Ахмедов Шахобиддинхон Аббос ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Шаҳарларда автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини режалаштириш усулларини такомиллаштириш”, 18.00.02 – “Раёнлаштириш. Шаҳарсозлик. Қишлоқ турар жойларини режалаштириш. Ландшафт архитектураси. Бино ва иншоотлар архитектураси” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2025.3.PhD/Т6069.
Илмий раҳбар: Хотамов Асадулла Тоштемирович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент архитектура-қурилиш университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилиш университети ҳузуридаги PhD.03/2026.09.01.Т.03.М рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Содиқов Жамшид Иброҳим ўғли, техника фанлари доктори, профессор. Матниязов Зафар Эркинович, архитектура фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), профессор.
Етакчи ташкилот: “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДМ.
Диссертация йўналиши. Техника йўналиши. Назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади:
Шаҳарларда автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини шаҳарсозлик, иқтисодий, экологик ва иқлимий омилларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш усулларини такомиллаштириш бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
шаҳарларда автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини режалаштириш жараёнида транспорт оқимларининг жадаллиги, ҳудудларнинг функсионал тузилмаси ҳамда замонавий автомобилларнинг габарит ўлчамларини комплекс ҳисобга олишга асосланган илмий-методик ёндашув такомиллаштирилган;
автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини режалаштиришда транспорт талаби, кўча тоифаси, жойлаштириш бурчаги, геометрик самарадорлик ва хавфсизлик кўрсаткичларининг функсионал боғлиқлигига асосланган комплекс геометрик-функсионал модел ишлаб чиқилган ҳамда режалаштириш вариантларини оптималлаштириш механизми шакллантирилган;
геометрик самарадорлик, транспорт талабига мослик, хавфсизлик ва эксплуатацион самарадорлик кўрсаткичларини ягона интеграл мезонга бирлаштирувчи Режалаштириш самарадорлиги индекси (РСИ) математик модели ишлаб чиқилган ва уни ҳисоблаш алгоритми яратилган;
автомобилларни 0°, 30°, 45°, 60°, 75° ва 90° бурчакларда жойлаштиришда сиғим, геометрик йўқотиш майдони ва маневр йўлаги параметрларининг ўзаро боғлиқлиги аниқланган ҳамда кўча тоифаси ва фойдаланиш шароитига қараб жойлаштириш бурчагини дифференциал танлаш усули ишлаб чиқилган;
транспорт оқимларининг жадаллиги, автомобиллар сонининг ўсиш суръатлари ҳамда шаҳар ҳудудларининг функсионал зоналарини ҳисобга олган ҳолда автомобил тўхташ ва сақлаш жойларининг сиғимини аниқлашнинг ҳисоблаш усули таклиф этилган;
шаҳар ҳудудларида автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини жойлаштиришда транспорт инфратузилмаси, ҳудудий режалаштириш омиллари ҳамда автомобиллашув даражасини комплекс ҳисобга олиш асосида уларнинг оптимал жойлашувини аниқлаш бўйича илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV.Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертациянинг илмий янгиликлари асосида ишлаб чиқилган шаҳар кўча-йўлларининг асосий таснифи, шаҳар кўча-йўл тармоғи классификацияси ва умумий талаблари ҳамда шаҳарнинг функсионал вазифасига қараб шаҳар кўча-йўлларини лойиҳалашга боғлиқ илмий-амалий таклифлар амалиётда фойдаланиш учун қабул қилинган. Мазкур таклифлардан шаҳар аҳамиятидаги магистрал кўча-йўллар, туман аҳамиятидаги ва маҳаллий аҳамиятдаги кўча-йўлларни лойиҳалаш бўйича ишлаб чиқиладиган намунавий таклиф лойиҳаларида, шунингдек, техник меъёрлаш ва стандартлаштириш соҳасидаги келгуси фаолиятда фойдаланиш мумкинлиги белгиланган. Илмий тадқиқот натижалари шаҳар кўча-йўлларини лойиҳалаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва олий таълим муассасалари талабалари учун дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқишда фойдаланиш имконини беради (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Техник меъёрлаш ва стандартлаштириш илмий-тадқиқот институтининг 2024-йил 27-январдаги 14-сон далолатномаси).
Шу билан биргаликда, диссертация тадқиқотлари доирасида шаҳарларда автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини шаҳарсозлик, иқтисодий, экологик ва иқлимий омилларни ҳисобга олган ҳолда режалаштириш усулларини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган илмий асосланган таклиф ва тавсиялар, автомобил тўхташ ва сақлаш жойларининг шаклланиши ва ривожланишининг тарихий ва замонавий тенденсиялари, автотураргоҳларни режалаштиришга таъсир этувчи шаҳарсозлик, иқтисодий, санитария-гигиеник, экологик, иқлимий ва ёнғин хавфсизлиги омиллари аниқланганлиги ҳамда шаҳар кўча-йўл тармоғи ва турар-жой ҳудудлари учун автомобил сақлаш жойларини ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар амалиётда фойдаланиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигининг 2026-йил 16-июндаги 4/5456-сон маълумотномаси).
Шунингдек, диссертация илмий тадқиқот натижалари асосида шаҳар йўлларининг тоифасидан келиб чиқиб қатнов қисми четида замонавий талабларга мос равишда автомобилларни тўхташ ва сақлаш жойларини ташкил этишга хизмат қилувчи илмий-амалий таклифлар ишлаб чиқилган. Мазкур таклифлар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган қурилишларни тубдан янгилаш, жамоат транспорти инфратузилмасини ривожлантириш, шаҳар кўча-йўл тармоқларини модернизация қилиш ҳамда автомобилларни тўхташ ва сақлаш жойларини замонавий талабларга мос равишда ташкил этиш бўйича белгиланган вазифаларни амалга оширишда фойдаланиш учун тавсия этилган. Тадқиқот натижаларидан автомобил тўхташ ва сақлаш жойларини режалаштириш усулларини такомиллаштиришда фойдаланиш мақсадга мувофиқ деб топилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг 2026-йил 19-июндаги 34-06/7618-сон маълумотномаси).