Олий аттестация комиссияси томонидан илмий даражалар берувчи илмий кенгашлар раислари ва илмий котиблари иштирокида онлайн ишчи семинар ташкил этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги ПФ–98-сон «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармонининг асосий мақсадлари ва илмий аттестация тизимида назарда тутилган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Семинарни ОАК раиси М. Аминова олиб борди. Унда амалдаги илмий аттестация тизимида йиллар давомида тўпланиб қолган ортиқча бюрократик тартиб-таомилларни қисқартириш, жараёнларни соддалаштириш ҳамда илмий кенгашларнинг мустақиллигини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бири — илмий даражалар бериш ваколатларини босқичма-босқич марказлашмаган тизимга ўтказиш, илмий кенгашларга кенгроқ академик мустақиллик бериш билан бир қаторда, уларнинг қабул қиладиган қарорлари ва илмий тадқиқотлар сифати учун масъулиятини кучайтиришдан иборат.
Семинар давомида илмий кенгашлар раислари ва илмий котиблари томонидан Фармон мазмун-моҳияти, ислоҳотларнинг мақсадлари ҳамда мавжуд тизимдаги муаммолар юзасидан саволлар ва фикр-мулоҳазалар билдирилди. ОАК раҳбарияти ва масъул ходимлари томонидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, янги тизимга ўтиш тартиби ва унинг амалий жиҳатларига бағишланган алоҳида семинарлар декабр ойида ташкил этилиши маълум қилинди. Ушбу учрашувларда янги тартиб-таомиллар ва илмий кенгашлар фаолияти билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама қилиниши режалаштирилмоқда.
ОАК илмий ҳамжамият билан очиқ мулоқотни давом еттириб, ислоҳотларни амалга оширишда илмий кенгашларнинг фикр ва таклифларини инобатга олишга алоҳида эътибор қаратади.
ОАК Ахборот хизмати.