Sayt test rejimida ishlamoqda

Эшмуродов Хуршид Эсанбердиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Маҳаллий хомашёлар асосида таркибида кремний бўлган ноорганик ва органик бирикмалар олиш технологиясини ишлаб чиқиш», 02.00.13 – Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси, 02.00.14 – Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/T1908.
Илмий раҳбарлар: Тураев Хайит Худайназарович, кимё фанлари доктори, профессор; Умбаров Ибрагим Амонович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассасалар номи: Термиз давлат университети, Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Т.78.01. 
Расмий оппонентлар: Амонов Мухтор Рахматович, техника фанлари доктори, профессор; Тожиев Панжи Жовлиевич, техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD). 
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: маҳаллий хомашёлар кварц қуми, органик мономерлар, крахмал асосида таркибида кремний бўлган ноорганик ва органик бирикмалар олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
илк бор глицерин, фтал ангидрид ва тетраэтоксисилан асосида кремний сақлаган ГФК-1, ГФК-2 маркали глифтал смолалар синтез қилинган;
акрил кислота, метилметакрилат ва тетраэтоксисилан асосида кремний-акрил сақлаган КАСМ-1, КАСМ-2 маркали, тетраэтоксисилан ҳамда крахмал асосида КМ-1, КМ-2 маркали полимер модификаторлар олинган; 
синтез қилинган ГФК-2, КАСМ-2 модификаторларини карбамид-формальдегид смола асосидаги елимга 5% қўшилиб тайёрланган ёғоч-қириндили плитанинг қалинлик ва ҳажмий бўкиши икки марта камайиши аниқланган;
маҳаллий хомашёлар асосида кремний сақлаган глифтал смолалар ва кремний-акрил сақлаган полимер модификаторлар олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Маҳаллий хомашёлардан таркибида кремний бўлган ноорганик ва органик бирикмалар олиш технологиясини ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
глицерин, акрилатлар, крахмал, тетраэтоксисилан ва сувда эрувчан силикатлар асосида модификаторлар олиш технологияси “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда қурилишда ишлатиладиган боғловчи моддалар учун таркибида кремний бўлган модификаторлар олишда амалиётга жорий қилинган (“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2020 йил 14 декабрдаги АА009779-сон маълумотномаси). Натижада, қурилишда ишлатиладиган боғловчи моддаларнинг сув ва иссиқликка чидамлилигини оширувчи арзон, юқори самарали модификаторлар олиш имконини берган;
синтез қилинган таркибида кремний бўлган ГФК-2, КАСМ-2, КФК-1 модификаторлари “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖда қурилиш материаллари учун модификацияланган боғловчи моддалар олишда амалиётга жорий қилинган (“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖнинг 2020 йил 14 декабрдаги АА009779-сон маълумотномаси). Натижада, олинган модификацияланган боғловчи моддаларнинг сувга ва иссиқликка чидамлилик хоссаларини икки мартагача ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish