Олий аттестация комиссияси раиси Мунира Аминова раҳбарлигида жамоа аъзолари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилди. 
Йиғилишда комиссия фаолиятини янада самарали ташкил этиш, жамоатчиликда ташкилот имиджига нисбатан шаклланган салбий муносабатни ўзгартириш ва аттестация ишлари сифатини ошириш масалаларига алоҳида урғу берилди. Шунингдек, фаолиятда холислик, шаффофлик ва очиқлик тамойилларига устувор аҳамият бериш зарурлиги таъкидланди.


— Маълумки, дунё мамлакатларининг аксариятида илмий даража ва илмий унвонлар давлатдан мустақил равишда олий таълим ва илмий ташкилотлар томонидан берилади, — деди М. Аминова.
— Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 26 майдаги «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ–98-сон Фармонида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг устувор йўналишлари учун илғор ечимлар ярата оладиган янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, илмий кенгашлар фаолиятига замонавий ёндашувларни татбиқ этиш, изланувчиларни тайёрлашда устуворлик механизмларини жорий этиш каби муҳим вазифалар белгиланди. 
Шу нуқтаи назардан, йиғилишда Олий аттестация комиссияси ходимларининг масъулиятига, хусусан, давлат хизматчиси сифатидаги вазифаларини қонунчилик ва низомлар асосида бажаришига алоҳида эътибор қаратилди. Ходимларга иш фаолиятида замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, сунъий интеллект имкониятларини чуқур ўрганиши, касбий ҳалоллик ва холисликка қатъий амал қилиши ҳамда ўз ўрнида, маълумотлар махфийлигини таъминлаши юзасидан масъулиятини янада ошириши лозимлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида ОАК фаолиятини янада такомиллаштириш, аттестация жараёни сифатини ошириш ва ташкилот имижини яхшилаш бўйича зарур чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланди.

ОАК Ахборот хизмати

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish