Рахимова Фароғатхон Икромовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Касбий таълим ташкилотларида педагогик кадрларни тайёрлашда дуал таълимни ташкил этиш методикасини такомиллаштириш (40110104-Мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси касби мисолида)”, 13.00.05 – Касб-ҳунар таълими назарияси ва методикаси (педагогика фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.3.PhD/Ped2314.
Илмий раҳбар: Худайбердиев Зайниддин Явкачевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Касбий таълимни ривожлантириш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Касбий таълимни ривожлантириш  институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи, DSc.02/2025.27.12.Ped.01.01.
Расмий оппонентлар: Исмаилова Зухра Карабаевна, педагогика фанлари доктори, профессор; Кубаева Мавлуда Бахтиёр қизи, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: амалий ва назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади касбий таълим ташкилотларида бўлажак мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиларини тайёрлашда дуал таълимни ташкил этиш методикасини такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
бўлажак мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиларини дуал таълим асосида тайёрлашнинг касбий педагогик шарт-шароитлари тизимини (ташкилий-бошқарув, дидактик-методик, психологик-педагогик, моддий-техник) уларнинг ўзаро функсионал боғлиқлиги ва яхлитлигини таъминлаш асосида аниқлаштирилган;
касбий таълим ва мактабгача таълим ташкилоти ҳамкорлигига асосланган дуал таълимнинг такомиллаштирилган таркибий-функсионал модели контекстуал интеграция, фаолиятли-ривожлантирувчи ёндашув, профессионал ижтимоийлашув, рефлексив амалиёт ва шахсга йўналтирилганлик тамойиллари асосида мақсадли, мазмуний, технологик ва диагностик блокларнинг ўзаро функсионал яхлитлигини таъминлаш орқали ишлаб чиқилган;
бўлажак тарбиячиларнинг касбий компетенсияларини ривожлантиришга йўналтирилган дуал таълим методикаси назарий ва амалий тайёргарликни “2+4” ўқув графиги асосида синхронлаштириш, ўқув-иш вазифаларини босқичма-босқич лойиҳалаш ҳамда устоз ва координатор ҳамкорлигини таъминлаш асосида такомиллаштирилган;
бўлажак тарбиячиларнинг касбий компетенсиялари шаклланганлик даражасини баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари техникум ҳамда мактабгача таълим ташкилотидаги натижаларни бирлаштирган ҳолда, Даража–Мезон–Кўрсаткич (ДМК) тизими асосида ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бўлажак мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиларини тайёрлашда дуал таълимни ташкил этиш методикасини такомиллаштириш бўйича ўтказилган тадқиқотлар натижалари асосида:
бўлажак тарбиячиларни дуал таълим асосида тайёрлашнинг педагогик шарт-шароитлари (ташкилий-бошқарув, дидактик-методик, психологик-педагогик, моддий-техник) тизимини аниқлаштиришга оид илмий-методик таклифлар техникум ва МТТ ҳамкорлигида ишлаб чиқилган интеграциялашган ўқув дастурлари ва методик таъминот мазмунига сингдирилган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 18-мартдаги №04/17-1708-сонли маълумотномаси). Натижада техникум ва МТТ ўртасидаги ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш ҳамда бўлажак тарбиячиларнинг амалий тайёргарлиги сифатини оширишга хизмат қилган;
техникум ва МТТ ҳамкорлигига асосланган дуал таълимнинг такомиллаштирилган таркибий-функсионал модели (мақсад, мазмуний, технологик ва диагностик блоклар)ни амалиётга татбиқ этишга оид таклиф ва тавсиялар тажриба-синов базаси бўлган педагогика техникумлари таълим жараёнига жорий этилган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 18-мартдаги №04/17-1708-сонли маълумотномаси). Натижада назария ва амалиёт интеграциясини кучайтириш ҳамда таълим жараёнини меҳнат бозори талабларига яқинлаштиришга хизмат қилган;
бўлажак тарбиячиларнинг касбий компетенсияларини ривожлантиришга йўналтирилган дуал таълим методикасини (назария ва амалиётни синхронлаштириш, “2+3” графиги, ўқув-иш вазифалари, устозлик ва координаторлик ҳамкорлиги) амалиётга татбиқ этишга доир методик ишланмалар “Таълим-тарбия жараёнини режалаштириш, кузатиш ва баҳолаш” ўқув қўлланмаси ҳамда устоз ва координаторлар учун услубий қўлланмалар мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 9-июндаги 236/9-03 рақамли ўқув адабиётининг нашр рухсатномаси). Натижада бўлажак тарбиячиларнинг амалий кўникмалари ва касбий компетенсияларини реал иш фаолияти шароитида самарали шакллантиришга хизмат қилган;
дуал таълим методикаси самарадорлигини баҳолашнинг Даража–Мезон–Кўрсаткич (ДМК) тизимига асосланган мезонлари, кўрсаткичлари ва диагностик воситалари (рубрикалар, кузатув варақлари, портфолио, демонстрацион имтиҳон) ишлаб чиқилган ва тажриба-синов ишларига жорий этилган (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2026-йил 18-мартдаги №04/17-1708-сонли маълумотномаси). Натижада бўлажак тарбиячиларнинг касбий компетенсиялари шаклланганлик даражасини обектив ва ишончли баҳолаш имкониятини яратишга хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish