Парманова Дилноза Мавлановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қоракўлчиликда наслли қўзилар олиш ва уларни парваришлаш хусусиятлари», 06.02.03 – Хусусий зоотехния. Чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш технологияси (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.3.РhD/Qx64.
Илмий раҳбар: Бобоқулов Насилло Асадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти, PhD.05/30.12.2019.Qх.75.01.
Расмий оппонентлар: Досмухамедова Мухайё Хусниддиновна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, доцент; Амиров Шавкат Қўзибоевич, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади қоракўлчиликда наслли қўзилар олиш ва парваришлаш хусусиятларини аниқлаш асосида уларнинг наслдорлиги ва маҳсулдорлигини оширишнинг илмий асосларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор янги экологик ҳудуд ҳисобланган адир шароитида турли даражадаги озиқлантириш типдаги қорақалпоқ сур қоракўл қўйларининг ўсиш ва ривожланиш хусусиятлари аниқланган;
наслли қорақалпоқ сур қоракўл қўчқорларининг репродуктив хусусиятларини юзага чиқариш муддатлари аниқланган;
наслли қорақалпоқ сур қоракўл қўчқорларининг озиқлантириш маҳсулдорлик ва репродуктив хусусиятларини ўрганиш асосида уларнинг наслдорлигини ошириш йўллари ишлаб чиқилган;
наслли қорақалпоқ сур қоракўл қўчқорларининг уруғ олиш ва уруғлантириш ёшига олинган авлодлар сифатининг боғлиқлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Наслли қорақалпоқ сур қоракўл қўчқорларининг озиқланиш, ўсиш ва ривожланиш, репродуктив ҳамда маҳсулдорлик хусусиятларини ўрганиш йўналишида олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
наслли қорақалпоқ сур қоракўл қўчқорларини парваришлаш усули Нурота тумани «Истиқлол қоракўл наслчилик» МЧЖ да жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 20 июлдаги 02/23-273-сон маълумотномаси). Натижада 1 дона қорақалпоқ сур қоракўл териларини етиштириш бўйича соф фойда 34000,0 сўмни, рентабеллик даражаси эса 70,83-75,0 фоизни ташкил этган;
наслли қўчқорлардан фойдаланишнинг энг мақбул муддатларини аниқлаш усули Нурота тумани «Истиқлол қоракўл наслчилик» МЧЖ да жорий қилинган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 20 июлдаги 02/23-273-сон маълумотномаси). Натижада 1 дона қорақалпоқ сур қоракўл терисидан олинган соф фойда 39750,0 сўмни, рентабеллик даражаси 75,0-83,3 фоизни ташкил этган;
наслли қўчқорлардан селекция жараёнида самарали фойдаланиш усули Нурота тумани «Истиқлол қоракўл наслчилик» МЧЖ да жорий этилган (Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг 2020 йил 20 июлдаги 02/23-273-сон маълумотномаси). Натижада 1 дона қорақалпоқ сур қоракўл терисидан олинган соф фойда 39750,0-49170,0 сўмни, рентабеллик даражаси 83,3 фоизни ташкил қилган.