Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипов Санжар Собировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолиятини бошқаришни такомиллаштириш», 12.00.02. – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Yu374.
Илмий раҳбар: Зиёдуллаев Музаффар Зиёдуллаевич, юридик фанлар доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси,  DSc.31/30.12.2019.Yu.25.02.
Расмий оппонентлар: Селиманова Светлана Михайловна, юридик фанлар доктори, профессор; Нематов Жўрабек Нематиллоевич, юридик фанлар доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистан Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолиятини бошқаришни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
туман (шаҳар)лар миқиёсида жамоат жойларида ва алоҳида шароитларда шартномавий-ҳуқуқий асосда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этишга доир маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатларини кенгайтириш ҳамда ҳуқуқий асосларини яратиш зарурати илмий асослаб берилган;
маъмурий ҳудудларнинг жўғрофий, ижтимоий-иқтисодий, демографик ва криминоген хусусиятларини инобатга олган ҳолда патруль-пост хизмати саф бўлинмалари нарядлари турини танлаш, жойлаштириш, манёвр қилиш ва фаолиятини ташкил этиш имконини берувчи бошқарув моделларини амалиётга жорий этиш, хусусан Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича отлиқ патруль отрядларининг вазифаларини аниқ белгилаш зарурати ва аҳамияти асослантирилган;
ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари фаолиятини моддий-техник жиҳатдан такомиллаштиришда нарядларни бевосита ушбу тизим учун ихтисослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган автотранспорт воситалари билан таъминлаш, замонавий янги авлод махсус техник воситалари билан тизимли равишда қуроллантириш, иш унумдорлигини оширувчи дастурий технологияларни фаолиятга кенг жорий этишни устувор йўналишлар сифатида белгилаш зарурати илмий асосланган;
патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш фаолияти натижаларини баҳолаш мезонларини ҳуқуқий белгилаш, тизимга интеллектуал ва касбий салоҳияти, маънавий-ахлоқий савияси юқори, дунёқараши кенг ходимларни танлаб олиш имконини берувчи махсус-профессионал танловни жорий этиш зарурати асослантирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолиятини бошқаришни такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
туман (шаҳар)лар миқиёсида жамоат жойларида ва алоҳида шароитларда шартномавий-ҳуқуқий асосда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг фаолиятини ташкил этишга доир маҳаллий ҳокимликларнинг ваколатларини кенгайтиришга доир таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 декабрдаги «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4075-сон қарорининг 15-бандини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2020 йил 16 ноябрдаги 26-3245-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар туман (шаҳар) даражасида оммавий тадбирлар давомида ва жамоат жойларида жамоат хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ходимларини шартнома-ҳуқуқий асосда хизматга жалб қилиш орқали жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
маъмурий ҳудудларнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда патруль-пост хизмати саф бўлинмалари нарядлари турини танлаш ва фаолиятини ташкил этиш имконини берувчи бошқарув моделларини амалиётга жорий этиш, хусусан Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича отлиқ патруль отрядларининг вазифаларини аниқ белгилашга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 майдаги «Ички ишлар органларининг жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2940-сон қарорининг 3-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2020 йил 16 октябрдаги 15-2512-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг жорий этилиши жамоат жойлари, хусусан марказий кўчалар, дам олиш зоналари ва аҳоли гавжум бўладиган бошқа жойларда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарларни ушлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари фаолиятини моддий-техник жиҳатдан такомиллаштириш, хусусан нарядларни бевосита ушбу тизим учун ихтисослаштирилган ҳолда ишлаб чиқилган автотранспорт воситалари билан таъминлаш, замонавий янги авлод махсус техник воситалари билан тизимли равишда қуроллантиришга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг  2018 йил 18 апрелдаги 111-сон буйруғи билан тасдиқланган ички ишлар органлари патруль-пост хизмати саф бўлинмалари уставининг 85-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2018 йил 29 декабрдаги 15/3989-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий этилиши патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг моддий-техник таъминоти ва махсус воситалар билан қуролланишини такомиллаштириш орқали фаолият самарадорлигини оширишга хизмат қилган;
патруль-пост хизмати саф бўлинмаларининг жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш фаолияти натижаларини баҳолаш мезонларини ҳуқуқий белгилаш, ушбу тизимга интеллектуал ва касбий салоҳияти, маънавий-ахлоқий савияси юқори, дунёқараши кенг ходимларни танлаб олиш имконини берувчи махсус-профессионал танловни жорий этишга доир таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги «Тошкент шаҳрининг жамоат тартибини таъминлаш кучлари таркибида хизмат ўтаётган ходимлар ва ҳарбий хизматчилар фаолиятини баҳолаш ва уларга бир марталик пул мукофотини тўлаш мезонларини белгилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 697-сон қарорининг 5-7-бандларини (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги 12/20-12-сон маълумотномаси), шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИИВ 2017 йил 23 сентябрдаги 207-сон буйруғи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясининг касбий тайёргарлик факультетига қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом»нинг 37-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг 2020 йил 10 августдаги 2/2716-сон маълумотномаси). Таклифларнинг жорий этилиши патруль-пост хизмати саф бўлинмалари нарядларининг фаолиятини баҳолаш самарадорлигини ошириш ҳамда тизимни юксак маънавий-ахлоқий фазилат ва масъулиятга эга бўлган профессионал кадрлар билан таъминлашга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish