Саибов Маъруф Фархадовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Майдалаш-эзиш ускуналари юритмасининг деталларини термик ва механик ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш”, 05.02.01 – “Машинасозликда материалшунослик. Қуймачилик. Металларга термик ва босим остида ишлов бериш. Қора, рангли ва ноёб металлар металлургияси. Камёб, нодир ва радиоактив элементлар технологияси (қуймачилик ва металларга ишлов бериш йўналиши)” ихтисослиги.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B.2026.1.PhD/Т6449
Диссертация бажарилган муассаса номи: Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети хузуридаги DSc.03/2025.27.12.Т.02.04 рақамли Илмий Кенгаш.
Илмий раҳбар: Эгамбердиев Илхом Пулатович, техника фанлари доктори, профессор.
Расмий оппонентлар: Дуняшин Николай Сергеевич, техника фанлари доктори, профессор; Шарипов Жамшид Олимович, доцент, техника фанлари бўйича фалсафа доктори.
Етакчи ташкилот: Олмалиқ давлат техника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади майдалаш-эзиш ускуналари юритмасининг деталларини термик ва механик ишлов бериш технологиясини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзгарувчан ишорали юкланиш ва абразив ейилиш шароитларида ишлайдиган вал-шестернянинг тузилиши шаклланиши, фазавий таркиби ва механик хусусиятларига таъсир кўрсатадиган оптималлаштирилган термик ишлов бериш режими ишлаб чиқилган;
34ХН3МА маркали ўрта легирланган пўлатда такомиллаштирилган термик ишлов бериш технологияси асосида термодинамик таҳлил ва фаза ўзгаришлари кинетикасининг ҳарорат шароитларини аниқлаш ва структурани башорат қилиш имконини берувчи усули ишлаб чиқилган;
бир жинсли ва барқарор тузилмани шакллантириш учун металлнинг структуравий ҳолатини бошқаришга қаратилган вал-шестерняларга юқори ҳароратли термомеханик ишлов бериш технологияси ишлаб чиқилган;
фазавий таркиб, структуранинг дисперслиги ва қолдиқ кучланишларнинг тақсимланишини комплекс таҳлил қилиш асосида вал-шестернянинг конструктив мустаҳкамлигини башорат қилиш усули такомиллаштирилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Майдалаш-эзиш ускуналари юритмасининг деталларини термик ва механик ишлов бериш технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижаларга асосланиб:
Навоий машинасозлик заводида майдалаш-эзиш ускуналари юритмаларида буралишга ва ейилишга ишлайдиган вал-шестерня деталларига термик ишлов бериш режими жорий этилди (Навоий кон-металлургия комбинати АЖ Сертификат рақами 02-07/02/511, 2026-йил 16-январ). Натижада материалнинг ейилишга бардошлилиги 10% га, буралишга мустаҳкамлиги 8-12% га ва ишлаш вақти 15% га ошган.
Навоий машинасозлик заводида ўрта легирланган пўлатларга янги таклиф этилган термик ишлов бериш технологияси асосида, ҳарорат шароитларига боғлиқ ҳолда фаза ўзгаришлари кинетикасини термодинамик таҳлил қилиш усули жорий этилди (Навоий кон-металлургия комбинати АЖ Сертификат рақами 02-07/02/511, 2026-йил 16-январ). Натижада, термик ишлов беришдан кейин пўлат тузилмасида сорбит ва троостит фазаларни ҳосил бўлиш ҳарорат оралиқлари 7-10 % га ошган.
Навоий машинасозлик заводида майдалаш-эзиш ускуна юритмасини вал-шестерня деталига юқори ҳароратли термомеханик ишлов бериш технологияси жорий этилди (Навоий кон-металлургия комбинати АЖ Сертификат рақами 02-07/02/511, 2026-йил 16-январ). Натижада, метал тузилмасида донадорлик чегаралари зичлиги 7 % га ошган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish