Sayt test rejimida ishlamoqda

Акбаева Зебинисо Джалолиддиновнанинг
фалсафа доктори (PhD)диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Туркистон ўлка мусулмонлар бюроси фаолияти (1919-1920 йиллар)», 07.00.01 – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2017.1. PhD /Tar.5. 
Илмий раҳбар: Муртазаева Раҳбар Ҳамидовна, тарих фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Ражабов Қаҳрамон Кенжаевич, тарих фанлари доктори, профессор; Сайфулло Турсунов, тарих фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Туркистон ўлка Мусулмонлар бюросининг 1919 – 1920 йиллардаги фаолиятини кенг ва атрофлича очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
миллий раҳбар ходимлар ташаббуси билан Тошкентда ташкил топган ва бутун Туркистон АССРда фаолият юритган ўлка Мусулмонлар бюроси маҳаллий халқларни совет ҳокимияти идораларига жалб этиш, уларни совет қурилишига тортиш, туб аҳоли вакиллари ўртасида тегишли мутахассисларни тайёрлаш, Туркистондаги очарчилик ва иқтисодий вайронагарчиликка қарши кураш олиб борганлари исботланган;
Туркистон АССРда совет ҳокимияти томонидан 1920 йилда жорий қилинган ҳамда Марказдан юборилган Туркистон комиссияси (Турккомиссия) раҳбарлигида амалга оширилган умумий меҳнат мажбуриятининг асл моҳиятини кўрсатиш, туб аҳоли вакилларининг мажбурий меҳнатга жалб этилиши, бу жараёнда 16 ёшдан 50 ёшгача бўлган барча эркак аҳолидан ташқари болалар, аёллар, кексалар ҳам қатнашишга зўравонлик билан мажбур қилинганлиги далилланган;
Туркистон ўлка Мусулмонлар бюросининг ташкил топиши, унинг ўзбек халқи миллий давлатчилик тарихида тутган ўрни, таниқли давлат арбоби Турор Рисқуловнинг Мусулмонлар бюросидаги раҳбарлик фаолияти, Мусулмонлар бюросининг ўлкадаги ижтимоий ва сиёсий жараёнларга таъсири, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракатига муносабати, очарчилик ва унинг оқибатлари ҳамда озиқ-овқат муаммосини ҳал этишда Мусулмонлар бюросининг тутган ўрни асосланган;
собиқ совет ҳокимияти томонидан юритилган мустамлакачилик сиёсати, хусусан, Марказ вакиллари томонидан юборилган турли фавқулодда комиссия ва бюроларнинг минтақада юритган улуғ давлатчилик ва шовинистик сиёсати ва унинг натижасида Мусулмонлар бюроси фаолияти мажбурий равишда тугатилганлиги исботланган..
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Туркистон ўлка Мусулмонлар бюроси фаолияти (1919 –1920 йй.) мавзусига оид ишлаб чиқилган илмий хулосалар ва таклифлар асосида:
миллий раҳбар ходимларнинг ўлка Мусулмонлар бюросини ташкил қилиш, маҳаллий халқларнинг совет ҳокимияти идораларига жалб этилиши, совет қурилишига тортилиши каби фаолиятлари бўйича тўпланган ҳужжатлар, манбалар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи, хусусан, Ўзбекистон тарихи давлат музейи доимий экспозициясининг “Ўзбекистонда миллий озодлик ҳаракатлари: XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX аср бошлари” бўлими экспозициясини тўлдиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг 2020 йил 11 февралдаги 3/1255-425–сон маълумотномаси). Илмий материаллар Туркистон ўлка мусулмонлар бюросининг фаолиятига доир ҳисоботлар, маълумотлар, жумладан, шўъбаларига оид янги маълумотлар билан бойитилишига хизмат қилган;
Туркистон ўлка Мусулмонлар бюросининг ташкил топиши, унинг ўзбек халқи миллий давлатчилик тарихида тутган ўрни, таниқли давлат арбоби Турор Рисқуловнинг Мусулмонлар бюросидаги раҳбарлик фаолияти, Мусулмонлар бюросининг ўлкадаги ижтимоий ва сиёсий жараёнларга таъсирига оид илмий хулосалардан Республика маънавият ва маърифат марказининг 2018-2019 йилларда ўтказилган тарғибот ва ташвиқот фаолиятида қўлланилган (Республика Маънавият ва Маърифат Кенгаши Республика Маънавият ва Маърифат Марказининг 2020 йил 12 февралдаги 0207-200-сон маълумотномаси). Олинган натижалар халқимизнинг тарихий мероси, урф-одатлари ва миллий тарбия анъаналарини асраб-авайлаш, кенг аҳоли қатламлари, айниқса ёшлар ўртасида динлараро бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни илмий асосда ташкил қилишга хизмат қилган;
собиқ совет ҳокимияти томонидан юритилган мустамлакачилик сиёсати, Марказ вакиллари томонидан юборилган турли фавқулодда комиссия ва бюроларнинг минтақада юритган улуғ давлатчилик ва шовинистик сиёсати ва унинг натижасида Мусулмонлар бюроси фаолияти мажбурий равишда тугатилишига оид илмий натижалардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телеканали таркибидаги “Ўзбекистон тарихи” телеканалидаги “Миллат фидойилари” ва “Эврика+”  кўрсатувларининг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон телерадиоканали” давлат унитар корхонасининг 2020 йил   13 февралдаги 03-40-353 – сон маълумотномаси). Бунда, тақдим этилган маълумотлар ёшларни улуғ алломаларимиз яратган бебаҳо меросни ўрганиш, уни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ишларини янада кучайтиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish