Sayt test rejimida ishlamoqda

Дадамирзаев Музаффар Хабибуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сабзавотли соус-паста яримфабрикатлари тайёрлаш технологиясини такомиллаштириш», 02.00.17 – Қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотларига ишлов бериш, сақлаш ҳамда қайта ишлаш технологиялари ва биотехнологиялари (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Т1894. 
Илмий раҳбар: Атаханов Шухратжон Нуриддинович, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент кимё-технология институти, DSc.03/30.12.2019.Т.04.01.
Расмий оппонентлар: Абдурахимов Саидакбар Абдурахмонович, техника фанлари доктори, профессор; Ахраров Умид Бакирович, иқтисод фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Бухоро муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятига молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сабзавот хомашёлари асосида функционал вазифани бажарувчи янги турдаги соус-паста яримфабрикатлари рецептураси ва тайёрлаш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
функционал ва парҳезбоп соус-паста яримфабрикатлари олишнинг томатли, глютенсиз ва ошқовоқли 3 турдаги рецепти ишлаб чиқилган ҳамда узлуксиз, механизациялашган технологик тизимнинг мақбул параметрлари аниқланган;
буғдой, гуруч ва нўхот унларига термик ишлов бериш натижасида улардаги крахмалнинг структураси қисман ўзгариши исботланиб, унинг намлик ютиш ва бўкиш қобилиятининг пасайиши аниқланган; 
сабзавотли соус-паста яримфабрикатларининг органолептик, физик-кимёвий, микробиологик ва структуравий-механик хоссалари аниқланган;
сабзавотли соус-паста яримфабрикатларини ишлаб чиқаришда қўлланилган қуюлтирувчи ингредиентларни тайёр маҳсулотнинг реологик хоссаларига таъсири аниқланган; 
сабзавот хомашёлари асосида функционал вазифани бажарувчи янги турдаги соус-паста яримфабрикатлари тайёрлашнинг такомиллаштирилган технологияси яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Сабзавотли соус-паста яримфабрикатлари тайёрлаш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган натижалар асосида:
«Cабзавот соус-паста яримфабрикатлари» ишлаб чиқаришга техник шарт (Тs 16165217-01:2019) ва технологик йўриқнома (ТЙ 16165217-01:2019) «Ўзстандарт” агентлиги томонидан тасдиқланган. Натижада, функционал соус-паста яримфабрикатлар ишлаб чиқариш имконини берган;   
сабзавотли соус-паста яримфабрикатлари тайёрлаш технологияси «Наманган шарбати» АЖ корхонасида ишлаб чиқаришга жорий этилган («Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК АЖнинг 2020 йил 18 мартидаги АА/05-2-444-сон маълумотномаси). Натижада, озиқавий ва биологик қимматини сақлаб қолувчи соус-паста яримфабрикатлар ассортиментини ошириш имконини берган; 
соус-паста яримфабрикатлари тайёрлаш технологияси Учқўрғон туманидаги «Muhammadali Hamkor Biznes» ОАЖ ва Наманган шаҳридаги «Туркистон» тантаналар мажмуасида ишлаб чиқаришга жорий этилган («Ўзбекозиқовқатхолдинг» ХК АЖнинг 2020 йил 18 мартидаги АА/05-2-444-сон маълумотномаси). Натижада, анъанавий технологияга нисбатан ишлаб чиқариш самарадорлигини 16% га, турдош ташкилотлар ва истеъмол бозорига етказиб беришни 25% га ошириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish