Sayt test rejimida ishlamoqda

Нариманов Бекзод Абдувалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш», 12.00.02 – Конституциявий ҳуқуқ. Маъмурий ҳуқуқ. Молия ва божхона ҳуқуқи (юридик фанлар). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Yu403.
Илмий раҳбар: Мусаев Бекзод Турсунбоевич, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат юридик университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат юридик университети, DSc.07/30.12.2019.Yu.22.02. 
Расмий оппонентлар: Мухамедов Ўткирбек Хазратқулович, юридик фанлар доктори, профессор; Асадов Шавкат Гайбуллаевич, юридик фанлар доктори, доцент. 
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик. 
II. Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистон Республикасида нодавлат нотижорат ташкилотларини ташкил қилиш ва фаолият кўрсатиши билан боғлиқ муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни электрон платформа асосида электронлаштириш зарурлиги асосланган;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасига ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотларига ўн ёшга тўлган шахслар ихтиёрий аъзо бўлиши мумкинлиги асослаб берилган;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий филиалларини рўйхатга олиш бўйича амалдаги тартибини бекор қилиш зарурлиги асосланган;
нодавлат нотижорат ташкилотлар рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида ваколатли орган томонидан рамзнинг тавсифига оид ҳужжатни талаб қилиш амалиётини бекор қилиш лозимлиги асослаб берилган;
нодавлат нотижорат ташкилотлари иштирокчиларининг аъзолик бадаллари спортга ихтисослашган давлат таълим муассасалари ҳузуридаги ННТларнинг молиялаштириш манбалари ҳисобланиши зарурлиги асосланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Ўзбекистонда нодавлат нотижорат ташкилотларининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мавзусидаги тaдқиқот бўйичa олингaн илмий нaтижaлaр acоcидa: 
нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларни электрон платформа асосида электронлаштириш зарурлигига оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасининг 10-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 24 июндаги 9/4-3/5-3018-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ННТга давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ жараёнларни электронлашувига хизмат қилган;
жисмоний тарбия ва спорт соҳасига ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотларига ўн ёшга тўлган шахслар ихтиёрий аъзо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги “Давлат таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 
542-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисида” низомнинг 17-бандини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 17 августдаги 
02-07-08-2179-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши спорт клуби шаклидаги ННТларга аъзолик ёшини белгилашга хизмат қилган;
ННТларнинг ҳудудий филиалларини рўйхатга олишнинг амалдаги тартибини бекор қилишга оид таклиф Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги кодекс лойиҳасининг 18-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 24 июндаги 9/4-3/5-3018-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ННТларнинг ҳудудий бўлинмаларини давлат рўйхатидан ўтказишдек ортиқча ҳаракатларнинг олдини олишга хизмат қилади;
ННТлари рамзини давлат рўйхатидан ўтказишда рамзнинг тавсифини тақдим қилиш тартибини бекор қилиш зарурлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикасининг Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс лойиҳасининг 62-моддасини ишлаб чиқишда инобатга олинган (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2020 йил 24 июндаги 9/4-3/5-3018-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ННТлари рамзларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилган;
таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари ҳамда талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлари ва спорт клубларига аъзолик бадаллари давлат таълим муассасалари ҳузурида ташкил этиладиган спорт клубларининг молиялаштириш манбалари бўлиши зарурлиги ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 июлдаги “Давлат таълим муассасалари ҳузурида спорт клубларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 542-сон қарори 5-бандини, мазкур қарор билан тасдиқланган “Давлат таълим муассасалари ҳузуридаги спорт клублари тўғрисида” низомнинг 7-бандини, 10-банди, 20-бандини, 25-27-бандларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг 2020 йил 17 августдаги 02-07-08-2179-сон маълумотномаси). Ушбу таклифнинг амалга оширилиши ННТ шаклидаги спорт клубларининг молиялаштириш манбаларини аниқлаштиришга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish