Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуллоев Аслиддин Жунайдуллоевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари», 08.00.04–¬Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти (иқтисодиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.1.PhD/Iqt89.
Илмий раҳбар: Фарманов Тулқин Хайитмуродович, иқтисодиёт фанлари доктори, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти ва Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти илмий-тадқиқот институти, DSc.27.06.2017.I.10.03.
Расмий оппонентлар: Қодиров Абдурашид Мажидович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Жумаев Отабек Толибович, иқтисодиёт фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот:  Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини шакллантириш ва ривожлантириш бўйича тавсия ва таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма субъектларининг функционал фаолиятида рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кооперациявий ҳамкорлик муносабатлари асосида ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмлари ишлаб чиқилган;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида кооперация бирлашувидаги кооператив корхоналарни “давлат, хусусий, хорижий ҳамкорлар” шерикчилиги асосида ташкил этиш самарали эканлиги асосланган;
ихтисослашган пахтачилик кластерларидаги хўжаликлар фаолиятини кооперация муносабатлари асосида мувофиқлаштириш ва ўзаро иқтисодий ҳамкорлигини шакллантиришнинг намунавий тузилмаси ишлаб чиқилган;
қишлоқ хўжалигида иқтисодий-шартномавий муносабатлар, ўзаро даромадлар ва фойдани тақсимлаш амалиётини тенг манфаатлар асосида амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини барқарор кўпайтириш сингари хусусиятларни назарда тутувчи кооперация муносабатларини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ҳудудларда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ихтисослашганлик даражасини ҳисобга олган ҳолда фермер хўжаликлари, хизмат кўрсатиш ва таъминот йўналишлардаги хўжалик субъектлари ўртасида кооперация муносабатларини шакллантиришнинг ташкилий, иқтисодий ва ҳуқуқий механизмларига оид таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2009 йил 18 июндаги 02/18-213-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар асосида фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик субъектлари ўртасида кооперация муносабатларини ривожлантириш бўйича тадбирлар ишлаб чиқилган;
қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини шакллантиришнинг институционал тизимини такомиллаштириш бўйича қишлоқ хўжалигида товар маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар билан уларнинг маҳсулотларини харид қиладиган корхона ва ташкилотлар, шунингдек, хизмат кўрсатиш, иш бажариш, таъминот ва бошқа хўжалик субъектлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилишини таъминлаш юзасидан таклифлардан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан амалиётда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 04/033-1254-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар қишлоқ хўжалиги ва бошқа хўжалик субъектлари ўртасида ҳамкорлик муносабатларини тенг манфаатларда мустаҳкамлаш ҳамда уларни иқтисодий жиҳатдан барқарор фаолият кўрсатиш имкониятини яратган;
пахта тўқимачилиги кластери фаолиятида кооперация муносабатларини шакллантириш ва ривожлантириш, бунда  пахта хомашёсини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сотиш тизимида иштирок этувчи хўжалик субъектлари ўртасида тенг манфаатлар асосида кооперация муносабатларини шакллантириш ва ривожлантиришнинг зарурлиги ҳамда бу тизимни мувофиқлаштириш ва фаолият юритишнинг илмий-амалий жиҳатдан асосланган намунавий тузилмаси  тўғрисидаги таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан  амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2018 йил 20 сентябрдаги 04/033-1254-сон ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг 2018 йил 23 октябрдаги 01/03-1807-сон маълумотномалари). Юқорида санаб ўтилган таклифларнинг жорий қилиниши кластерлар таркибидаги хўжалик субъектлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш, бошқарув ва ижро масъулиятини оширишга амалий ёрдам кўрсатган;
қишлоқ хўжалигида кооперация муносабатларини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий механизмларни бутун бир мажмуа сифатида шакллантириш тўғрисида таклифлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 14 декабрдаги ММ-5-1/20-6-2938-сон маълумотномаси). Ушбу таклифлар доирасида қонуности ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилиниши кооперация муносабатларидаги кооператив бирлашмалар/корхоналар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилган;
қишлоқ хўжалиги тармоқлари даражасида кооперация муносабатларини шакллантириш ва ривожлантириш стратегиясининг моделини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф ва тавсиялар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт  вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2018 йил 14 декабрдаги ММ-5-1/20-6-2938-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлардан қишлоқ туманларида кооператив бирлашмалар ташкил қилишда фойдаланилмоқда ва улар корхоналарни барқарор фаолиятини йўлга қўйишга амалий ёрдам кўрсатган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish