Sayt test rejimida ishlamoqda

Мадалиев Муродил Эркинжон ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ҳаво сепараторлари ичида содир бўладиган жараёнларни кўп фазали муҳитлар назарияси асосида моделлаштириш», 01.02.05 – Суюқлик ва газ механикаси (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.2.PhD/FM235.
Илмий раҳбар: Маликов Зафар Маматқулович, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти, DSc.02/30.12.2019. Т/FM.61.01.
Расмий оппонентлар: Хўжаёров Бахтиёр Хўжаёрович, физика-математика фанлари доктори, профессор; Арифжанов Айбек Мухамеджанович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги Ахборот-коммуникация технологиялари илмий-инновацион маркази.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади икки фазали полидисперс муҳитлар турбулент оқимларининг математик моделини қўллаш орқали марказдан қочма сепаратор конструкциясининг мақбул параметрларини аниқлашдан иборат.
III. Диссертация тадқиқотининг илмий янгилиги:
илк бор фазалараро ўзаро таъсирни ҳисобга олган ҳолда Рейнольдс кучланишлари RSM турбулентлигининг чизиқли бўлмаган модели ёрдамида сепаратордаги икки фазали айланма оқимнинг тузилган математик моделининг бошқа моделларга нисбатан адекватлик жиҳатдан устунлиги исботланган;
чизиқли бўлмаган турбулентлик модели асосида Рейнольдс тенгламалар системасини янги ўзгарувчилар асосида сонли ечиш усули ишлаб чиқилган;
янги марказдан қочма сепараторнинг ёрдамчи элементларининг оптимал параметрларини сонли ҳисоблаш услуби ишлаб чиқилган;
ишлаб чиқилган трапециясимон куракчалар асосида кукунларни ажратиш учун юқори самарали марказдан қочма сепаратор яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Марказдан қочма сепаратордаги икки фазали полидисперс муҳитлар турбулент оқимларини ўрганиш бўйича олинган натижалар асосида: 
марказдан қочма сепаратор конструкциясининг мақбул параметрлари Олмалиқ кон-металлургия комбинати учун рух кукуни ажратгичини ишлаб чиқаришга жорий этилган (Олмалиқ кон-металлургия комбинати ОАЖнинг 2020 йил 21 февралдаги АС-01441-сон маълумотномаси). Натижада, ўртача катталиги 7 микрон бўлган (ГОСТ 12601-76) ПЦ-4 рух кукунини ажратиш имкони яратилган;
сепаратор ичида кечадиган жараённинг аэродинамикасини ўрганиш натижалари қурилма рационал параметрларини топишга қўлланилган (Олмалиқ кон-металлургия комбинати ОАЖ нинг 2020 йил 21 февралдаги АС-01441-сон маълумотномаси). Натижада, ишлаб чиқариш жараёнида рух кукуни ажратгичининг Ф.И.К.ни 50% дан 70% гача оширишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish