03.01 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Рамонбердиев Гаппар, кимё фанлари доктори, профессор; Эшмуродов Баходир Эшимович, техника фанлари доктори; Давлатов Расул Маматкулович, техника фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: бир йиллик ўсимликларнинг поялари ва полимер боғловчилар асосида композицион ёғоч-пластикли плитали материалларнинг самарали таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қурилиш, машинасозлик ва мебель саноатида ишлатиладиган импорт ўрнини босувчи композицион ёғоч-пластикли плитали материалларни олишда модифика-цияланган полимер боғловчилардан ва тўлдирувчи сифатида пахта ғўзапоясидан фойдаланишнинг чиқиндисиз технологиясини яратиш мумкинлиги асосланган;
ғўза-поядан олинган ёғоч тўлдирувчининг тузилиши, тури ва фракцион таркибининг миқдори ва модификацияланган полимер боғловчининг композицион массаси бир хил таркибли бўлмаган композицион ёғоч-пластикли плитали материалларнинг асосий физик-механик хоссаларига таъсири аниқланган;
ғўза-поянинг майдаланган массасини пневмоэлакдан ўтказиш йўли билан таркибида толали заррачалар бўлган композицион ёғоч-пластикли материаллар олиш мумкинлиги ва тўлдирувчи заррачаларининг оптимал ўлчамлари аниқланган;
ғўза-поядан ёғоч тўлдирувчи олиш технологияси ва унинг асосида композицион ёғоч-пластикли материаллар ҳамда ашёлар олишнинг асоси ҳисобланган майдаланган массага бўлган талаблар ишлаб чиқилган;
КФ-МТ маркали мочевинаформальдегид смоласининг қотиши орқали модификаторларнинг оптимал таркиблари ва модификациялаш шароитлари аниқланган;
физик-кимёвий модификациялаш орқали модификацияланган полимер боғловчининг тузилишини ўзгартириш билан композицион ёғоч-пластик плиталарнинг физик-механик хоссаларини яхшилаш мумкинлиги назарий асосланган;
юқори физик-механик ва эксплуатацион хоссаларга эга бўлган ёғоч-пластик плиталарни пресслашнинг оптимал технологик режимлари ишлаб чиқилган;
ишлаб чиқарилган композицион ёғоч-пластикли материалларни физик- механик хоссаларини бевосита ёғочдан олинадиган ёғоч-қиринди плиталарга нисбатан афзаллиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Бир йиллик ўсимликларнинг поялари ва полимер боғловчилар асосида композицион ёғоч-пластикли плитали материалларнинг самарали таркиби ва олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
композицион ёғоч-пластик плитали материалларнинг оптимал таркиби ихтисослаштирилган ишлаб чиқариш базаси ҳособланган «PROSPER ALL» МЧЖда амалиётга жорий этилган («O‘ZSANOATQURILISHMATERIALLARI» корхоналари уюшмасининг 2021 йил 3 майдаги 05/15-1137-сон маълумотномаси). Натижада, ёғоч-пластикли плиталарни 15000 м2 тажриба-саноат партиясини олиш ва қурилишда ишлатиш имконини берган;
ишлаб чиқилган ёғоч-пластикли плиталарни олиш технологияси «Файз» МЧЖ қўшма корхонасининг модернизация қилинган технологик тизимида амалиётга жорий этилган («O‘ZSANOATQURILISHMATERIALLARI» корхоналари уюшмасининг 2021 йил 3 майдаги 05/15-1137-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу технология бўйича юқори физик-механик хоссаларга эга бўлган ёғоч-пластикли плиталар олиш имконини берган;
композицион ёғоч-пластикли плиталарнинг тажриба саноат партияси «AZIMUT-MIG» МЧЖ қурилиш корхонасида иншоат ва иморатлар қурилишида амалиётга жорий этилган («O‘ZSANOATQURILISHMATERIALLARI» корхоналари уюшмасининг 2021 йил 3 майдаги 05/15-1137-сон маълумотномаси). Натижада, ёғочни 2–3 бараварга тежаш имконини берган.