Рустамова Шахноза Шухрат қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон 

 I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Локал электр тармоғига уланган кичик қувватли фотоелектрик станциянинг иш тавсифлари”, 05.05.06 – “Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари” (техника фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2023.3.PhD/Т2901.
Илмий раҳбар: Юлдошев Исроил Абриевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат техника университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.03/2025.28.11.Т.02.01.
Расмий оппонентлар: Узақов Ғулом Норбоевич, техника фанлари доктори, профессор; Турсунбаев Зҳанболот Жанишович техника фанлари доктори, профессор. (Қирғизистон Республикаси).
Етакчи ташкилот: Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: локал электр тармоғига уланган кичик қувватли фотоелектрик станциянинг иш тавсифларини яхшилашга қаратилган усуллар ва энергетик қурилмаларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
фотоелектрик модуллар юзасини термик усулда қор ва муз қопламасидан энергия тежамкор эритишни таъминловчи карбон асосидаги плёнкали инфрақизил электр иситгичнинг конструктив ечимлари ишлаб чиқилиб, улар асосида такомиллаштирилган фотоелектрик қурилма яратилган;
фотоелектрик модул фронтал сиртидаги қор ва муз қопламасининг эритилиши ҳамда тозаланиш жараёнининг математик модели энергия сақланиш қонунига асосланган иссиқлик баланси тенгламасига қуёш нурланиши оқим зичлиги ва мажбурий иссиқ ҳаво оқимининг конвектив таъсирини киритиш орқали такомиллаштирилган;
Ўзбекистон ҳудуди шароитида фотоелектрик модуллар фронтал сиртида қиров, муз ва қор қоплами ҳосил бўлиш хавфини астрономик кундузги даврда 0 °C ва ундан паст ҳарорат кузатиладиган соатлар давомийлиги (Ҳ2) ҳамда кунлар сони (Н2) кўрсаткичлари асосида баҳоловчи иқлимий-термик усул ишлаб чиқилиб, потенсиал музлаш хавфини тавсифловчи Имуз, индекси таклиф этилган
потоелектрик станциянинг тармоқ инверторларини паст кучланишли тақсимловчи электр тармоқларида юзага келадиган электр параметрларининг меъёридан ортиқ оғишларини аниқлаш ва улардан ҳимоялаш функсияларини интеграциялаш асосида инвертор носозликларининг олдини олиш имконини берувчи қўшимча ҳимоя ускунаси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Паст кучланишли электр тармоғига уланган фотоелектрик қурилмалари ва станцияларининг ишчи параметрлари ҳамда тавсифларини тадқиқ этиш натижасида олинган илмий натижалар асосида:
карбон асосидаги плёнкали инфрақизил электр иситгичнинг конструктив ечимлари асосидаги фотоелектрик қурилма учун Интеллектуал мулк марказининг фойдали моделига патенти олинган (Фотоелектрик қурилма, ФАП 2476, 23.02.2023 йил). Натижада модуллар сиртини қисқа вақт ичида қор ва муз қопламаларидан кичик солиштирма электр энергия сарфи  ва шовқинсиз тозалаш , шунингдек 10,8 кW пик қувватли фотоелектрик станция сиртини тозалаш учун 1,7 кW·соат электр энергиясини сарфлаш имконияти яратилган;
тармоқ инверторлари носозликларининг олдини олиш имконини берувчи қўшимча ҳимоя ускунаси учун Интеллектуал мулк марказининг фойдали моделига патенти олинган (Фотоелектрик станцияси тармоқ инверторини локал электр тармоғидаги гармоник ўзгаришлардан қўшимча ҳимоялаш ускунаси, ФАП 2732,  21.12.2022-йил). Натижада, электр параметрларининг меъёридан ортиқ оғишлари ва гармоник бузилишлар шароитида ишлаш барқарорлигини таъминланиб, 5,2% юқори самарадорликга эришилган ва уларнинг ишдан чиқиш эҳтимолини камайтириш ҳамда эксплуатацион ишончлилигини ошириш имкони яратилган;
фотоелектрик модул фронтал сиртидаги қор ва муз қопламасининг эритилиши ҳамда тозаланиш жараёнининг математик модели Сурхондарё вилояти, Узун тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимига жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг 2025-йил, 14-июлдаги № 04-24/6632-сон маълумотномаси). Натижада қор ва муз қопламасини бартараф этиш жараёнининг давомийлигини аниқ прогнозлаш ҳамда фотоелектрик станциянинг қишки эксплуатацион самарадорлигини ошириш имконияти яратилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish