31 октябр куни Олий аттестация комиссияси раиси Мунира Аминова Германиянинг “Лейбниц номидаги ўтиш иқтисодиётига эга мамлакатларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш институти” (Leibniz Institute of Agricultural Development in Transition Economies  - IAMO) директори Thomas Glauben ҳамда мазкур институт катта илмий ходими, ўзбек олими Ихтиёр Бобожоновни қабул қилди.
 
Учрашувда Ўзбекистонда илмий-тадқиқот фаолиятини халқаро миқёсда ривожлантириш, миллий илмий салоҳиятнинг халқаро илмий ҳамжамиятга интеграциялашувини кучайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчиларнинг нуфузли халқаро илмий конференциялар, симпозиум ва форумларда иштирокини кенгайтириш, илмий натижаларини халқаро майдонда тақдим этиш, хорижий илмий муассасалар ва етакчи олимлар билан қўшма тадқиқотларни йўлга қўйиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, амалдаги диссертация ва диссертация авторефератларини тайёрлаш ва расмийлаштириш амалиётини такомиллаштириш, халқаро тажриба асосида илмий аттестация жараёнларини янада такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Учрашувнинг муҳим йўналишларидан бири турли фан соҳалари бўйича докторантлар учун илмий тадқиқот методологиясига оид қўшма ўқув курсларини ташкил этиш ташаббуси бўлди. Бундай ҳамкорлик ёш тадқиқотчиларнинг замонавий тадқиқот усулларини ўзлаштириши, илмий ишлар сифатини ошириши, халқаро илмий талаб ва стандартлар билан танишиши ҳамда академик алоқаларини мустаҳкамлаши учун муҳим имконият яратади. Эътиборлиси, бундай илмий ҳамкорлик Ўзбекистонда амалга оширилган илмий тадқиқот натижаларининг халқаро миқёсда ҳам тан олиниши ва илмий алоқаларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Учрашув илмий-тадқиқот соҳасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илм-фан интеграциясини кучайтириш ва мамлакатимизда илмий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.


ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish