Sayt test rejimida ishlamoqda

Жўрабаев Абдурашид Тўрамирзаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Янги тузилишдаги икки қатламли трикотаж тўқималарини ишлаб чиқариш ҳисобига трикотаж маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш”, 05.06.02 – Тўқимачилик материаллари технологияси ва хомашёга дастлабки ишлов бериш (техника фанлари бўйича).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2020.2.PhD/T1649.
Илмий раҳбар: Холиқов Қурбанали Мадаминович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-технология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-технология институти, PhD.03/30.12.2019.T.66.01.
Расмий оппонентлар: Жуманиёзов Қадам Жуманиязович, техника фанлари доктори, профессор; Мелибоев Умаржон Хайдарович, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон табиий толалар институти.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади трикотаж тўқув машиналарининг технологик имкониятларидан тўлиқ фойдаланиб, сифат кўрсаткичлари юқори, хомашё сарфи кам бўлган янги тузилишдаги икки қатламли трикотаж тўқималарини ишлаб чиқариш ҳисобига трикотаж маҳсулотлари ассортиментини кенгайтиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
маҳаллий ва чет эл технологиялари, мавжуд ва истиқболли трикотаж махсулотлари истеъмол кўрсаткичлари, уларга таъсир қилувчи омиллар таҳлили натижалари асосида янги тузилишга эга бўлган икки қатламли трикотаж тўқималарини олиш ва унинг қатламларини  бириктиришнинг мақбул усуллари илмий асосланган ва танлаб олинган;
икки қатламли трикотаж қатламларини бириктириш усулининг трикотажнинг технологик кўрсаткичлари ва физик-механик хусусиятларига таъсири натижасида мато хусусиятларининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда хом ашё сарфи кам ва шакл сақлаш хусусияти юқори бўлган янги тузилишли икки қатламли трикотаж тўқималарини олиш технологияси ишлаб чиқилган;
икки қатламли трикотаж тўқималарининг технологик кўрсаткичлари ва физик-механик хусусиятларига трикотаж таркибидаги қўшимча элементларнинг таъсири қонуниятларини ҳисобга олган ҳолда икки қатламли трикотаж тўқималарининг рационал таркиби ва кўрсаткичлари аниқланган; 
ташқи муҳит билан икки қатламли трикотаж матосининг иссиқлик-физикавий хусусиятларини  моделлаштириш ва таҳлил қилиш орқали матодаги иссиқлик алмашинуви жараёнининг назарий асослари ва матонинг иссиқлик сақлаш хусусиятлари аниқланган; 
рототабелли марказий композицион тажриба йўли билан пахта толасининг икки қатламли трикотаж тўқималаридаги  юза ва хажм зичликлари улуши  бўйича регрессия тенгламаси олинган ва унинг таҳлили натижаларига кўра матонинг юқори истеъмол хусусиятларини таъминловчи рационал тузилиши ва параметрлари аниқланган; 
икки қатламли трикотаж тўқимаси орқа қатлами ҳалқа ипи узунлиги ўзгаришининг трикотаж матоси технологик кўрсаткичлари ва унинг физик-механик хоссаларига боғлиқлик қонунияти асосида тўқиманинг талаб қилинган хусусиятларини таъминловчи халқа ипи узунлиги ва матонинг технологик кўрсаткичлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Янги тузилишдаги икки қатламли трикотаж тўқималарини ишлаб чиқариш бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар асосида:
янги тузилишдаги икки қатламли трикотаж тўқималарини олиш технологияси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тасарруфидаги “YANTEX” МЧЖга жорий қилинган (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 2020 йил 17 ноябрдаги 04/18-2694-сон маълумотномаси). Натижада, трикотаж маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва хомашё сарфини 28% гача камайтириш имконияти яратилган;
икки қатламли трикотаж тўқималарини олиш технологияси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тасарруфидаги “AVILION KOKAND” МЧЖга жорий қилинган (“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси 17 ноябрь 2020 йил, №04/18-2694сонли маълумотномаси). Натижада, трикотаж маҳсулотлари ассортиментини кенгайтириш, сифат кўрсаткичларини яхшилаш ва хом ашё сарфини 29% гача камайтириш имконияти яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish