
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 26-майдаги ПФ–98-сон “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, 2027-йил 1-январдан бошлаб илмий даражалар беришнинг янги тизими жорий этилади.
Шу муносабат билан Олий аттестация комиссияси (ОАК) Раёсатининг 2026-йил 29-октябрдаги 391/2-сонли қарори билан амалдаги тартиб бўйича диссертация ҳимоялари тўғрисида OAK веб-сайтида эълон бериш жараёни 2026-йил 30-ноябрдан якунланиши маълум қилинади. Шунга кўра, ОАК веб-сайтида эълон бериш учун аттестация ҳужжатларини тақдим этишни жорий йилнинг 13-ноябрига қадар давом эттириш белгиланди. ПФ–98-сон Фармоннинг 7-бандига мувофиқ диссертация ҳимояси тўғрисида эълони берилган барча талабгорларнинг диссертация ҳимоясини жорий йилнинг 31-декабрига қадар ўтказиш назарда тутилган.
Талабгорлар, илмий кенгашлар ва илмий кенгашлар қошидаги илмий семинарлар раҳбарияти диққатига!
Илмий кенгаш томонидан диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиш, диссертацияни ҳимояга қабул қилиш каби жараёнларда низом талабларида белгиланган қоидалар ва муддатларга риоя қилган ҳолда якунлаш зарурлигини инобатга олишингизни сўраймиз.
Агар мазкур жараёнларни белгиланган муддатларда тўлиқ якунлаш имконияти бўлмаса, диссертация ҳимоясини 2027-йил 1-январдан бошлаб жорий этиладиган янги тизим асосида ташкил этишни режалаштириш тавсия этилади.
Тадқиқотчилар учун хавотирга ўрин йўқ!
Диссертацияларни ҳимояга қабул қилиш жараёнлари янги тасдиқланадиган низомлар асосида 2027-йил 1-январдан узлуксиз давом этади.Янги тартибга кўра:
- Илмий кенгашлар янги норматив ҳужжатлар асосида шакллантирилади;
- Илмий кенгашларнинг мустақиллиги ва масъулияти оширилади. Улар диссертация ҳимояларини ташкил этиш ва илмий даражалар бериш бўйича кенгроқ ваколатларга эга бўлади;
- Илмий кенгашлар томонидан илмий даражаларда тасдиқланган шахсларнинг аттестация ишларини ОАК танлов асосида текширишни амалга оширади.
Янги тизимнинг асосий мақсади — илмий даражалар бериш жараёнини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тартибларни қисқартириш ва илмий кенгашларнинг мустақиллигини оширишдан иборат.
Янги тартиблар, уларни амалга ошириш механизмлари ва илмий кенгашлар фаолияти юзасидан қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда эълон қилинади.
ОАК Ахборот хизмати.