Максудова Людмила Алексеевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Влияние наносов на режим эксплуатации насосных станций”, 05.09.06 – “Гидротехника ва мелиорация қурилиши” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2024.1.PhD/T4524
Илмий раҳбарнинг Ф.И.Ш., илмий даражаси ва унвони:
техника фанлари доктори, профессор Базаров Дилшод Райимович.
Диссертация бажарилган муассаса номи: «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ҳузуридаги DSc.03/30.12.2019.Т.10.02 рақамли Илмий Кенгаш.
Расмий оппонентлар:
Файзиев Хомитхон- Тошкент архитектура-қурилиш университети профессори, техника фанлари доктори (05.09.06).
Шакиров Бахтиёр Махмудович- Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти профессори, техника фанлари доктори, (05.09.06);
Етакчи ташкилот – Тошкент давлат техника университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади насос станцияларининг эксплуатация режимига оқизиқларнинг таъсирини баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
насос станциялари аванкамераларида муаллақ оқизиқлар концентрацияси ва гранулометрик таркибини инобатга олган ҳолда, оқизиқ заррачаларининг чўкиш траекториясини ҳисоблаш усули ишлаб чиқилган;
оқизиқлар концентрацияси ва оқим лойқалигининг мавсумий ўзгаришини инобатга олган ҳолда, ўқий насос агрегатлари оқим ўтиш қисми элементларининг гидроабразив ейилиши ва эксплуатацион кўрсаткичларига таъсир этиш қонуниятлари аниқланган;
ишчи ғилдирак парракларининг гидроабразив ейилиш даражасини инобатга олган ҳолда, насос станциялари аванкамераларидаги рационал сув сатҳлари ҳамда насос агрегатларининг сув узатиш режимларини тартибга солиш параметрлари асосланган;
тескари оқимларни сўндириш, оқизиқлар чўкиш жадаллигини камайтириш, энергия сарфини пасайтириш ва насос агрегати фойдали иш коэффициентини ошириш имконини берувчи ўқий насоснинг йўналтирувчи аппарати конструкцияси оқизиқларга қарши қурилма билан уйғунлаштириш асосида такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
насос станциялари аванкамераларида оқизиқлар концентрациясини инобатга олган ҳолда заррачаларнинг чўкиш траекториясини ҳисоблаш усули ҳамда насос станциясининг ишлаш режимига мос равишда аванкамерадаги оқизиқларни чиқариб ташлаш учун ишлаб чиқилган янги қурилма схемалари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қарши магистрал канали фойдаланиш бошқармасида амалиётга жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 2 декабрдаги 03/20-6350-сон маълумотномаси). Натижада, насос станцияси аванкамерасини оқизиқлардан тозалаш харажатлари ва электр энергияси йўқотишларини камайтириш ҳисобига йилига 40–250 миллион сўм маблағни иқтисод қилиш, шунингдек, сув қабул қилиш иншоотлари тубида оқизиқларнинг чўкишини олдини олиш ва насос агрегатларининг эксплуатацион кўрсаткичларини яхшилаш имконияти яратилган;
насос станцияларининг эксплуатацион самарадорлигини ошириш мақсадида ишлаб чиқилган насос агрегати йўналтирувчи аппаратининг конструктив элементлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасида амалиётга жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 2 декабрдаги 03/20-6350-сон маълумотномаси). Натижада, насос станциясининг сув узатиш самарадорлигини 15 фоизгача ошириш имконияти яратилган;
насос станцияларида оқизиқлар киришини олдини олиш ҳисобига сув узатиш самарадорлигини ошириш учун ишлаб чиқилган қурилмани жойлаштиришнинг гидравлик схемаси Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қарши магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасида амалиётга жорий этилган (Сув хўжалиги вазирлигининг 2025 йил 2 декабрдаги 03/20-6350-сон маълумотномаси). Натижада, насос станцияси аванкамерасини оқизиқларидан тозалаш ва электр энергияси йўқотишларини камайтириш ҳисобига эксплуатация харажатларини 5–15 фоизгача тежаш имконияти яратилган.