Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипов Расулбек Ахмедовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «m-субгармоник фукцияларнинг махсуслик тўпламлари», 01.01.01–Математика анализ (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/FM332.
Илмий раҳбар: Абдуллаев Бахром Исмоилович, физика-математика фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Урганч давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Урганч давлат университети, Қорақалпоқ давлат университети, PhD.28.12.2017.FM.55.01.
Расмий оппонентлар: Худайберганов Гулмирза, физика-математика фанлари доктори, профессор; Қурбанов Бухарбай, физика-математика фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: m-субгармоник, кучли m-субгармоник ва α-субгармоник функцияларнинг четлатиладиган махсусликлари тўпламининг геометрик тузилишини тавсифлаш, локал α-поляр тўпламининг глобал α-поляр эканлигини исботлаш ва α-субгармоник функциялар синфида Дирихле масаласини ечишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
α-субгармоник функцияларнинг бир қатор хоссалари исботланган, α-субгармоник функциянинг бошқача, янада қулайроқ таърифи берилган;
локал α-поляр тўпламнинг глобал α-поляр эканлиги исботланган;
α-субгармоник функциялар синфида Дирихле масаласи ечилган;
Lloc P ва Lloc l,P, синфлардан олинган m-субгармоник функцияларнинг махсусликлари тўплами тузилиши (n-s,q) - сиғим терминида тавсифланган;
α-поляр тўпламларнинг юқоридан чегараланган α-субгармоник функциялар учун четлатилиши мумкин бўлган махсусликлари тўплами экани исботланган;
поляр тўплам юқоридан чегараланган кучли m-субгармоник функциялар синфи учун четлатиладиган махсуслик тўплами бўлиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
m-субгармоник фукцияларнинг махсуслик тўпламлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
m-субгармоник функцияларнинг четлатиладиган махсусликлари  тўпламлари ҳақидаги натижалар Тулуза университетиниг Математика институтида ночизиқли потенциаллар назариясининг Келлер геометриясига татбиғида сингуляр Келлер фазоларидаги каноник метрикаларни аниқлашда қўлланилган (Тулуза университетининг 2019 йил 8 ноябрдаги маълумотномаси). Илмий натижаларнинг қўлланилиши талаб қилинган каноник метрикаларнинг  мавжудлигини исботлаш имконини берган;  
юқоридан чегараланган кучли m-субгармоник  функциялар синфи учун поляр тўпламнинг четлатиладиган махсуслик тўплами бўлиши ҳақидаги натижа Ф4-ФА-0-16928 рақамли  «Комплекс потенциаллар назариясида плюрирегулярлик хусусиятлари ва модифицирланган манбали дифференциал айирмали тенгламалар» лойиҳасида четланган махсуслик тўпламларини аниқлашда қўлланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2019 йил 21 ноябрдаги хати). Илмий натижанинг қўлланилиши комплекс фазоларда компакт тўпламларнинг поляр қобиқларини аниқлаш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish