Sayt test rejimida ishlamoqda

Алламбергенова Гулжахан Айтбаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража берилган фан тармоғи номи): «И.Юсупов асарларида фразеологизмларнинг услубий қўлланилиши», 10.00.03– Қорақалпоқ тили (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.3.PhD/Fil329.
Илмий раҳбар: Абдиназимов Шамшетдин Нажимович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Қорақалпоқ давлат университети, DSc.27.06.2017.Fil.20.01.
Расмий оппонентлар: Ибрагимов Юлдош Маткаримович, филология фанлари доктори, профессор; Альниязов Айтмурат Исмаилович, филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: таниқли шоир И.Юсупов асарларидаги фразеологизмларнинг лексик-семантик хусусиятлари ва стилистик функцияларини аниқлаш асосида қорақалпоқ тили бадиий матнларининг лингвопоэтик табиатини белгиловчи етакчи тамойилларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор қорақалпоқ тилшунослигида И.Юсупов асарлари тилининг лингвопоэтик таҳлили асосида фразеологик бирликларнинг бадиий матндаги семантик-стилистик вазифалари ижодкорнинг ўзига хос поэтик маҳорати ва услубини ифодалашдан иборатлиги аниқланган;
шоир асарлари тилидаги кўп маъноли, синонимлик, антонимлик, омонимлик ва соматик фраземалар ҳамда фраземалардаги вариантлилик ҳодисасининг тадқиқи натижасида ижодкор поэтик нутқида халқ тилига хос турғун бирикмаларнинг қўлланилиши устуворлик қилиши исботланган;
И.Юсупов асарларидаги турғун бирикмаларнинг лингвопоэтик таҳлили асосида қорақалпоқ шеърияти поэтик контекстидаги фраземалар услубий-аташ, нутқни ихчамлаштириш, тушунчани образли аташ, баҳо бериш, психологик ҳолатни ифодалаш, эмоционал ҳолатни бериш ва экспрессив таъсир этиш хизматларини бажариши далилланган;
фраземаларнинг окказионал услубий хоссалари шеърий матнда сатира, юмор ва градация ҳосил қилиш, персонажлар нутқининг ўзига хослигини кўрсатиш, шеър мавзусини белгилаш ҳамда шоирнинг ғоявий-бадиий ниятини акс эттиришдан иборатлиги асосланган;
шоирнинг фразеологик бирликлардан фойдаланишдаги ўзига хос новаторлиги фраземаларни қўллаш жараёнида турғун бирикмаларнинг маъно қамровини нутқни бойитиш ва образли метафорик контекст яратишда намоён бўлиши кўрсатиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
И.Юсупов асарларидаги фразеологизмларнинг услубий қўлланилишини ўрганиш жараёнида олинган илмий натижалар асосида:
шоир асарларида фраземаларнинг лексик-семантик ва функционал-стилистик хусусиятлари илмий-назарий умумлашмалардан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар илмий-тадқиқот институтида 2012–2016 йилларда бажарилган ФА-Ф1-Г003 рақамли «Ҳозирги қорақалпоқ тилида функционал сўз ясалиши» мавзусидаги лойиҳани амалга оширишда, хусусан, фраземаларни структур-семантик ўзгартириш усуллари ва функционал-стилистик қўлланиш жараёнини тадқиқ этишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2018 йил 22 ноябрдаги 225/1-сон маълумотномаси). Натижада шоирнинг индивидуал фраземалар яратишдаги ўзига хос новаторлиги аниқланган;
И.Юсупов асарларида фразеологизмларнинг услубий қўлланилиши, адабий меросининг миллий ўзликни англашдаги аҳамияти ва уларни ёш авлод маънавий дунёси бойитишдаги ролига доир илмий хулосалардан Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг 2017 йил сентябрь ва 2018 йил февраль ойларидаги «Гавҳар сўзлар» кўрсатуви ҳамда «Адабиёт ва давр» маданий-маърифий эшиттиришида фойдаланилган (Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг 2018 йил 2 мартдаги 01-02/88-сон маълумотномаси). Натижада шоир ижодий меросининг аҳамиятини, унинг фразеологик бирликлардан фойдаланиш маҳоратини очиб беришда ва кенг халқ оммасининг бадиий адабиётга бўлган қизиқишини янада кучайтириш ва китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилган;
шоирнинг поэтик асарларида қаҳрамонларнинг турли психологик ҳолатлари ёритилгани ва комил инсон тарбиясидаги роли, ҳаёти ва адабий мероси бўйича кўргазма ташкил этишда Бердақ Миллий музейида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2018 йил 15 октябрдаги 2-03/1885-сон маълумотномаси). Натижада И.Юсупов асарларининг аҳамияти, ижодининг ўзига хослиги янада кенг очиб бериига хизмат қилган;
ҳозирги қорақалпоқ адабиётининг йирик намояндаси И.Юсупов асарларидаги ибораларнинг ўзига хос хусусиятлари ва бадиий тафаккурнинг янгиланишига доир илмий қарашлар Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмасининг ёш истеъдодлар маҳоратини оширишга бағишланган семинарларда фойдаланилган (Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмасининг 2018 йил 16 октябрдаги 148-сон маълумотномаси). Натижада шоир асарларидан олинган иборалар орқали қаҳрамоннинг турли психологик ҳолатларини яратишда ва образли тасвирлашдаги бадиий маҳорати такомиллаштирилган;
фразеологизмлар семантикаси, турғун сўз бирикмаларининг таркиби ва услубий вазифаларига доир илмий-назарий хулосалардан умумтаълим мактабларининг 6 ва 10-синфларида ўқитиладиган «Она тил» ва «Қорақалпоқ тил ва адабиёти» фанларининг мазмунини такомиллаштиришда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2018 йил 4 октябрдаги 01-01/03-4083-сон маълумотномаси). Бу билан умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиладиган «Она тил» ва «Қорақалпоқ тил ва адабиёти» дарсларида турғун сўз бирикмаларига оид мавзуларнинг мазмунини такомиллаштиришга эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish