Таълим ва илмий-тадқиқотлар сифатини ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва курсантлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси в.в.б., техника фанлари доктори, профессор Абдулазиз Шермухамедов Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академиясида бўлди.
Ташриф давомида Академияда таълим жараёнини самарали ташкил этиш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, илмий салоҳиятни юксалтириш ҳамда илмий кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.

Шунингдек, Академиянинг ўқув аудиториялари, илмий-тадқиқот фаолияти учун мўлжалланган хоналари, моддий-техник базаси ҳамда таълим олувчилар учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Илмий фаолиятни янада ривожлантириш, илмий даражали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини ошириш ва таълим сифатини такомиллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди. Мазкур ташриф Академияда таълим ва илм-фан интегратсиясини мустаҳкамлаш, илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари ҳамда олий таълимдан кейинги таълим институти мустақил изланувчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 26-май кунидаги “Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-98-сон қарорининг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида, “Илмий кадрларни тайёрлаш тизимида ислоҳотлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси раиси в.в.б., техника фанлари доктори, профессор Шермухамедов Абдулазиз Адилхакович ўз маърузаси билан иштирок этиб, аттестация жараёнидаги янгиликлар ва келгуси вазифалар юзасидан маълумот берди.
Учрашув якунида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси илмий тадқиқотчиларининг саволларига батафсил жавоблар берилди.
ОАК Ахборот хизмати