Абдусаматов Мунимжоннинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг илмий асослари ва хўжалик ичидаги суғориш тизимларининг ишлашини такомиллаштириш масалалари (Вахш ҳавзаси ҳудудининг қуйи қисми шароитида)”, 06.01.02–Мелиорация ва суғорма деҳқончилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Илмий маслаҳатчи: Раҳматиллоев Раҳмонқул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Норқулов Усмонқул, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ш.Шотемур номидаги Тожикистон аграр университети ва ТМФА Сув муаммолари, гидроенергия ва экология институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.08/2025.27.12.Qx.02.01.
Расмий оппонентлар: Исашов Анваржон, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Матякубов Бахтияр Шамуратович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Жўраев Умид Анварович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва сув ифлосланишининг олдини олиш, хўжалик ичидаги суғориш тизимларининг ишлашини такомиллаштириш, коллектор-дренаж ва оқова сувлардан қайта фойдаланишнинг илмий асосларини яратиш, шунингдек, ғўзани суғоришни механизациялаш ва автоматлаштиришни ишлаб чиқиш ва жорий этишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
биринчи марта алоҳида ҳавза зонасида суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ўрганилган ва уларни яхшилашнинг илмий асослари ишлаб чиқилган;
“Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш” давлат муассасаси учун ушбу ташкилотнинг мақсад ва вазифаларига мос келадиган янги, самаралироқ тузилма таклиф қилинган;
сувни суғориш каналлари орқали тақсимлаш ва тупроқ каналларини ортиқча ўсимликлардан тозалаш бўйича технологик ечимлар таклиф қилинган;
ерларни суғориш учун коллектор-дренаж ва оқова сувларини қайта ишлатиш бўйича илмий асосланган тавсиялар таклиф қилинган;
биринчи марта Тожикистонда эгатлар бўйлаб дискрет суғоришнинг (вақтинчалик) технологик схемалари ўрганилган ва мақбуллари аниқланган;
махсус муҳофаза қилинадиган сув ҳудудларини сув ресурслари билан таъминлаш бўйича илмий асосланган тавсиялар таклиф қилинган;
биринчи марта “Тигровая Балка” қўриқхонаси ўсимликлари ва кўлларининг сув истеъмоли талаблари аниқланган;
Вахш ҳавзаси ҳудудининг қуйи қисмидаги иккита хўжаликда эгатлаб суғориш учун АШУ-32 ва АШУ-4 автоматлаштирилган шланг қурилмалари тадқиқ қилиниб, ерусти суғоришнинг мақбул элементлари аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашнинг илмий асослари ва хўжалик ичидаги суғориш тизимларининг ишлашини такомиллаштириш масалалари (Вахш ҳавзаси ҳудудининг қуйи қисми шароитида) мавзуси бўйича олиб борилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида: 
Вахш ҳавзаси ҳудудидаги иккита хўжаликнинг 32 гектар пахта далаларида АШУ-32 ва АШУ-4 шланг қурилмаларидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган суғориш технологияси жорий этилган ва АШУ-32 шланг қурилмасини техник жиҳатдан такомиллаштириш учун еттита муаллифлик гувоҳномаси олинган, Вахш магистрал каналининг канал ҳудудида тахминан 90 000 гектар майдонда хўжалик ичидаги суғориш тизимларини модернизация қилишни лойиҳалашда формулалар ва номограммалар қўлланилган (“Тожикгипроводхоз” лойиҳалаш институтининг 2025-йил 2-декабрдаги 136-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу формулаларни жорий этиш хўжалик ичидаги тармоқ самарадорлигини 20% гача оширган ва тахминан 6000-8000 гектар кичик майдонларни суғориш учун коллектор ва дренаж сувларидан қайта фойдаланиш имконини берган;
суғориладиган ерларнинг мелиоратив кадастри методологияси 1986–1989 ва 2018-2021 йилларда Вахш ҳавзаси ҳудудининг 8 та туманида жами 170 000 гектар майдонда қўлланилган (Тожикистон Республикаси “НМСОЗ” давлат муассасасининг 2025-йил 28-ноябрдаги 1/0-85-сонли маълумотномаси). Натижада, мазкур мелиоратив кадастри методологиясини қўллаш орқали 8 та туманда суғориш тизимининг иш фаолиятини яхшилаш ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилган.
“Тигровая Балка” қўриқхонасининг 8844 гектар, жумладан, кўллар майдони 2712 гектар ва ўсимликлар майдони 6132 гектар бўлган ҳудудининг меъёрий фаолият юритиши учун зарур умумий сув ҳажми — 90 миллион м³ илмий жиҳатдан аниқланган ва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига тақдим этилган (Тожикистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг 2025-йил 1-декабрдаги 2/11-03-2730-сонли маълумотномаси). Натижада, “Тигровая Балка” қўриқхонасининг эҳтиёжларини қондириш учун аниқланган сув сарфи ва оқим тезлиги асосида қўриқхона ҳудуди меъёрий фаолият юритиши барқарор таъминланишига эришилган.
суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати ёмонлашувининг сабаблари ва уни яхшилашнинг назарий асослари, шунингдек, автоматлаштирилган шланг қурилмалари жорий этиш, коллектор-дренаж ва оқова сувлардан қайта фойдаланиш бўйича ишланмалар Мелиорация ва суғориш агентлигига тақдим этилган (Тожикистон Республикаси Мелиорация ва суғориш агентлигининг ЭМ52884814-сонли маълумотномаси). Натижада, ушбу илмий тадқиқот натижаларидан Тожикистон Республикасининг 2026–2030-йилларга, шунингдек, 2040 ва 2050-йилларгача мўлжалланган мелиорация, суғориш ва сув истеъмолчилари уюшмаларини ривожлантириш консепсияси, стратегияси ва дастурлари лойиҳаларини ишлаб чиқишда, шунингдек, сув истеъмолчилари уюшмаларининг хўжалик ичидаги суғориш тизимларини бошқариш бўйича ўқув семинарларини ўтказишда самарали фойдаланилган. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish