Олий аттестация комиссиясида “Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида маънавий-марифий тадбир ўтказилди. Унда Олий аттестация комиссияси жамоаси иштирок этди.

Тадбирни Олий аттестация комиссияси раиси вазифасини бажарувчи А.Шермухамедов очар экан, ўзбек тилининг илм-фан тили сифатидаги ривожида ҳар бир олим ва илмий тадқиқотчилар фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этаётгани эътироф этилди. Хусусан, бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган илмий тадқиқотлар бўйича тайёрланадиган диссертация авторефератлари тадқиқот қайси тилда ёзилишидан қатъи назар дастлаб ўзбек тилида берилиши муҳим қоидага айлангани таъкидланди. Бу ҳам албатта ўзбек тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузининг ошишида алоҳида ўрин тутади. Зеро, ўзбек тили ҳар қандай замонавий илмий тадқиқотларни баён этиш салоҳиятига эгадир.
Шундан сўнг тадбирда меҳмон сифатида иштирок этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари таниқли шоир Ғайрат Мажид сўзга чиқиб, 1989 йил 21 октябрда ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши халқимиз ҳаётида шубҳасиз буюк ва тарихий воқеа бўлганлигини ҳамда Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини қўлга киритилишида мазкур қарорнинг аҳамияти юксак эканини билдирди. Бугунги кунда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида”ги Қонуннинг тарихий ўрни ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, давлат тилини ривожлантиришга қаратилган ишларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 10 апрель куни Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунини имзолагани она тилимизнинг нафақат Ватанимизда балки дунёнинг турли давлат ва минтақаларида ҳаёт кечираётган миллатдошларимиз томонидан ҳам муҳим байрам санаси сифатида нишонланишига эътибор қаратди.
.jpg)
Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов эса ўз чиқишида она тилимиз алифбосидаги бугунги янгиланишларнинг аҳамияти ва долзарблигига тўхталар экан, ўзбек тилининг туркий тиллар ривожи ва оммалашувидаги нуфузини Маҳмуд Кошғарий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди асосида тавсифлаб бергани аҳамиятли бўлди.
Дарҳақиқат бугунги кунда бутун дунёда 21-октябрнинг “Ўзбек тили байрами куни” сифатида нишонланиши Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларидан бири саналган маънавий қадриятимиз – она тилимизнинг юксак эътиборда эканлигини яна бир бор намоён этмоқда.
ОАК Ахборот хизмати