Sayt test rejimida ishlamoqda

Мелиқўзиев Миркомил Вохиджон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Шаҳарлар электр таъминоти тизими параметрларини танлаш усуллари ва алгоритмларини такомиллаштириш», 05.05.02 – Электротехника. Электр энергия станциялари, тизимлари. Электротехник мажмуалар ва қурилмалар (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.3.PhD/T1829.
Илмий раҳбар: Таслимов Абдурахим Деҳқонович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.03/10.12.2019.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Гайибов Тўлқин Шерназарович, техника фанлари доктори, профессор; Бердишев Абдурахим Суламанович, техника фанлари номзоди, доцент. 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик институти 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади шаҳарлар электр таъминоти тизимининг оптимал параметрларини танлаш, уларнинг ўзгариш қонуниятларини ўрганиш ва танланган параметрлар асосида шаҳарлар электр таъминоти тизими оптимал конфигурациясини қуриш алгоритмини ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шаҳарлар электр таъминоти тизими элементларининг параметрларини танлаш имконини берувчи умумий харажатлар ҳамда техник чегараланишларнинг математик ифодалари ишлаб чиқилган;
электр юклама зичлигининг қиймати кенг оралиқда ўзгарганда шаҳар тақсимловчи электр тармоқлари кабелларини ягона кесим юзаси билан қуриш иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги исботланган;
шаҳарлар электр таъминоти тизими параметрларини оптималлаштириш асосида трансформатор подстанциясининг оптимал қуввати ва кабел линиясининг узунлигини электр юклама зичлигига боғлиқ ҳолда аниқлаш имконини берувчи математик ифодалари таклиф этилган ҳамда параметрларнинг оптимал қийматлари бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган;
шаҳарлар электр таъминоти тизимининг танланган параметрларини ҳисобга олувчи унинг оптимал конфигурациясини қуриш алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Шаҳарлар электр таъминоти тизими тармоқларининг оптимал параметрларини аниқлаш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
Тошкент шаҳри ва вилоятида паст кучланишли электр тармоқларини лойиҳалашда оптимал параметрлар “Ўзэнергоинжиниринг” АЖда жорий этилган («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг 2020 йил 25 сентябрдаги 01-04-07/3397-сон маълумотномаси). Натижада, йилига 115 050 000 сўмлик (2019 йил 1 августдаги тариф бўйича 1 кВт∙соат электр энергиясининг нархи 295 сўм) иқтисодий самарадорликни олиш имконини берган;
шаҳар электр таъминоти тизими оптимал параметрларининг қийматлари бўйича тавсиялар Тошкент шаҳридаги мавжуд электр тармоқларини янгилашда ва қайта қуришда “Ўзэнергоинжиниринг” АЖда жорий этилган («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг 2020 йил 25 сентябрдаги 01-04-07/3397-сон маълумотномаси). Натижада, тавсия этилган тармоқ параметрларидан фойдаланиш белгиланган ҳудуд учун электр энергиясининг йиллик исрофини 390000 кВт∙соатга камайтириш имконини берган;
танланган параметрларга эга бўлган тақсимловчи электр тармоқларининг оптимал конфигурациясини қуриш дастури “Ўзэнергоинжиниринг” АЖда жорий этилган («Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг 2020 йил 25 сентябрдаги 01-04-07/3397-сон маълумотномаси). Натижада, 0,38 кВ ли тақсимловчи электр тармоқ кабел линиясининг умумий узунлигини 15 км (13%) га қисқариш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish